Линклар

Покистонда полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини олиб бораётган ходимларга ҳужумлар уюштирилгани боис БМТ агентликлари эмлаш кампаниясини тўхтатди.

Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси ЮНИСЕФ матбуот котиби Майкл Коулмен чоршанба куни Покистон шимоли-ғарбидаги Чорсадда туманида ташкилотнинг аёл ходими ва унинг ҳайдовчиси отиб ўлдирилганидан кейин эълон қилди.

Ундан олдин Пешовар шаҳрида уюштирилган ҳужумда полиомиелитга қарши эмлаш кампанияси мутасаддиси бўлган Ҳилол Хон қуролли шахслар томонидан ўққа тутилгани оқибатида оғир яраланган.

Шу ҳафта бошида полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясида қатнашаётган олти ходим отиб ўлдирилган. Ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Хабарларга кўра, ундан олдин Толибон полиомиелит касаллигига қарши эмлаш ишларида қатнашаётган ходимларни ўлдириш билан тахдид қилган.

Покистонда полиомиелитга қарши БМТ ҳомийлигида уюштирилган уч кунлик эмлаш кампанияси 19 декабр куни тугаши режаланган эди.
XS
SM
MD
LG