Линклар

Африканинг Xартум шаҳридан келтирилган тухумлардан чиққан туяқушларни Ўзбекистон шароитига мослаштира олган тадбиркор Баxтиëр Ҳакимов бу соҳа истиқболига ишонади.



Тошкентнинг Бўстонлиқ туманида туяқуш боқаётган Бахтиëр Ҳакимов 42 ëшда. Бахтиëр ўзбекистондаги илк туяқуш фермаси очган тадбиркор сифатида танилди.

Илгари бол етиштирган Бахтиëр мана беш йилдан буëн туяқушбоқарлик қилади.

Озодлик билан суҳбатлашган Бахтиëр Ҳакимов шу кунларда ўзи ясаган инкубатордан чиққан қора африка туяқушлари сони 40 тага етганидан хурсанд эканини айтади:

- Ўзи мендан олдин ҳам туяқушга қизиққанлар бўлган¸ лекин уларнинг туяқушлари ўлиб қолаверган. Ҳозир совуқда менинг туяқушларимдан бир иккитаси ўлди. Лекин 40 таси омон қолди¸ дейди ўзбекистонлик илк туяқуш фермаси соҳиби Бахтиëр Ҳакимов.

Туяқушлар водийси

Туяқушлар боқилаëтган Бўстонлиқдаги ферма¸ тоғ ëн бағридаги қарийб 6 гектар ëрга ëйилган.

Туяқуш боқиш учун махсус жиҳозланган бинонинг катталиги эса 700 квадрат метр.

Тошкентлик Ойниса опа ва Абдуҳалил аканинг ëлғиз фарзанди Бахтиëржон аввалига бу ҳудудда асаларичилик билан шуғулланди.

Ҳозир ҳам Бахтиëр 570та асалари уясига эга:

- Туяқуш боқиш зарар келтирган пайтда камини асаларидан тушган фойда билан қоплаб турдик¸ дейди Бахтиëр Озодлик билан суҳбатда.

Оқибатли дўстлик ëки Хартумдан келган тухумлар

Суҳбатдошимиз Бахтиëр қандай қилиб туяқушбоқарга айланиб қолгани ҳикоясини Озодлик тингловчилари билан баҳам кўрди:

- Суданнинг Хартум шаҳридан келиб Тошкентда врачликка ўқиëтган Азиз исмли ҳабаш бола билан танишиб дўст бўлиб қолдим. Азиз менга юртидан тўртта туяқуш тухумини келтириб берди. Ўзи тухумлар ўнта эди олтитаси йўлда синиб қолибди. Кейин ҳавасга қўлбола инкубатор қилиб жўжа очтирдик. Ана шундан кейин туяқуш фермаси очишга қарор қилдим. Бунга дўстлик сабаб бўлди¸ дейди суҳбатдош.

Бири оқ ранг¸ бири кул ранг ...

Озодлик билан суҳбатлашган Бахтиëр¸ бу ишнинг қийинчиликларидан ҳам сўз очди:

- 200 та тухумни инкубаторга қўйсак 15 та жўжа очяпти. Шунинг учун ҳали мақтанишимга эрта. Икки йилдан кейин туяқуш териси ва гўштини чет элга катта миқдорда экспорт қилишни бошлайман¸ дейди Баҳтиëр.

Саккиз кишини тўйдирган тухум

- Туяқуш тухуми саккиз кишига овқат бўлади, дейди суҳбатдош.

Айни пайтда, оқ-сариғи олинган тухум пўстлоғи устига шарқ минатюралари чизилган ҳолда халқ амалий санъати наъмунаси сифатида чет элга экспорт қиляпмиз, дейди Баҳтиëр.

Шу кунларда Бўстонлиқ аҳолиси Бахтиëр аканинг туяқуш фермасини зоопаркка келгандай томоша қилмоқда.

Фермада туяқушлар билан бирга от¸ ит¸ туя¸ товус ва рангбаранг ғули-ғули товуқлар бор.

- Одамлар қандай қилиб олис Африканинг Хартум шаҳридан олиб келинган тухумлардан чиққан туяқушлар Ўзбекистон шароитига мослашганига қизиқмоқда,- дейди Ўзбекистондаги илк туяқуш фермасини очган тадбиркор Бахтиëр Ҳакимов Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG