Линклар

Ўзбекистонда радиация аварияларига тезкор чора кўрадиган тизим тузилмоқда



Ўзбекистонда радиация аварияларини башорат қилиш, олдиндан аниқлаш ва тезкор чора кўриш бўйича ягона давлат тизими ташкил этилади. Бу тизим фавқулодда вазиятлар ҳақида огоҳлантириш ва ҳаракат қилиш Давлат тизимининг ажралмас қисми бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси 20 декабр кунги қарори билан радиация аварияларини башорат қилиш, олдиндан аниқлаш ва тезкор чора кўриш бўйича ягона давлат тизими ташкил этиш ҳақидаги низомни тасдиқлади.

Газета.уз Интернет нашри хабарига кўра, низомда янги тизим структураси ҳамда назоратсиз қолган ионлашган нурланиш манбаси аниқланган пайтда бошқа назорат ва куч ишлатар органлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиши тартиби кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўзини таништириишни хоҳламаган ходими Озодлик билан суҳбатда янги тизим тузишдан мақсад радиоктив фалокат рўй беришининг олдини олишдан иборат эканини айтди.

- Мақсад радиация аварияларининг юзага келишини олдиндан башорат қилиш, уларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этишдан иборат, деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими.

Ҳукумат маъқуллаган низомга кўра, радиация аварияларини башорат қилиш, олдиндан аниқлаш ва тезкор чора кўриш тизими аҳоли ва ҳудудларни табиий, техноген ва бошқа офатлардан кейин рўй бериши мумкин бўлган радиоактив ифлосланишдан ҳимоя қилиш салоҳиятига эга бўлган давлат бошқаруви органлари ва жойлардаги давлат ҳокимияти, хўжалик объектлари, корхона ва ташкилотларни ўз қамровига олади.

Янги тизим ҳудудий, функционал ва ахборот-таҳлилий бўлимлардан иборат бўлиб республика, маҳаллий ва объект даражаларига бўлинади.

Радиация аварияларининг олдини олиш, локализация қилиш (тарқалишига йўл қўймаслик) ва оқибатларини тугатиш тадбирларига авария-қутқариш ва қидирув-қутқариш тузилмалари, шунингдек, мамлакат президенти қарори билан, Мудофаа вазирлигининг бирлашмалари, қисмлари ва ташкилотлари жалб этилиши мумкин.

Радиация аварияларини башорат қилиш, олдиндан аниқлаш ва тезкор чора кўриш тизимини барпо этиш ва фаолиятини умумий бошқариш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳар йили жойларда бошқа вазирликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда аварияларини башорат қилиш, олдиндан аниқлаш ва тезкор чора кўришда ўзаро ҳаракатни мувофиқлаштириш бўйича махсус тактик машғулотлар ўтказиши режаланган.
XS
SM
MD
LG