Линклар

ФондФорум Шайх Абдулазиз Мансурга ташаккур билдирди


Сурат Sayyod.uz сайтидан олинди.

Сурат Sayyod.uz сайтидан олинди.


ФондФорум ташкилоти раҳбари Гулнора Каримова жамғарманинг йил якунларига бағлишланган тантанали маросимда "Ислом маданияти" йўналишидаги хизматлари учун шайх Абдулазиз Мансурни шахсан тақдирлади.

Сўнгги бир неча йиллардан буён йилдан буён кузатилаётган анъанага мувофиқ Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми йил якунларига бағишланган онлайн-анжуманида бу йил ҳам Ўзбекистонда кўзга кўринган ўнлаб маданият, санъат, кино, илм-фан олами намоёндаларини мукофотлади.

Ташаккурнома берилганлар орасида эса Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳам бор эди.

Шайх ҳазратлари Озодлик билан суҳбатда унга ислом маданияти йўналишида олиб борган ишлари учун ташаккурнома билдирилгани ва у киши икки йилдан буён шахсан Гулнора Каримова ташаббуси билан ташкил қилинган лойиҳада иш олиб бораётганини сўзлаб берди.

- Мана икки йилдан буён шу ФондФорумнинг ташаббуси билан Ўзбекистондаги барча обидалардаги арабий ёзувларни ўрганиб чиқдик ва уни таржима қилиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этдик. Ҳозир 7 та томини чиқардик, яна 7 та том чиқади яқинда. Бу шахсан Гулнора Каримованинг ташаббуси. Шу вақтгақача қаранг, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган экан бу нарса, деди шайх Абдулазиз Мансур.

ФондФорум жамғармаси фаолияти ва бу жамғарма ўтказаётган тўхтовсиз тадбирларнинг ҳаммаси аслида унинг етакчиси Гулнора Каримованинг шахсий "пиар" кампаниясига айлангани ҳақидаги танқидий муносабатларга жавобан шайх анча оптимистик фикр билдирди.

- Бўлиши мумкин, буни энди кимдир расман эълон қилмайдику, нима мақсадда қилинаётганини?! Нима мақсадда қилаётганини фақат ўзлари ва Худо билади. Лекин қилинаётган ишларнинг акс-садосини сиз ҳам кўриб турибсиз, Озодликдан ҳам эшитиб турибмиз. Халқ ҳунармандчилиги, маданият соҳасида қанча яхши ишлар бўлаяпти, санъатнику ўзингиз биласиз! Энди "президентнинг қизлари бўлгандан кейин, бунақа ишларни ўзларининг обрўсини ошириш учун қиляпти" деганга ўхшаган гаплар энди ўз-ўзидан бўлаверади, деди шайх Абдулазиз Мансур.

Шайх ҳазратлари уч йилдан буён ФондФорумнинг жамоатчилик кенгашисининг аъзоси ҳамдир.

Қуйида шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.




"Амбицияли ҳар бир одам мамлакат раҳбари бўлиши мумкин"

Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримова ўз етакчилигидаги Фонд Форумнинг ҳисобот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берар экан келгусида президентликка номзодини илгари суриши эҳтимолини назардан соқит қилмади.

Пайшанба куни Фонд Форумнинг йиллик фаолиятига доир ҳисобот тадбири муносабати билан уюштирилган матбуот анжуманида Каримова хонимдан у етакчилик қиладиган ташкилот фаолиятига оид саволлардан ташқари Twitter, йога ва Ўзбекистоннинг навбатдаги президенти бўлиш нияти бор-йўқлиги ҳақида ҳам сўралди.

РИА Новости ахборот агентлиги мухбирининг “ўзингизни Ўзбекистоннинг потенциал президенти президенти сифатида кўрасизми”, деган саволига Каримова хоним “амбицияли ҳамда мияси жойида ва интилувчан ҳар бир одам потенциал давлат раҳбари бўлиши мумкин”, деб жавоб қайтарди.

Бунга Каримова ўзининг отаси Ислом Каримовни мисол тариқасида келтирди.

"У камбағал ва кўп болали оиладан чиққан. Ўз фаолияти давомида жиддий ютуқларга эришиб, нафақат президент бўлган, СССР даврида 25 йил Госпланда ҳам ишлаган", дея Гулнора Каримова сўзларидан иқтибос келтиради РИА Новости.

Бу сўзлардан кейин Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ўзини ҳам амбицияли одам деб ҳисоблашини қўшимча қилган.

"Мен баъзида ўзим учун потолок (имкониятларим чегараси демоқчи-таҳр) нима, деган саволга жавоб беришга қийналаман, лекин ўзимни ривожланаётган инсон сифатида аниқ чегара қўйилмаган киши деб ҳисоблайман", деган Каримова.

CA-News агентлиги эса Гулнора Каримованинг матбуот анжуманида журналистларнинг келгусида президент бўлиш нияти бор-йўқлиги ҳақидаги саволларига жавобан "Худони кулдирмоқчи бўлсанг, беш дақиқадан кейин нима қилишингни айт", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Озодлик мухбири Каримова хонимнинг "Фонд форум" ташкилотига бу баёнот юзасидан изоҳ сўраб, мурожаат қилди, лекин ташкилот матбуот вакаили бу изоҳ беришдан бош тортди.


Сиёсатчи, филантроп ва оддий ўзбек аёли

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи 40 ёшли Гулнора Каримова кейинги бир йил давомида бу каби ҳатти-ҳаракатлари билан тез-тез жамоатчилик оғзига тушмоқда.

Асосан ёшларни ўзига ром қилишга қаратилган PR акциялар сирасидан Гулнора Каримованинг шу йил бошроғида инглиз тилидаги "Round Run" қўшиқлар албомини чиқаргани, инглиз тилида сўзлашувчи ғарбда "диктаторнинг қизи қўшиқ айтмоқда", қабилидаги иборалар билан қабул қилинган бўлса-да, Ўзбекистонда оламшумул воқеа сифатида олқишланди.

Ундан кейин "Round Run" қўшиғига Бухорода видеклип олингани ҳам Googoosha таҳаллуси билан ижод қиладиган Гулнора Каримова мухлислари томонидан юқори баҳоланди. Лекин клипни суратга олиш жараёнида Бухоронинг тархий қисми ёпиб қўилгани мунозараларни келтириб чиқарди.

Ўзини сиёсатчи, қўшиқчи, дизайнер, шоира ва оддий ўзбек аёли деб тақдим қиладиган Гулнора Каримова ёш журналистлар учун ташкил қилинган ёзги лагерга ташриф буюриб, карате кўрсатгани ҳам ёшларни ўзига қаратиш уриниши ўлароқ талқин қилинди. Озодлик сайтида бу ҳақда эълон қилинган мақолага жавобан Гулнора Каримова “ҳеч кимга карате кўрсатмагани”, у намойиш қилган “приёмлар” эса Шао-линь роҳибларининг У-шу жанг санъатига доир эканини таъкидлади.

Жорий йилда Гулнора Каримова етакчилигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳомийлик қилгани айтилган “хайрия тўйлар” акцияси доирасида Ўзбекистон вилоятларида кам таъминланган оилаларга мингтадан хатна ва никоҳ тўйлари уюштириб берилди. Лекин “хайрия тўйлари” маҳаллий тадбиркорлардан унидириб олинган ўлпон ҳисобидан қилингани яна мунозараларни келтириб чиқарди.

Санъат ва ўзбек маданияти ҳомийси сифатида ҳам танилган Гулнора Каримова ўтказган “Art Week Style.Uz” санъат ҳафталиги президент қизининг энг катта PR тадбирлари бўлди ва минглаб ўзбек ёшлари, асосан шоу-бизнес олами кунда-шундаларининг хурсанчилигига сабаб бўлди. Лекин “Art Week Style.Uz” ҳафталиги бу йил ҳам пахта мавсуми авж палласига чиққан пайтда, аксар ўзбекистонлик ёшлар пахта далаларида тонгдан шомгача тер тўкаётган шароитда ўтказилгани танқидларга сабаб бўлди.

Отасининг ўрнига президентликка даъвогарлик қилаётгани айтилаётган Гулнора Каримова обрўйини кўтаришга қаратилган PR кампаниясининг кучайгани Швеция ва Швейцарияда президент қизига яқин шахслар коррупция ва пул ювишга алоқадорлиги юзасидан тергов кетаётган пайтга тўғри келгани билан ҳам эътиборлидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG