Линклар

Покистонда бир кунлик мотам эълон қилинди


22 декабр куни худкуш ҳужум қурбони бўлган Ҳайбар Пахтунхва вилояти вазири Башир Билур.

22 декабр куни худкуш ҳужум қурбони бўлган Ҳайбар Пахтунхва вилояти вазири Башир Билур.

Покистоннинг шимоли-ғарбий минтақасида амалга оширилган худкуш ҳужумида тўққиз киши, жумладан, вилоят ҳукумати вазири Башир Билур ҳалок бўлди. Покистон ҳукумати якшанбани мамлакат бўйлаб мотам куни деб эълон қилди. Ҳужум учун масъулиятни маҳаллий толиблар ўз зиммасига олди.

Билурга тиббий ёрдам кўрсатган шифокор Аршод Жавод Озодлик мухбирига буларни айтди.

- Башир Билур касалхонага олиб келинганида жуда оғир яраланган шок холатида эди. У нафас олмаётган ва юраги уришдан тўхтаган, қон босимини аниқлаш имконсиз эди. Ҳужумда тўққиз киши ўлди, 17 одам жароҳат олди. Улардан уч нафари оғир аҳволда, деди касалхона шифокори.

Худкуш ҳужум муносабати билан якшанба Покистонда мотам куни деб эълон қилинди. Башир Билурнинг дафн маросими ҳам якшанба кунига белгиланган.

Ҳайбар Пахтунхва вилоятини бошқариб келаётган Авоми миллий партияси шанба куни ўз йиғилишини тугатаётган пайтда худкуш шахс ўзини портлатган.

Ҳужум учун масъулиятни покистонлик толиблар ўз зиммасига олди.

Худкуш ҳужумда асосий нишон Башир Билур бўлгани тахмин қилинмоқда.

Шанба кунги воқеадан кейин сўзлаган Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф Билурнинг жасоратини олқишлади.

- Биз Баширнинг жасорати, ташаббуси ва шижоаткорлигидан фахрланамиз. Мен ҳозиргина Ҳайбар Пахтунхва бош вазири билан телефон орқали сўзлашиб бутун мамлакат у билан бирга экани ва Ҳайбар Пахтунхва вилояти ҳукуматининг терроризмга қарши олиб бораётган кураши биз учун шараф масаласи эканини айтдим.

Вилоят ҳукуматига қандай ёрдам лозим бўлса, федерал ҳукумат исталган пайтда керакли ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини айтдим, дея баёнот берди Ража Парвез Ашраф.

Покистон Бош вазири худкуш ҳужум қурбони бўлган Билурни “шаҳид” деб, мамлакат бўйлаб бир кунлик мотам эълон қилди.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий эса Билурнинг ўлимини “мамлакат учун катта йўқотиш” дея бахолади.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, 69 ёшдаги Башир Билур Авоми миллий партиясининг атоқли етакчиларидан бири бўлган.

Ҳайбар Пахтунхва вилоятини қарийб бир йилдан бери бошқариб келаётган дунёвий қарашдаги Авоми миллий партияси исломий исёнчиларга қарши аёвсиз кураш олиб бормоқда.

22 декабр куни покистонлик толибларнинг матбуот котиби “дунёвийлик тарафдори ва Исломга қарши” бўлган шахслар, жумладан, сиёсатчиларга қарши ҳужумлар уюштирадиган махсус худкушлар гуруҳи тайёрлангани айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG