Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:27

Булунғурлик аёллар “Тошкент-Самарқанд” йўлини тўсди


Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Самарқанд маҳалласида истиқомат қиладиган юзга яқин аёллар 17декабр куни эрталаб ғўзапоя қўлтиқлаб ва автомобилларнинг эски шиналари думалатиб Тошкент-Самарқанд автомагистралига тўпландилар. Бу ҳақда Озодликка хабар берган булунғурлик манбага кўра, аёллар ғўзапоя ва автомобил шиналарини йўлни ўртасига тўплаб, ёқмоқчи бўлишган:

- Юзга яқин хотинлар ғўзапоя ва баллонларни думалатиб йўлга чиқишди. Булар асосан катта магистрал йўлнинг четидаги Самарқанд маҳалласида яшайдиган аёллар эди. Улар ғўзапояларни йўлнинг ўртасига йиғиб, устига баллонларни ташладилар. Ўзлари эса живой шит бўлиб йўлни тўсдилар,- дейди булунғурлик бу одам.

Унинг айтишича, ярим соат давомида йўлнинг икки томонида ҳам 3 километрлик масофада машиналар пробкаси вужудга келган:

- Эҳеее, шунча мошин йиғилиб кетдики. Бу хабар бир зумда ҳокимиятга етиб борди ва Булунғур тумани, Самарқанд вилояти ҳокимиятларидан амалдорлар етиб келди. Мелисалар босиб кетди. Аёллар эса қачон бизга газ ва свет берасизлар, кейин йўлни очамиз, бўлмаса ўлдирсаларинг ҳам, отиб ташласаларинг ҳам кетмаймиз дейишди. Кейин музокара бўлди, ҳокимлар газ ва светни берамиз деб ваъда бериб, аёлларни кўндирди. Бир соатдан сўнг йўл очилди,- дейди булунғурлик манба.

Суҳбатдошга кўра, йўлни тўсган аёлларни фуқаролик кийимидаги милиция ходимлари видеога олган, аёллар эса видеочига қараб шундай деган:

- “Ҳой, нега бизни оляпсан. Бошқа ишинг йўқми, агар бошқа ишинг бўлмаса бор газ ва чироқсиз уйларимизни суратга ол, совуқдан касал бўлиб ётган болаларимизни суратга ол”,деб видеочига бақириб кетишди, аёллар,-дейди булунғурлик бу манба.

Унинг айтишича, шу куни кечқурундан бошлаб газ таъминоти туманда бир оз яхшиланган:

- Газ сал яхши бўлди, ҳар ҳолда аввалгидан яхшироқ. Свет эса ўшандай, кунига икки ярим ёки уч соатдан беряпти, бошқа ўзгариш бўлгани йўқ,-дейди Самарқанд маҳалласида истиқомат қиладиган бу манба.

Булунғур тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, ҳақиқатан ҳам аёллар 17 декабр куни Тошкент-Самарқанд автомобил йўлини тўсганлигини тасдиқлади.

Булунғур тумани газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган мулозими эса, шу воқеадан сўнг аҳолининг газ таъминотини яхшилаш учун махсус гуруҳлар тузилганини айтди:

- Энди ҳақиқатан ҳам аҳолига қийин. Лекин аҳолининг қарздорлиги ҳам катта. Ҳозир қарзларни тезроқ ундириш ва газ таъминотини яхшилаш учун ишлар олиб бормоқдамиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, - деди газ таъминоти идорасининг мулозими.
XS
SM
MD
LG