Линклар

M&TVA мукофоти: Қўйнидан тўкилса қўнжига...


Райҳон, мана, нечанчи мартадир “энг яхши аёл хонанда” бўлди

Райҳон, мана, нечанчи мартадир “энг яхши аёл хонанда” бўлди

Тошкентда 22 декабрда ўтган M&TVA мукофотларини топшириш маросими икки жиҳат билан ёдда қолди. Биринчиси, дабдабаю асъаса ҳар йилгидан мўл бўлди. Иккинчиси, “Миллий мукофот” деб жар солинган MTVA шахсий мукофотга айлангани кўринди-қолди.

Шанба оқшоми “Халқлар дўстлиги”... узр, “Истиқлол” санъат саройига (номи ўзгарганига аллазамон бўлди, лекин ҳалиям тил эскисига югуриб кетади) Ўзбекистон маданияти ва санъатининг пешқадамлари – бомонд жам бўлди.

Ташқарида қаҳратон қиш изиллатади, ҳайҳотдек санъат саройида эса чаппар уриб баҳор гуллаган!

Ажнабий брендларга бурканган юлдузлар; юзига упа-эликни аямай суртган таннозлар; сохта табассумли арбоблар; бўш-баёв ёш-ялангдан юлдуз ясашга уста корчалонлар; “артист”ларнинг тиригини кўриб, оғзи Самарқанддарвозадек ланг очилган биз каби мухлислар...

Аслзодаю авом йиғилган издиҳом. Тўрт минг кишини кўрдим демайдиган зал қирққулоқ қозондек қайнайди ўзиям!..

Кўрганларимни бош-оёқ ҳикоя қилмоқчи эмасман, ҳожатбарор хакерларимиз омон бўлса, эрта-индин диск чиқади – концертга тушмаганлар ҳам барини баҳузур томоша қилаверади.

Фақат... таажжубимни оширган битта ҳолатга тўхталмоқчиман.

MTVA мукофотининг таъсисчиси ким? Э ўлманг, Гулнора Каримова!
Одатда, мукофот ташкил қилганлар кулгига қолмаслик учун совринни ўзига ёки қўл остидагиларга бермайди. Расми шунақа.

Лекин расм-русумларга қараб ўтирмай, MTVAнинг бир қанча номинацияси Гулнора Каримованинг ўзига ёки унга билвосита қарашли ижодкорларга берилди.

“Энг яхши телебошловчи” номинациясида “улоқ” “TV Марказ”чи Ойбек Рихсибековда кетди (“Марказ” телеканали кимнинг қаламравида эканини эслатишнинг ҳожати йўқдир).

“Замин” радиоканалидан Зиёвиддин Аҳмаджонов “Энг яхши радиобошловчи” деб топилди (билишимча, бу радиоканал ҳам мукофот таъсисчисига тегишли).

“Энг яхши телелойиҳа” – “Ошга марҳамат” (яна ўша “Марказ”!).

“Энг яхши теледизайн” номинациясида ғолиб – “Форум ТВ”. (бу телеканал ҳам Фонд Форум билан мисоли эгизак).

“Энг яхши клип” номинациясида Гугушанинг “Round Run”ига бирор бир профессионал хонанда тенг келолмади! Ҳайтовур, Гугуша “бағрикенглик” қилиб ўз номзодини қайтариб олганини айтди: соврин хонанда Шоҳруххоннинг қўшиғига раво кўрилди.

“Йил воқеаси” – Гулнора Каримова муаллифлигидаги Стайл.уз ҳафталиги!

Хуллас, мукофотлар “қўйнидан тўкилса қўнжига” қабилида улашилди, анча-мунча номинация бегона бўлмади.

Ўзбекистонда ҳозир телерадиоканалдан кўпи йўқ. Наҳотки, Гулнора Каримовага қарашли бўлмаган каналлардан мукофотбоп ижодкорлар чиқмади?

Жаҳонгир Фозилжонов яна мамлакатнинг энг яхши эркак хонандасими?!

Райҳон, мана, нечанчи мартадир “энг яхши аёл хонанда” бўлди (саноқдан ўзи ҳам адашиб кетса керак). Бу номга, дейлик, Россия телеканалларида, умуман, дунё саҳналарида Ўзбекистонни боплаб танитаётган Севара Назархон муносиброқ эмасмиди?!

Халқаро фестивалларда совриндор бўлган “Паризод” каби фильмлар турганида, актёр Алишер Узоқов шунчаки мўмай пул ишлаш учун суратга олган “Энди дадам бўйдоқ” киноси энг яхши фильм бўлиб қолдими?!

Бундай мулоҳазани ҳар бир номинация бўйича айтиш мумкин. Хуллас, мукофотни тақсимлашда ўнг чўнтакдан олиб чап чўнтакка солгандек иш тутилгани, менимча, инсофдан бўлмади...

M&TVA (Мусиқа, теле- ва видео-арт) мукофотларини Гулнора Каримова етакчилик қиладиган "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси, Қўшиқлар муаллифлари ва ижрочилари гильдияси ҳамда "TVM" телеканали таъсис этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG