Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

Дипломатнинг хотини сўмга учади


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 19 декабр куни қабул қилган бир қарори билан 2011 йил августидаги қарорига ўзгартиш киритди. Янги қарорда белгилаб қўйилган меъёрлар мухбиримиз диққатини ўзига тортди. Масалан, авиачиптани сўмга сотиб олиш учун дипломатнинг хотини бўлиш керак...

“Авиаташув хизматларини амалга оширишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 224-сонли қарорни ҳукумат 2011 йилнинг 1 августида қабул қилган ва унинг мазмуни ўша кунлари эълон қилганимиз материалнинг мана бу сарлавҳасида акс этганди: “Ўзбекистонда авиачипталар сўмга сотилмайди”

Ҳукуматнинг 19 декабр кунги қарорида назарда тутилган ўзгартишлар 2013 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Янги қарор матни билан танишканмиз, унда ҳукумат фуқароларнинг баъзи қатламларига имтиёзлар бериб қўйгани диққатимизни ўзига жалб этди.

Ўзбекники пул эмасми?

Аввало 2011 йил августидаги қарорни эслайлик.

Қўлимизда ўша - 224-қарор матни.

Унда бундай дейилган:

агар парвоз бошланадиган ва тугайдиган пунктлар Ўзбекистондан ташқарида бўлса, авиачипта Ўзбекистон резидентлари ва норезидентларига фақат чет эл валютасига сотилади;

Ўзбекистон резидентларига ва норезидентларга агар парвоз бошланадиган пункт Ўзбекистондан ташқарида бўлса, авиачипталар Ўзбекистон ҳудудида авиакомпаниялар, уларнинг ваколатхоналари ва агентлари томонидан фақат чет эл валютасига сотилади;

Бу 2011 йил августида қабул қилинган 224-қарорнинг асосий мазмуни эди.

Чиптафуруш нима деди?

19 декабр куни қабул қилинган қарор нимани ўзгартирди?

Бу саволни ҳорижий авиаширкатлардан бирининг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимига бердик.

Ходим янги тартибни жуда содда тушунтирди: авиаташувчи чет элники бўлса чиптани чет эл пулига, ўзники бўлса сўмга сотиб оласиз, деди.

-Чиптани қайси пулга сотиб олиш мижознинг истагига боғлиқми, деган саволимизга ходим "бу ҳукумат қарори, мижознинг истаги эмас", деб гапни қисқа қилди.

Ориқ эди, семирди...

Энди ҳужжатга, Вазирлар Маҳкамаси 19 декабр куни қабул қилган қарорга мурожаат қиламиз.

У, аниқроғи, қарорга тиркалган илова, 2011 йил, 1 августда қабул қилинган 224-қарорни бироз “семиртирган” холос.

Эски қарорда “хорижий авиаташувчилар, уларнинг ваколатхоналари ва агентлари”, деган тушунчалар йўқ эди. Улар янги қарорга қўшилди. Август қарорининг мазмун моҳияти эса, ўзгармади.

Мана, эшитинг:

“хорижий авиаташувчилар, уларнинг ваколатхоналари ва агентлари – парвоз бошланадиган ва якунланадиган пункт қаерда бўлишидан қатъиназар Ўзбекистон Республикаси резидентларига ва норезидентларига авиачипталарни хориж валютасига сотишлари мумкин.

Айни пайтда, хорижий авиаташувчиларга, агар парвоз бошланадиган пункт Ўзбекистонда бўлса, авиачипталарни Ўзбекистон резидентларига Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида сотишга рухсат этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси норезидентларига парвоз бошланадиган ва якунланадиган пункт қаерда бўлишидан қатъиназар авиачипта чет эл валютасига сотилади.


Ўзбекистон резидентларига эса, парвоз бошланадиган пункт Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган ҳолатлардагина авиачипта чет эл валютасига сотилади”.

Шошилманг, охиригача ўқинг

Янги қарорга тиркалган иловада яна бир-икки ўта муҳим меъёр бор. У ҳақда гапиришдан олдин ўтган йилнинг августида “Ўзбекистонда авиачипталар сўмга сотилмайди” сарлавҳаси остида эълон қилинган материалда келтирилган ва ўз долзарблигини бугун ҳам мутлақо йўқотмаган мана бу гапларни яна айтиб қўймоқчимиз.

Таҳлилчилар фикрича, авиачипталарни чет эл валютасига сотишни меъёр қилиб берган ҳукумат қарори қонунга зиддир ва унинг қабул қилиниши мамлакат валюта резервларининг ўта ғариблашиб қолгани белгисидир.

Ўзбекистонда пул алмаштириш шаҳобчалари мавжуд, бироқ улардан чет эл валютасини давлат курсида сотиб олиш деярли имконсиздир, чунки Ўзбекистонда чет эл валютасининг икки хил курси мавжуд.
Валюталар курси икки хил эканлигидан бу соҳани назорат қилаётган ҳукуматга яқин гуруҳлар фойда кўрмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 1 август кунги (2011) “Авиақатнов хизматлари реализациясини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори валютани давлат курсида сотиб ололмайдиган оддий ўзбекистонликлар зарарига ишлайди.

19 декабр кунги қарор эса, оддий ўзбекистонлик кўраётган зарарни мутлақо камайтирмайди.

Дипломатнинг хотини...

Худди шу ўринда ҳукуматнинг 19 декабр кунги қарорида белгилаб қўйилган бир меъёр тўғрисида хабар қилиб қўймоқчимиз.

Меъёрки, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ва консуллик муассасалари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати амалга оширадиган парвозларга (парвоз республикадан ташқарида бошланса ҳам) чиптани миллий валютага харид қилиш ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, қарорда белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон президенти ва ҳукумати қарори билан Ўзбекистоннинг норезидентлари - жисмоний шахслар ҳам авиачипталарни миллий валютага сотиб олиши мумкин.

Бирон бир чет элликнинг битта билет сотиб олиш учун президентдан қарор чиқариб беришини сўрашини тасаввур қилишнинг ўзи кулгили.

Унда, бу нима дегани? Ҳукуматга алоқаси борлар ва уларнинг қариндош-уруғи авиачиптани сўмга, авом эса қора бозордан сотиб олинган долларга харид қилсин, деганими?

Бу саволни қарор муаллифи Ш. Мирзиёевга беришнинг имконини топ олмадик.
XS
SM
MD
LG