Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:15

"Доллар оламиз, сотмаймиз"


Ўзбекистонда давлат курси бўйича валюта олиш учун қайси айирбошлаш шохобчасига борманг, шу гапни эшитасиз. Ўзбекистонда валюта алмаштириш шохобчалари майдонларини кенгайтириш ва операцияларни фақат компютерда амалга ошириш ҳақидаги Марказий банк қарори ҳам аҳволни ўзгартирмаган.



Ўзбекистон Марказий банки қарорига кўра, мамлакатдаги валюта алмаштириш шохобчаларида 15 декабрдан бошлаб барча амалиётлар компютерда амалга оширилиши шарт.

Авваллари шохобчаларда пул алмаштириш кўпинча қўлда қилинар ва амалиётлар компютерда қайд этилмай қолар эди.

Ўзбекистон Марказий банки валюта операциялари бўлими ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, янги қарор мамлакат валюта айирбошлаш шохобчаларида пул алмаштириш операцияларини тартибга солиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинган.

- Ҳаммаси энди компютердан ўтказилади. Қўлингизга сертификат беришади, нақд олганлигингиз тўғрисида. Компютерда исмингиз ва фамилиянгиз, қачон алмаштирганингиз, ҳаммаси ёзилади,- дейди ўз исмини айтмаган банк ходими.

Марказий банк қарорида бундан буён мамлакатдаги ҳар бир валюта алмаштириш шохобчасининг майдони 6 квадрат метрдан кам бўлмаслиги ҳам айтилган. Авваллари бу 3 квадрат метр эди.

Лекин, валюта алмаштириш шохобчаларида амалиёт қанчалик компютерлаштирилмасин, қабул қилинган қарорга қарамай шохобчаларида долларни давлат курси бўйича сотиб олиш бор, сотиш йўқ.

- Бизда фақат покупка, продажа йўқ,- дейди Тошкентнинг “Dedeman” меҳмонхонасидаги валюта алмаштириш шохобчаси ходими.

Озодлик мухбири Тошкентдаги бошқа валюта алмаштириш шохобчаларига ҳам қўнғироқ қилиб кўрди. У ерда ҳам шу аҳвол.

Валюта шохобчаларида доллар йўқлигидан Ўзбекистонда кўпчилик “қора бозор”га боришга мажбур бўлади, баъзан милиция кузатувлари “қурбони” бўлишади ҳам.

- “Обменный пункт” деб ёзиб қўйибди, ўзини таниш-билишлари олади, четдан бир одам ҳам ололмайди. Шунинг учун мажбур қора бозорга борамиз. Қанчасини милиция ушлаб кетганини кўрганман. Долларни бошқа қаердан оламиз, фақат валютчиклардан. Давлатни ўзи шунга йўл қўйиб беряпти. Қайси “Обменный пункт”дан доллар олиш мумкин, ҳеч биридан олиб бўлмайди. Ҳаммаси бундан буён компютерда қилинади, деб айтишяпти, лекин фақат бу номига, кўзбўямачлик бўляпти,- дейди тошкентлик Бахтиёр исмли 46 яшар тадбиркор.

Аммо, Марказий банк ходимига кўра, Ўзбекистонда валюта алмаштириш шохобчалари ёки банк бўлинмаларидан давлат курси бўйича доллар олса бўлади.

- Миллий банкнинг истаган бўлимига борасиз, паспортингиз ва учиш чипта билетингизни кўрсатасиз, 2000 долларгача бўлган миқдорда бемалол алмаштиришингиз мумкин. Нақд ёки бўлмаса карточкангизга ўтказиб беришади,- деди банк ходими.

Марказий банк расмийсига кўра, чет элга учиб кетаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ариза, учқич чиптаси ва паспортини кўрсатиб, Миллий банкдан давлат курси бўйича 2000 АҚШ долларигача бемалол пул алмаштириши мумкин.

- Шу пайтгача чет элга учиб кетаётганлар қайта-қайта келиб алмаштириб, кетаверишарди. Ҳозир энди фақат олти ойлик муддатга олади. Масалан, бир бориб келдингиз ва яна келиб кетишнгизга берилмайди, фақат олти ой оралиқда берилади, шунақа лимит қўйилди,- дейди Марказий банк ходими.

Ҳозир Ўзбекистондан чет давлатга чиқмоқчи бўлган фуқаролари ўзлари билан 2000 долларгача рухсатсиз, 5000 долларгача Марказий банк рухсати билан пул олиб чиқишлари мумкин.

Ҳозир Ўзбекистонда АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 1980 сўм, "қора бозор"да эса валютафурушлар бир доллар учун 2700 сўм таклиф этишмоқда.
XS
SM
MD
LG