Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

Газпром Ўзбекистондан сотиб олаётган газ ҳажми қисқармоқда


Ўзбекнефтегаз ширкати рус матбуотининг кучли совуқ боис Ўзбекистон шу йилнинг декабр ойи ўрталаридан экспортга кетаётган газнинг маълум бир қисмини ички эҳтиёжига буриб юборгани ҳақидаги хабарини тасдиқлади.

Айни пайтда Россиянинг Газпром ширкати Ўзбекистоннинг Ўзбекнефтегаз ширкати билан кейинги икки йил учун тузган шартномасида сотиб олинажак ўзбек гази ҳажмини сезиларли равишда озайтирди.

Газпром ва Ўзбекнефтегаз ширкатлари ўртасида 2013-2015 йилларга тузилган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома 24 декабр куни Тошкентда имзоланди.

Gazprom.ru расмий сайтидаги хабарда кейинги икки йил ичида Россия томони Ўзбекистондан аниқ қанча газ сотиб олишга келишилгани ҳақидаги аниқ айтилмаган.

- Газпром раисининг муовини Александр Медведев Тошкентда Ўзбекнефтгаз раҳбари Шокир Файзуллаев билан 2013-2015 йиллар оралиғида ўзбек газини сотиб олиш бўйича шартномани имзолади. Лекин, тижорат сири нуқтаи назардан ҳозирча янги шартнома тафсилотларини очиқлай олмаймиз, деди Газпром матбуот ҳизмати ходими Ирина Дмитриева.

Ўзбекнефтгаз миллий холдинг компанияси матбуот вакили Тамара Обидова ҳам янги шартнома бўйича изоҳ бера олмаслигини айтди.

- Бу маълумотлар конфиденциал ҳисобланади, янги шартнома ҳақда ҳеч нарса айта олмайман, деди Обидова.

Айни пайтда рус матбуоти Газпром ва Ўзбекнефтгаз ўртасида эришилган янги шартномага мувофиқ келаси йил Ўзбекистондан Россияга газ узатиш сезиларли камайиши ҳақида хабар қилмоқда.

Интерфакс агентлиги берган хабарда айтилишича, 2013 йилда Газпром Ўзбекистондан 7 ярим миллиард метр куб ҳажмидаги газни ҳар минг метр куби учун 253 АҚШ доллари нархида сотиб олишни режаламоқда.

Оммавий ахборот воситаларида берилган хабарларга кўра, 2012 йил бошидан буён Ўзбекистон Россияга 8 миллиард 686 миллион метр куб ҳажмида газ сотган.

2011 йил якунига қадар эса Газпром сотиб олган ўзбек гази ҳажми бундан бир баробарга кўп — 16 миллиард метр куб эди.

Россия матбуоти бераётган хабарларда айтилишича, Ўзбекистондан олинаётган газ ҳажми шу йилнинг декабр ойи ўрталарида Ўзбекистондаги кучли совуқ боис камайишни бошлаган. Яъни, Ўзбекистон томони экспортга кетаётган газнинг маълум бир қисмини ички эҳтиёжи учун буриб юборгани айтилмоқда.

Аммо, Ўзбекистонда йилдан-йилга оғирлашиб бораётган газ таъминоти бу йилга келиб янада абгор ҳолга тушгани кузатилмоқда. Ҳозир нафақат вилоятлар, балки пойтахт Тошкентда ҳам газ таъминотида узилишлар бўлмоқда.

Айни пайтда мамлакат ичкарисида аҳвол тобора оғирлашиб бораётган бир кезда Ўзбекистон ҳукумати газ етказиб бериш бўйича Хитой билан тузган шартнома шартларини ҳам бажариш мажбурияти остида қолмоқда.

Шартномага мувофиқ Ўзбекистон йилига 10 миллиард метр куб газни Хитойга етказиб бериши керак.

Қизиғи, Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси бераётган маълумотларга кўра, мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми йилдан-йилга озайиб бормоқда.


Тожикистонга ҳам газ узатиш камаяди

Жорий йилнинг 31 декабридан Ўзбекистон Тожикистонга газ узатишни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирган.

Тожиктрансгаз расмийлари бу ҳақда ўзбекистонлик ҳамкабсларидан огоҳлантирув хати олганликларини тасдиқлашди.

- Ўзбекистон томони нимага бундай қарорга келгани борасида тушунтириш бермаяпти. Ўзбекистондан Тожикистонга газ узатиш ҳажми ҳозирдан сезиларли камайган, деди Тожиктрансгаз ширкатининг ўз исмини айтмаган расмийларидан бири.

Тожикистон томони Ўзбекистондан оладиган ҳар минг метр куб газ учун 300 доллар тўлайди. Ўзбекистон Тожикистон билан йил бошида эришилган шартномага мувофиқ Тожикистонга 2012 йил учун 145 миллион метр куб ҳажмида газ етказиб беришни зиммасига олган.

Тожиктрансгаз расмийларига кўра, 2012 йилнинг 1 январидан 25 декабрига қадар Ўзбекистон томони Тожикистонга узатган газ ҳажми 134 миллион метр кубни ташкил қилган.

Тожикистонда йилига 50 миллион метр кубга яқин газ ишлаб чиқарилиб, мамлакат эҳтиёжлари учун газ, асосан қӯшни Ӯзбекистондан сотиб олинади.

2011 йилда Ӯзбекистон Тожикистонга 160 миллион метр куб миқдорида газ етказган эди. Ӯзбек газидан, асосан, Тожикистондаги алюминий ва цемент корхоналари фойдаланади.

Ўзбекистон томонининг Тожикистонга газ таъминотини тўхтатиб қўйиши ТАЛКО алюминий заводи фаолиятини хавф остига қўйиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига яқин ҳудудда жойлашган Тожикистоннинг
ТАЛКО алюминий заводи Ўзбекистондан импорт қилинадиган газнинг тўртдан бирини истеъмол қилади.

Ўзбекистон томони Сурхондарё билан чегарадош ҳудудда жойлашган Тожикистон алюминий заводини атроф-муҳитга зарар келтираётганликда айблаб келади.


Газ кўпроқ ички талабни қондиришга сарфланади

Ўзбекистондан четга газ экспорт қилиш ҳажми камайгани бу мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми камайгани ва ички талабни қондиришга сафарбар этилиши билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Бу ҳақда, жумладан Интерфакс агентлиги берган хабарни Ўзбекнефтгаз миллий холдинг компанияси матбуот вакили Тамара Обидова Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

- Матбуотда тарқатилган бу хабар тўғри, - деди Обидова. Лекин, Ўзбекнефтгаз расмийси келаси йил ўзбек газининг қанча миқдори четга сотилиши ва қанча қисми ички имкониятлар учун сарфланиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмаслигини айтди.

Ўзбекистоннинг нефт ва газ заҳиралари ҳамда бир йил мобайнида қазиб олинган табиий бойликлар ҳақидаги расмий статистик маълумотлар тўлиқ ошкор этилмайди.

Ўзбекистоннинг 4-5 триллион метр куб ҳажмида газ заҳираси борлиги, йилига 60-70 миллиард метр куб газ қазиб олинаётгани айтилади.

Ўзбекистон қўшнилари Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россияга аввалдан газ сотиб келган, яқиндан эса Хитойга ҳам газ етказиб бериш ҳақида келишувни имзолаган.
XS
SM
MD
LG