Линклар

logo-print

Қозоғистонда икки этник жамоатнинг масжиди ёпилмоқда


Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳридаги "Дин-Муҳаммад" масжиди.

Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳридаги "Дин-Муҳаммад" масжиди.

Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳридаги “Дин-Муҳаммад” номли татар-бошқир масжиди қайта рўйхатдан ўтолмаяпти, Олмаота шаҳридаги озорбайжонларнинг шиа масжиди ёпилди. Қароргоҳи Ослода жойлашган, диний эркинликларни тарғиб қилувчи "Форум-18" ташкилоти бундан хавотир билдирди.



Қозоғистонда озчиликни ташкил этган айрим этник гуруҳлар, жумладан, татар-бошқирт, чечен, озарбайжон, тожик ва дунганлар ўз масжидларига эга. Уларнинг айримлари сунний, бошқалари шиа мазҳабида.

"Форум-18" ташкилотига кўра, Қозоғистоннинг Дин ишлари бўйича агентлиги бўлим бошлиғи Болтабой Метежанов Қозоғистонда этник гуруҳлар масжидларига тақиқ йўқлигини айтган.

“Дин-Муҳаммад” масжиди ёпилиши тахдидига учраган

"Форум-18" ташкилоти фаолларига кўра, татар-бошқиртлар Қозоғистон ҳудудида тахминан 400 йилдан бери яшаб келади. Ҳозир Петропавловск шаҳрида 20 мингга яқин татар яшайди.

“Дин-Муҳаммад” номидаги масжид қарийб 160 йил аввал қурилган. Собиқ иттифоқ даврида бу масжиддан омборхона сифатида фойдаланилган. Кейинчалик масжид саунага айлантирилган.

Қозоғистон мустақиликка эришганидан кейин “Дин-Муҳаммад” масжиди қайта тикланиб, 16 йил давомида расмий рўйхатдан ўтиб келган. Бироқ ҳозирда татар-бошқиртлар ўз анъаналари тахдид остида қолиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

- Ҳукумат бизнинг масжидимизни ёпишга уринмоқда. Бизни бирлаштириб турган бу масжидда болаларимиз Қуръонни ўрганиш дарсларидан ташқари татар тили ва анъаналарини ўрганади, дейди “Форум-18” вакили билан сўзлашган аммо исмини атмасликни сўраган тараларлардан бири.

Жамоа аъзоларига кўра, ўзини Қозоғистон миллий хавфсизлик кўмитаси ходими деб таништирган икки эркак масжид имоми Рафаэл Рязаповдан “масжидга тегишли ҳамма ҳужжатларнинг асл нусхаларини” беришни талаб қилгани жамоа аъзолари ташвишини кучайтирган. Улар вилоят Адлия департаментида ҳужжатларни йўқотиб қўйишгани ва асл нусхаларни департаментга топширишларини айтишган.

Бироқ Миллий хавфсизлик кўмитасининг Шимолий Қозоғистон вилояти бўлими “Форум-18” вакилига “Дин-Муҳаммад” масжидига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва диний масалалар билан Қозоғистоннинг Дин ишлари бўйича агентлиги шуғулланишини айтган.

Қозоғистонда Диний масалалар бўйича ноябр ойида ўтказилган иккинчи форумда сўзлаган Мусулмонлар идораси вакиллари “Дин-Муҳаммад” масжиди ёпилганини айтган.

Мазкур агентлик “Форум-18” ташкилотига ҳукумат “Дин-Муҳаммад” масжидини ёпиш ниятида эмаслигини, масжиднинг қайта рўйхатдан ўтказиш Адлия департаментига боғлиқ эканини билдирган.

Адлия департаменти эса Дин ишлари бўйича агентлик экспертлари хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина масжид қайта рўйхатга олинишини маълум қилган.

“Форум-18” вакили билан суҳбатда Шимолий Қозоғистон вилоятининг Дин ишлари бўйича агентлиги раҳбари Нурислом Габдуллин Ислом динида миллат йўқлиги боис татар, чечен ёки тожик масжидлари бўлмаслигини айтган.

Габдуллин низом ҳужжатларида мазкур масжид “Татар-бошқирт диний жамоаси Дин-Муҳаммад” деб ёзилганини, масжид номидан “татар-бошқирт” сўзини олиб ташлаш осон бўлмаслигини ва масжид Қозоғистон Мусулмонлар идорасига аъзо бўлиши кераклигини ҳам қўшимча қилган.

Татар-бошқирт жамоалари эса Мусулмонлар идорасига қўшилишни хоҳламаслигини, агар бу амалга ошса, масжидга юқоридан имомлар тайинланиши ва улар “диний, маданий анъаналари ва қадриятларини йўқотиши мумкинлиги”дан ташвиш билдирган.

“Фотима” жамоаси масжидининг ёпилиши

Олмаота шаҳрининг Жеттисуй туманида “Фотима” номли шиа мазҳабидаги озарбайжон жамоасининг ўз исмини айтишни хоҳламаган аъзолари “Форум-18” ташкилотига жамоа Олмаотанинг Ихтисослашган туманлараро иқтисодий суди томонидан расман тугатилганини айтган.

Суд бозор нархи тахминан 300 минг доллар бўлган бир қаватли бино ва 600 квадрат метрдан иборат жамоага тегишли ер участкасини ҳибс қилган.

Уларга кўра, суд ноябр ойи охирида Олмаота шаҳар адлия бўлимининг даъво аризаси асосида шундай ҳукм чиқарган.

Жамоа аъзолари сунний мазҳабидаги Диний идорага аъзо бўлишдан бош тортганлари давлат рўйхатидан ўтмаганларининг асосий сабаби деган фикрда.

Айни пайтда, Дин ишлари бўйича агентликнинг Олмаота шаҳар бўлими “Форум-18” ташкилотига мазкур жамоанинг низом ҳужжатлари “жойида бўлмагани”ни билдирди.

Дин ишлари бўйича агентликнинг Олмаота шаҳар бўлими бошлиғи Нуржона Жапаркулова бу жамоа ўз мулки ва ҳужжатларини тартибга келтирганидан кейин янги ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиш учун мурожаат қилиши мумкинлигини айтган.

Жапаркулова жамоа Диний идорага аъзо бўлишдан бош тортгани учун рўйхатга олинмагани ҳақидаги иддаони рад қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG