Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:59

"Газпром" "Қирғизгаз"ни 1 долларга баҳолади


Россиянинг “Газпром” ширкати “Қирғизгаз” акцияларининг 100 фоизини сотиб олмоқчи. Агар Бишкек ҳукумати бунга рози бўлса, Россия 5 йил ичида Қирғизистонга 20 миллиард рубл миқдорида сармоя ётқизади.

“Қирғизгаз” акцияларини “Газпром”га сотиш масаласи Москвада рус ва қирғиз расмийлари ўтказган учрашув чоғида муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, бу жараён 2013 йилнинг 1 апрелигача якунланиши керак.

“Қирғизгаз” раҳбари Тургунбек Калмурзаевнинг билдиришича, акцияларнинг “Газпром”га сотилиши Қирғизистондаги энергетик инқироз вазиятини ҳал этилишидаги асосий омил ҳисобланади. Бу орқали газ нархи ҳам арзонлайди.

-“Газпром” “Қирғизгаз”нинг 75 фоиз акциясинигина эмас, аҳолининг қўлидаги “Қирғизгаз” акцияларини ҳам сотиб оламиз, деган шарт қўймоқда. Бу билан “Газпром” “Қирғизгаз”нинг 100 фоиз акцияларига эгадор бўлади. Натижада Қирғизистонни газ билан таъминлаш “Газпром” ихтиёрига ўтади. Улар мамлакатимизни арзон нархдаги газ билан таъминлашларини айтмоқдалар, -деди Тургунбек Калмурзаев.

Расмийнинг айтишича, “Қирғизгаз”нинг қарзи жуда кўп. Шу сабабли ҳам унинг баҳоси рамзий маънода бир доллар қилиб белгиланган.

Қирғизистон ҳар йили газ бўйича шартномани Ўзбекистон ва Қозоғистон билан қиш мавсумида имзолайди. Жорий йилда ҳам шундай бўлди. Ҳозиргача Қирғизистон 2013 йил учун газни қўшни давлатлардан қайси баҳода сотиб олиши, қанча газ берилиши ва шартнома қачон имзоланиши ҳам номаълум қолмоқда.

Иқтисодий таҳлилчи Жумакадир Акенеев Бишкек расмийларининг газ шартномасини қишда имзолаш анъанаси тугатилиши ва бу борадаги муҳокамалар Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам Қирғизистондан бериладиган сувга муҳтож бўлиб турган ёз мавсумида олиб борилиши шарт деб ҳисоблайди.

- Сувни биз бераётганимиздан кейин "газ шартномасини ёзда имзоламасанглар сувни тўхтатамиз", дейиш керак. Газ шартномасининг декабрда имзоланиши иқтисодий зарар келтиради. Чунки қишда газни қўшнилар айтган нархда сотиб олишга мажбурмиз. Агар “Қирғизгаз” “Газпром”га ўтказилса, у ҳолда газнинг минг куби 140 долларга тушади. Бу эса қўшни давлатлардан сотиб олинаётган нархдан камида юз долларга арзондир, -деди Жумакадир Акенеев.

14 декабрда Ўзбекистон ва Қозоғистондан келаётган газ босимининг озайиб кетиши оқибатида Қирғизистон пойтахти Бишкек, Тўқмоқ ва Қант шаҳарларида энергетик инқироз юзага келган эди. Биргина Бишкекда 40 мингга яқин ҳовли-жой газдан узиб қўйилди. Бунинг натижасида электр энергиясига талаб кучайди. Натижада шаҳарларда электр тақчиллиги юзага келиб, электр таъминотида ҳам узилишларга йўл қўйилди. Бу вазият фақат 20 декабрга келиб Қозоғистон Қирғизистонга қўшимча миқдорда газ беришга розилик бергачгина ҳал қилинди.

Бироқ “Қирғизгаз” расмийларининг айтишича, бундан буён газ таъминотида узилишлар бўлмаслигини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Чунки декабр ойида Бишкекда 20-25 даража совуқ бўлди. Бундай ҳолатда газ босими камайиб кетиши мумкин. Синоптикларнинг билдиришича, январ ойи декбар ойидан ҳам совуқроқ келиши кутилаяпти.
XS
SM
MD
LG