Линклар

logo-print

Жаҳон аҳолисининг бир қисми шу соатларда юрак чангаллаб ўтирибди – улар 21 декабр куни охирзамон бўлишига ишониб олган. Уларнинг ишончига асос бўладиган ҳужжат ҳам бор. Ҳужжатки, у эрамиздан олдин Марказий Америкада яшаган ва ўзига хос цивилизация яратган қадимий майя халқи тузган тақвимдир.


Охирзамон тўғрисидаги миш-мишлар аҳолининг бир қисмини ваҳимага солса, уларнинг ваҳимаси аҳолининг бошқа қисми учун мўмай даромад манбасига айланди.

Ваҳималар эса, бири биридан ваҳимали. Эмишки, Ер курраси бўйлаб рўй берадиган саноқсиз ҳалокатлар оқибатида инсон зоти қолмайди, ҳаёт тугайди.

Бу миш-мишлар урчий бошлагандан бери олимлар, давлат амалдорлари, диний пешволар улар – ўша миш-мишлар мутлақо асоссиз эканлигини тушунтиришга уринганларига қарамай ваҳимачилар ҳам, уларнинг ваҳимасидан уятсизларга пул қилишга уринганлар ҳам кўпайди.

Охирзамон ваҳимаси дунёнинг бошқа бирор мамлакатида Россия ва Украинадагидай бўлмаган бўлса керак. Ваҳима туфайли гугурту шам,озиқ-овқат маҳсулотлари нархи осмонга ўрлаб кетди.



Россиялик воҳмалар эса озиқ-овқату сув, гугурту шам, керосин лампасию термос ва умуман охирзамон юз берганидан кейин керак бўлади, деб ҳисоблагани бошқа нарсаларни аллақачон ғамлаб қўйишган.

Хусусан, Новокузнецк шаҳридаги дўконларда ош тузи тугаб қолган.
Ваҳимадан пул ҳиди келаётганини сезган томсклик ишбилармонлар чиқарган “Охирзамон аптечкаси”нинг ҳам бозори чаққон бўлди.

“Охирзамон аптечкаси”ни тўй-тантаналар ўтказишга ихтисослашган “Марина Менделсон” агентлиги сотувга чиқарган. Корхона вакили Алевтина Попова
“Кейинги вақтларда одамлар охирзамон тўғрисида кўп гапиришаяпти. Шунинг учун биз ҳам ҳазиллашмоқчи бўлдик", деди.

Бироқ бу ҳазилнинг бозори чаққон чиқиб қолди. Интернет орқали сотувга қўйилган “Охирзамон аптечкаси”га буюртма бераётганлар, Попованинг айтишича, кўп.

1 бурда нон, 1 та балиқ консерва, 4 хўплам сув, озгина ароқ, 2 та шам, 1 та кир совун, 4 қулоч резина тасма, 1 та қалам, 1 та дафтар ва бир-иккита алламбало бор “Охирзамон аптечкаси”да.

90 рубл, ёки тақрибан 30 доллар турадиган бу тўплам, уни чиқарганлар фикрича, охирзамондан омон қолиш гаровидир.

Агар томсклик ишбилармонлар охирзамон билан боғлиқ ваҳималарни ҳазил қилиш ва баҳонада пул ишлаб олиш имкони, деб билган бўлса, Россия сиёсатчилари масалага ўта жиддий ёндошдилар.

Давлат думаси депутатларидан бир гуруҳи федерал телеканалларга мактуб йўллаб, уларни “охирзамон ҳақидаги ғайриилмий лавҳаларни намойиш қилмасликка” чақирди.

Охирзамон мавзуини бош вазир Дмитрий Медведев, Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучков, Бош санитар врач Геннадий Онищенколар ҳам четлаб ўтмади, улар ҳам аҳолини ваҳима қилмасликка чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG