Линклар

Қирғизистонда бир неча кундан бери 18-20 даража совуқ бўлаётганига қарамай, Бишкек, Тўқмоқ, Қант шаҳарларида аҳолининг катта қисми газсиз ва электрсиз қолмоқда. Парламент депутатлари энергетик бўҳронга йўл қўйган ҳукуматни "Дафн агентлиги" деб атамоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Бишкек шаҳрида 39 минг хўжалик газдан узиб қўйилган. Газ берилмай қолгани учун электр энергиясидан фойдаланиш миқдори белгиланган меъёрдан уч баробарга кўпайган. Бунинг оқибатида эса электр узаткичларда авария рўй бериб, шаҳарнинг кўпчилик мавзелари электр таъминотидан ҳам узилиб қолган. Бундай вазият Бишкекда 16 декабрдан бери давом этмоқда.

- Ўзбекистон ва Қозоғистондан келадиган газ босими кескин озайиб кетди. Соатига 50 минг куб метрдан газ олар эдик. Бугунги кунда эса бу миқдордан икки барабар оз газ берилаяпти. Кўп қаватли уйларда газ таъминоти узилмаслиги учун ҳовли уйларга газ беришни тўхтатишга мажбур бўлдик. Бунинг оқибатида электр энергиясидан фойдаланиш уч баробарга кўпайиб, авария ҳолатлари юзага кела бошлади, -деди Қирғизистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Райимбек Мамиров.

Ҳозирги пайтда Бишкекдаги бир қатор кўп қаватли уйларда ҳам газ таъминоти ўчириб қўйилгани айтилмоқда. “Қирғизгаз” ширкати раиси ўринбосари Куралбек Наскеевнинг айтишича, бугунги кунда Бишкекдаги ижтимоий объектларда газ таъминотини сақлаб қолиш учун барча имкониятлар ишга солинаяпти.

- Кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар, мактаблар, касалхоналарда газ таъминотини сақлаб қолиш керак. Катта миқдордаги қарзлари борлигига қарамай бу объектларни газ билан таъминлашда давом этаяпмиз. Уларнинг қарздорлиги 6,5 миллион долларни ташкил этади. “Қирғизгаз”нинг эса Қозоғистондан 3 миллион, Ўзбекистондан 200 минг доллар қарзи бор, -деди Куралбек Наскеев.

Энергетик бўҳронга йўл қўйилганидан норози бўлган бишкекликлар, Твиттер ва Фейсбук каби ижтимоий тармоқлар орқали аҳолини митингларга чиқишларга ундамоқда. Аммо қиш аёзи бунга йўл бермаяпти.

19 декабрда энергетик бўҳрон туфайли парламентга чақиртирилган Қирғизистон Бош вазири Жонтўра Сотиболдиев Қозоғистон Қирғизистонга бериладиган газ миқдорини кўпайтиришга рози бўлганини билдирди. Бироқ мана шу ҳолатда ҳам газ таъминотидан узиб қўйилган мавзеларни таъминотга қайта қўшиш учун 4 кун вақт керак бўлар экан.

Қирғизистон парламенти депутатлари 19 декбар кунги йиғинда энергетик бўҳронга йўл қўйган ҳукумат амалдорларини жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўтардилар. Ҳокимиятдаги партияларидан сайланган бир қатор депутатлар эса ҳукмрон коалиция амалдаги ҳукуматни шакллантиргани учун фуқаролардан кечирим сўраши керак, деган талаб билан чиқмоқда.

Парламент депутатларининг айримлари Бош вазир Жонтўра Сотиболдиев раҳбарлигидаги ҳукуматни “Дафн агентлиги” деб атамоқда. Парламент мухолифатидаги “Республика” партияси ҳукуматга ишончсизлик билдириш таклифини киритмоқда. Мухолифатдаги “Ата Журт” партияси эса амалдаги ҳукуматни шакллантиришда ҳукмрон коалицияни қўллаб-қувватлагани учун Қирғизистон халқидан узр сўради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG