Линклар


Мисрнинг дунёвий қарашдаги мухолифати мамлакат янги конституцияси бўйича ўтказилган референдумда сохтакорликка йўл қўйилганини иддао қилиб судга мурожаат қилишини маълум қилди.

23 декабр куни мухолифатдаги Миллий қутқариш фронти Миср янги конституцияси бўйича икки босқичда ўтказилган референдум натижалари “сохталаштирилгани ва қонунбузарликка йўл қўйилгани” юзасидан судга мурожаат қилишини билдирди.

Миллий қутқариш фронти аъзоси Амр Ҳамзавий якшанба куни журналистларга мухолифат сайлов комиссиясидан “референдумнинг якуний натижасини эълон қилишдан олдин қонунбузарлик холларини ўрганиб чиқишни сўраб мурожаат қилгани”ни айтди.

Миллий қутқариш фронти аъзоси Ҳамдин Сабаҳ мухолифат тинч қонуний йўллар орқали курашни давом эттиради, дея баёнот берди.

- Биз ушбу конституцияни қонуний йўл орқали имкон қадар тез фурсатда йўққа чиқариш учун биз тинч коллектив курашимизни давом эттиришга қарор қилганмиз. Чунки бу конституция Миср халқига лойиқ эмас, деди Ҳамдин Сабаҳ.

Миср янги конституцияси бўйича ўтказилган референдум натижалари юзасидан текширув ўтказиш кераклиги ҳақидаги чақириқни Ғарб давлатлари ичида биринчи бўлиб Германия қўллаб-қувватлади.

Мисрнинг давлатга қарашли Ал-Аҳрам ахборот агентлиги дастлабки натижаларга асосланиб референдумда овоз берган фуқароларнинг 64 фоизи янги конституция лойиҳасини маъқуллаб овоз берганини билдирди.

Миср Президенти Муҳаммад Мурсий янги конституция мамлакатнинг демократияга ўтишида муҳим эканини таъкидлаган.

Бироқ президентнинг сиёсий рақиблари янги конституция аёллар ва озчиликни ташкил этган гуруҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаслигини иддао қилган.

Миср янги конституцияси лойиҳаси Мусулмон биродарлиги ҳаракати кўпчиликни ташкил эганган мамлакат парламентининг Қуйи палатаси томонидан ишлаб чиқилган.

Янги конституция бўйича референдум икки босқичда, яъни, 15 ва 22 декабр кунлари ўтказилди.

Мисрнинг Марказий сайлов комиссияси референдумнинг якуний натижасини 24 декабр куни тасдиқлаши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG