Линклар

Лавров Тошкентдан лағмон еб қайтди¸ Каримов Москвага келмади


Сергей Лавров 18 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Сергей Лавров 18 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сешанба куни Тошкентда Ўзбекистон раҳбарлари билан музокаралар ўтказиб Москвага қайтди. Чоршанба куни КХШТнинг Москва саммитига на ўзи ва на ўз вакилини юборган Ислом Каримов эса¸ Ўзбекистоннинг Москва етовидаги бу ҳарбий тузилмадан чиқиш қарорини ўзгартирмади.

КХШТ саммити арафасида Кремл элчиси Тошкентда

Душанба куни Тошкентга икки кунлик сафар билан келган Москва дипломатлари раҳбари Сергей Лавров¸ сешанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва президент Ислом Каримов билан учрашди.

Учрашувлардан сўнг Россия мухбирларининг айрим саволларига жавоб берган Лавров¸ ўзбекистонлик ҳамкасби билан икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг сўнгги йиғилиши якунларини муҳокама қилганини билдирди.

Лавровга кўра¸ мазкур комиссия ўзаро сармояларни ҳимоялаш¸ шунингдек иқтисодий¸ гуманитар ва илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтиришга оид муҳим келишувлар лойиҳасини ҳозирлаган ва бу лойиҳалар амалга ошган тақдирда¸ Ўзбекистон-Россия муносабатлари динамикаси янада гуркираб ривожланмай қолмайди.

Айни пайтда¸ Россия Ташқи Ишлар вазири эълон қилган баëнотда ëзилишича¸ томонлар 2014 йилда халқаро коалиция кучлари Афғонистондан чиқиб кетишидан сўнг МДҲ жанубий ҳудудлари¸ хусусан ўзбек-афғон чегарасини Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида қўриқлаш¸ террорчилик ва наркотиклар контрабандасига қарши биргаликда кураш йўл-йўриқлари юзасидан ҳам фикр алмашган. Лавровга кўра¸ бу масалаларда томонлар фикрлари бир-бирига ҳамоҳанг бўлган.

Сергей Лавровнинг икки кунлик Тошкент сафари якунлари бўйича Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Лағмон едиришдими¸ лағмон осишди?

Бу сафарни Тошкентдан кузатган Uzmetronom Интернет газетаси бош муҳаррири Сергей Ежков¸ Лавров сафарининг кўнгилдагидек ўтганини таъкидлайди:

- Жаноб Лавров Тошкентдан жуда яхши кайфиятда учиб кетди. Бу сафардан мақсад 19 декбар куни Москвада бошланган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммити олдидан айрим масалаларга ойдинлик киритиш эди. Бу ойдинлик киритилди¸ томонлар ўзаро англашинувга эришдилар. Сафар режага мувофиқ амалга ошди¸ дейди Сергей Ежков.

Ежковнинг қўшимча қилишича¸ тошкентдагилар Лавровни ўзбекча лағмон билан сийлаганлар ва бу Россия бош дипломати таъбини янада хуш қилган.

- Лавров Тошкентда лағмон еди. Уни ҳақиқий¸ мазали ўзбекча лағмон билан сийлашди. Лағмон унга шу қадар ëқдики¸ Лавров фақат шу лағмонни еб кўриш учунгина Тошкентга келса бўларкан¸ деган луқма ташлади¸ дейди Ежков.

Лавров Каримовни КХШТда қолишга кўндира олмади

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз баëнотида Лавровнинг Тошкент сафари давомида муҳим масалаларда фикр алмашилгани ва томонлар қарашлари уйғун бўлгани ҳақида баëнот тарқатган ва тошкентлик журналист Лавровнинг лағмондан кўнгли тўлиб¸ хурсанд бўлиб Москвага учиб кетганини айтса-да¸ айрим кузатувчилар Путин элчиси бу сафардан кўзланган мақсадга эриша олмаганини таъкидламоқда.

Айрим Россия нашрлари ва таҳлилчиларига кўра¸ 19 декабр кунги КХШТ га аъзо давлатлар саммитидан бир кун олдин кунини Тошкентда - Ўзбекистон раҳбарлари билан музокараларда ўтказган Россия Ташқи ишлар вазири Ислом Каримовни КХШТдан чиқиш қарорини қайта кўриб чиқишга кўндиришга сўнгги бор уриниб кўрган.

Жорий йил июн ойида Ўзбекистон ҳукумати Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котибиятига бу ҳарбий иттифоқдан чиқиш ҳақида расман нота юборган эди. Бу масала юзасидан КХШТ олий органи – давлат раҳбарлари саммитида қарор берилади ва бундай қарор қабул қилиш айнан 19 декабр кунга белгиланган.

Лавров билан ўтказилган музокаралар давомида Ислом Каримов бу қарорида собит эканини билдирди ва буни Тошкентдан жўнаш олдида Россия бош дипломатининг ўзи ҳам эътироф этди:

- Биз¸ албатта¸ Ўзбекистоннинг бундай қарор қабул қилганидан¸ афсусдамиз. Аммо бу Ўзбекистоннинг суверен қарори. КХШТ давлат раҳбарлари саммитига бу қарорга оид тегишли мурожаат йўлланган ва буни чоршанба кунги саммитда кўриб чиқишади. Шунга қарамай¸ Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз бўлиб қолаверади.
Икки давлат ўртасида ўзаро стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришга оид Шартнома ва ўзаро иттифоқчилик Шартномаси имзоланган¸ қолаверса қатор ҳарбий ва ҳарбий техникавий ҳамкорликка оид дастурлар бор¸ деди 18 декабр куни Тошкентда қилган баëнотида Сергей Лавров.

19 декабр кунги КХШТ Москва саммитида нафақат Ислом Каримов¸ балки Ўзбекистон расмий делегацияси иштирок этмаëтир. Россия нашрларининг ëзишича¸ мазкур саммитда Ўзбекистоннинг ташкилотдан чиқиш ҳақидаги аризаси¸ қўшимча шарт билан қабул қилинади.

“Бугунги саммитда Тошкентнинг КХШТдаги иштироки тўхтатилмайди. Бундай қилиш¸ Тошкентга ташкилот қарорларига вето қўйиш ҳаққини берган бўларди. Шу боис¸ Ўзбекистоннинг КХШТдаги аъзолиги тўхтатилади. Бундай формула Тошкентга ҳеч қандай имтиëз бермаган ҳолда¸ Ўзбекистонда ташкилотга исталган пайтда қайтиш ҳуқуқини қолдиради”¸ деб баëнот берган КХШТдаги манба “Коммерсант Ъ” газетасига жумладан.

Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиши Москва учун мағлубият

Сергей Лавровнинг Ислом Каримовни КХШТда қолишга кўндира олмагани Путин Россияси учун кўнгилсиз хабар¸ дейди Москвадаги Карнеги марказининг етакчи таҳлилчиси Алексей Малашенко Озодлик билан суҳбатда:

- Лавровнинг Тошкентдан қуруқ қўл билан қайтгани¸ Россиянинг Ўзбекистонга босим ўтказиш имконлари анча чеклангани ифодасидир. Айни пайтда бу қарорида собит қолганини кўрсатиш орқали Ислом Каримов ўзининг нақадар мустақил эканини кўрсатиб қўйишга эришди.

Аммо бу масала¸ 19 декабр кунги қарор билан тўхтаб қолмайди¸ музокаралар давом этаверади ва ишонаманки¸ Москва ва Тошкент қандайдир муроса йўлини топишади. Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиш қарори икки томонлама муносабатларга жиддий зарба етказмай қолмади. Буниси анча ëмон¸ дейди Малашенко Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG