Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:27

Эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам миқдори камаяди


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси эҳтиёжманд оилаларга нафақа ва моддий ёрдам бериш миқдорини белгилаш тартибини ўзгартирди. Ҳукумат қарорига кўра, эҳтиёжманд оилалардаги нафақа ёки моддий ёрдам оладиган болалар ёши ҳам 16дан 14га туширилди.



Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 12 декабр куни, 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб эҳтиёжманд оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам бериш тартибини ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу қарорга кўра, эҳтиёжманд оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам бериш оиладаги болалар сонига қараб 20-30 фоизгача қисқартирилади. Бундай оилалардаги болаларнинг ёши, аввалгидай 16 ёшгача эмас, 14 ёшгача қилиб белгиланди.

Икки ёшгача боласи бор эҳтиёжманд оилаларнинг нафақа ва моддий ёрдам олиш тартиби ўзгармади.

Шунингдек, янги йилдан бошлаб бир фарзандли эҳтиёжманд оилалар ҳам аввалгидек, энг кам иш ҳақининг 50 фоизи (39795 сўм) миқдорида нафақа ва моддий ёрдам олади.

Бироқ, қарорга кўра, икки нафардан ортиқ боласи бор эҳтиёжманд оилаларга бериладиган нафақа ва моддий ёрдам қисқаради.

Агар 2013 йилнинг биринчи январигача икки нафар боласи бўлган эҳтиёжманд оила энг кам иш ҳақининг 100 фоизи (79590 сўм) миқдорида нафақа олган бўлса, янги йилдан бошлаб ёрдам пули 80фоиз (63762 сўм) га туширилади.

Уч нафар ва ундан ортиқ болали оилалар оладиган нафақалар миқдори ҳам энг кам иш ҳақининг 140 фоизи (111426 сўм)дан 120 фоизи (95508 сўм)га туширилади.

Тошкентдаги маҳаллалардан бирининг исми сир қолишини сўраган фаоли, Озодлик билан суҳбатда, Вазирлар Маҳкамасининг бу қароридан қисман хабардор эканини айтиб, кўп болали оилаларга энди қийинроқ бўлади, деган фикрни билдирди:

- Менга ҳам ҳозир телефон қилиб айтишди. 16 ёшдан 14га туширишар экан. Янги йилдан 14гача ариза қабул қилинглар дейишди. Бошқа тафсилотларини ҳали билмаймиз. Кўп болали оилаларга ҳарчи ёрдам эди, энди бир оз қийналиб қолишадиган бўлди. Лекин бу бизнинг қўлимизда эмас. Биз энг пастда турувчи, қарорни ижро қилувчи одамлармиз,- дейди маҳалла фуқаролар йиғини котиби.

Эҳтиёжманд оилаларга бериладиган нафақа ва моддий ёрдам миқдори Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги берган мезонга асосан белгиланади.

Маҳалла фуқаролар йиғини котибига кўра, бу мезон оилада ишловчилар сони ва уларнинг даромади асосида белгиланади:

- Агар эр-хотин ишласа, уларнинг ойлиги ҳисобланиб оила аъзоларига бўлинади. Агар бу мезон ҳар бир оила аъзосига энг кам иш ҳақининг бир ярим бараваридан ошиб кетса, бу оилага берилмайди. Бундан ошмаганлари эса эҳтиёжманд оила ҳисобланади,- дейди маҳалла котиби.

Исми сир қолишини сўраган Наманган вилоятининг Поп туманидаги маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, барча эҳтиёжманд оилалар ҳам болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиш имконига эга эмас:

- Эҳтиёжманд оилалар жуда кўп, ҳақиқатан. Давлатимизни хазинаси чўкиб қоляпти, шекилли. Чунки ўтган йили ўша нафақа тайинлаш комиссия таркибида қатнашган эдим. Эру - хотин ишламайди, болалари кўп. Отасини пенсиясига яшайди. Шуларга беринглар десак, йўқ, буларга бермаймиз, булар давлатимизга бир ҳисса қўшаётганлари йўқ, деб рад қилишди. Ишсизлик жуда кўп оилаларни камбағал қилиб қўяяпти,- дейди маҳалла фаоли.

Болалар нафақаси маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари томонидан расмийлаштирилади. Қишлоқ ҳудудларида аҳолининг даромад манбаи сифатида унинг чорваси ва паррандаси ҳам кўрсатилади. Болалар нафақаси ҳар олти ой учун белгиланади ҳар сафар нафақа расмийлаштирилаётганда оила даромади ҳақида янги ҳужжатлар талаб қилинади.

Ўзбекистонликларнинг айтишларича бу ҳолат, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги порахўрликка сабаб бўлмоқда.

Самарқанд вилоятининг Пойариқ туманида истиқомат қилувчи 4 фарзанднинг отаси 41 ёшли Абдулатифнинг айтишича, болалар учун бериладиган нафақани порасиз расмийлаштиришнинг иложи йўқ:

- Мен анчадан бери болаларимга нафақа оламан. Бироқ ҳеч қачон сурункали олишнинг имкони йўқ. Олти ойдан сўнг яна ҳужжат йиғиб борганимда, энди дам олишинг керак, бошқаларга берамиз, ҳаммага ҳам лимит етмайди, дейди. Бир иложини қилинг дейман. Бўлмаса бир ойлигини, 90 минг сўмни бер деб дангал айтади. Пулни нақд олади. Ҳар сафар шундай. Кейин янги ҳужжат ҳам сўрамайди, оформит қилиб қўяверади. Бизга болалар нафақаси чекда берилади. Чекда эса фақат магазиндан қиммат нарсаларни олишингиз мумкин. Ноябр ойида бир марта нақд беришди. Лекин шунда ҳам ҳар бир кишидан “расходлар” учун деб 10 минг сўмдан олиб қолишди,- дейди Абдулатиф.
XS
SM
MD
LG