Линклар

Россиянинг МТС мобил алоқа компанияси ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятини қайта тиклаш юзасидан Ўзбекистон билан “интенсив” сўзлашувлар олиб бормоқда.

Бу ҳақда бугун “Система” корпорацияси раҳбари Владимир Евтушенковдан олинган маълумотга таяниб, ИТАР-ТАСС агентлиги хабар қилди.

“Система” корпорацияси раҳбари Владимир Евтушенковдан олинган маълумотга таяниб, ИТАР-ТАСС агентлиги берган хабарда айтилишича, шу кунларда Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари аро олиб борилаётган интенсив мулоқотлар келаси йилнинг бошига қадар давом этиши мумкин.

“Сўзлашулар жараёни кетмоқда, лекин бу жараён келаси йил бошигача давом этадиганга ўхшаб турибди”, деган Евтушенков агентлик мухбирига.

Евтушенков Ўзбекистон ҳукумати МТСга нима таклиф қилажаги тўғрисида бир нима дейишга қийналган, лекин у Ўзбекистон “ҳукумати даражасида, ҳукумат комиссияси даражасида интенсив мулоқотлар олиб борилмоқда”, деган ИТАР-ТАСС агентлиги мухбирига.

Айтилишича, бу масала шу кунларда Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам кўтарилган.

“Бир-икки, боринг ана уч ой олдинроғу кейинроқ – бундан бир нарса ўзгариб қолмайди”, деган Евтушенков.

Евтушенковнинг бу баёноти юзасидан мурожаат қилганимизда МТС ширкати матбуот котиби Валерия Кузменко яна "ҳеч қандай изоҳ бера олмаслиги"ни айтди.

Аммо, МСТ-Ўзбекистон ширкатининг янги йилдан Ўзбекистонда фаолияти тикланиши ҳақидаги тахминларни кучайтирган баёнотида Евтушенков, шунингдек компания Ўзбекистонга қайтган тақдирда шароитлар аввалгидай бўлмаслигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Дарвоқе, куни кеча Озодликка боғланган ва исмини айтмаслигимизни сўраган мутахассис – телекоммунакиция соҳаси мухандиси, "Ўздунробита"нинг 14 йиллик абоненти ҳам янги йилдан ширкат иши тикланиши ҳақидаги гап-сўзлардан хабардор эканини айтди.

Унинг айтишича, аввал фақат МТСнинг антенналари қад ростлаган чекка туманларда ҳозир Beeline ва Ucell ширкатлари антенналари кўрина бошлаган.

Ўзбекистонда мобил алоқа сифатининг ёмонлашишига жиддий сабаблардан бири – электр таъминотидаги узилишларга қарши, худди МТС каби бардошли бўлиш учун бу икки ширкат ҳам кучли аккумуляторлар ўрнатаётганидан сўзлади бу мухандис.

- Мисол учун, ҳозир Beeline ва Ucell ҳам модернизация қилиш йўлига кирди. Илгари уларнинг абонентлари кам эдида. МТСдан кўп абонент ўтди. Тушим ҳозир катта бўлаяпти. Beeline ва Ucell ҳам ҳозир катта ишлар олиб бораяпти. Улар ҳам билади, эрта МТС қайтиши мумкин. Абонентлар кетиб қолмаслиги учун ҳаракатини қилишаяпти улар ҳам, деди исмини айтмаслигимиз шарти билан сўзлаган мухандис.

Гарчи ўтган қарийб ярим йил давомида мисли кўрилмаган имкон – миллионлаб абонент оқимига рўбару келган ва бунча мижозга сифатли алоқани таъминлаб беришга ҳануз қийналаётган тўрт мобил ширкати – Beeline, Ucell, Perfectum Mobile ва Uzmobile алоқа операторларининг хизмат сифати ҳануз паст даражада қолмоқда.

Оғир бўлсада, бундай имконни қўлдан бермаслик учун астойдил уринаётган ширкатлар келгуси йилда алоқа сифатни ўнглаш учун хориж сармоядорларидан 78 миллион АҚШ доллари ортиқроқ миқдорида сармоя олиш ҳаракатида эканини билдирди.

Бундан ташқари, айрим ширкатлар абонентлар учун хизмат ҳаққини ҳам сезиларли равишда ошириб бормоқда.

- Кўп абонентлар ўтгани учун Beeline билан Ucell тарифларини жуда ўзгартириб юборди. Ҳар кунига мисол учун абонплатани қўйди, ҳамма тарифига. Илгари ҳамма тарифида абонплатаси йўқ эди. Ҳозир бир кунда телефон қилсангиз, қилмасангиз икки цент уради. Баъзида счëтингиздан шунча пул кетиб қоладики, тушунмай ҳам қоласиз, деди исмини айтмаслигимиз шарти билан сўзлаган мухандис.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатган, 31 июл куни эса Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган эди.
XS
SM
MD
LG