Линклар

Қозоғистон Бош вазири Ўзбекистонга келади


Қозоғистон Бош вазири Серик Аҳметов.

Қозоғистон Бош вазири Серик Аҳметов.

Қозоғистон Бош вазири Серик Аҳметов 21-22 декабр кунлари ишчи ташрифи билан Ўзбекистонга келади.

Буни 19 декабр куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон президенти ҳузуридаги Марказий коммуникация хизмати вакили Алтай Абибуллаев маълум қилди.

Абибуллаевга кўра, Қозоғистон Бош вазирининг Ўзбекистон президенти ва Бош вазири билан сўзлашуви чоғида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сув-энергетика соҳаларига тегишли масалаларни муҳокам этиши режаланган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари Марказий Осиёда сув тақсимоти бўйича муштарак позицияга эга эканини баён қилган.

Тошкент ва Остона қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда гидроиншоотлар қурилишидан олдин халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилиб келади.

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида айрим масалаларда келишмовчиликлар мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ягона энергия тизимидан рухсатсиз электр олгани Қозоғистон расмийларининг норозилигига сабаб бўлган.

Шунга қарамай, Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Расмий хабарларга кўра, ўтган йили икки давлат ўртасида савдо ҳажми 47 фоизга кўпайиб 2,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

2012 йил биринчи ярмида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми 18 фоизга кўпайиб 1,4 миллиард долларга етган.

Ўзбекистонда Қозоғистон сармояси иштирокида тузилган 173та корхона, жумладан, 48та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
XS
SM
MD
LG