Линклар

logo-print

Авиаҳалокатда қозоқ чегара хизмати раҳбарлари қурбон бўлди


Қозоғистон чегара хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Тургамбек Стамбеков ва унинг ходимлари Остонада ўтган йиғиндан сўнг Шимкентга қайтаётган эди.

Қозоғистон чегара хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Тургамбек Стамбеков ва унинг ходимлари Остонада ўтган йиғиндан сўнг Шимкентга қайтаётган эди.

Қозоғистон жанубидаги Шимкент шаҳрида 25 декбар куни кечга яқин АН-72 ҳарбий –транспорт самолётининг ҳалокатга учраши оқибатида 27 одам қурбон бўлди. Уларнинг 20 нафари йўловчи ва 7 нафари экипаж аъзолари экани айтилмоқда.

Воқеа гувоҳларига кўра, АН-72 учоғи Шимкент шаҳри атрофидаги қишлоқлардан биридаги даштга қулаган. Ҳалокат жойига етиб келган яқин атрофдаги аҳоли вакиллари йўловчилардан ва экипаж аъзоларидан бирортаси тирик қолмаганини кўришган.

- Учоқ қулаганидан сўнг тўртга бўлинган. Одамлар эса ҳар томонга сочилиб кетган. Ҳозир учоқ атрофини Қозоғистон чегарачилари ўраб олган. Ҳалокат содир бўлган ҳудудга ҳеч кимни яқин йўлатишмаяпти, -деди воқеа гувоҳларидан бири Қозоғистондаги 7-каналга берган интервюсида.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, чегара қўшинларига қарашли бўлган мазкур учоқ Остонадан Шимкентга учаётган эди. Ҳалок бўлганлар орасида чегара қўшинлари қўмондони вазифасини бажарувчи полковник Тургамбек Стамбеков ҳам бўлган.

Ахборот агентиликлари тарқатган сўнгги хабарларга қараганда, учоқ йўловчиларининг барчаси чегарачилар экан. Ҳалокатда Қозоғистон чегара хизмати раҳбари ўринбосари, шунингдек, “Жануб” ҳудудий бошқармасига қарашли барча чегара ҳарбий қисмлари командирлари қурбон бўлган.

Қозоғистон Чегара хизмати барча қутқарув-қидирув ишлари якунлангачгина ҳалок бўлганлар борасида аниқ маълумот берилишини билдирмоқда. Бироқ Чегара хизмати расмийлари ҳақиқатан ҳам АН-72 учоғининг йўловчилари юқори лавозимли зобитлар бўлганини эътироф этмоқда.

- Чегара хизмати ҳарбий кенгашининг 2012 йил якунларига бағишланган йиғилиши ўтган эди. Йиғилишдан сўнг Чегара хизмати раҳбарияти ҳамда “Жануб” ҳудудий бошқармаси қўмондонлари учоқда Шимкентга қайтаётган эдилар, -деди Қозоғистон чегара хизмати расмийси Нурлан Сагинбаев.

Авиаҳалокат жойига оғир техника воситалари фақат 26 декабр куни эрталаб етиб келган. Ҳалокат жойига элтадиган йўлнинг йўқлиги ва об-ҳаво шароитининг ёмонлиги воқеа жойига ўз вақтида техника жалб этилишига ҳалақит берган.

Қозоғистон ҳарбий прокуратураси мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилди.

- 25 декабр куни соат 19 лар чамасида Шимкент шаҳри атрофида АН-72 учоғи ҳалокатга учради. Бу учоқ Қозоғистон чегара хизматига қарашли эди. Учоқда 27 йўловчи бўлган. Мазкур воқеа юзасидан Шимкент горнизони ҳарбий прокуратураси томонидан “Учиш тартибини ёки учишга тайёргарлик тартибини бузганлик учун” моддаси билан жиноят иши очилган, -деди Қозоғистон ҳарбий прокуратураси матбуот котиби Акбар Абдилдин.

Ҳеч ким омон қолмагани дарров маълум бўлди

26 декабр куни Чимкентга келган Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Нуртай Абикаев самолёт “қора қутичаси” топилгнани ва фожеа сабабларига турли версиялар кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Жанубий Қозоғистон вилояти Сайрам туманида 25 декабр куни маҳаллий вақт билан кечки соат еттилар атрофида рўй берган ҳалокат жойига етиб борган Озодлик мухбири Мира Муслимнинг айитишича, полициячилар ҳодиса рўй берган жой атрофини ўраб олган.

Лекин Озодлик мухбирининг ҳалокат гувоҳларига таяниб маълум қилишича, ҳарбий-транспорт самолёти шу даражада парчаланиб кетганки, ҳодисада ҳеч ким омон қолмагани дарров маълум бўлган.

Мира Муслимнинг айтишича, 26 декабр куни эрталаб Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Чимкентда матбуот анжумани ўтказган.

- Республика КНБ раҳбари Нуртай Абикаев ҳозир ҳодиса жойида. Бундан бир соат аввал у матбуот брифинги ўтказиб, сўнгги тафсилотларни маълум қилди. У самолёт қулаган жойга боргани ва қурбонлар яқинлари билан учрашганини айтди. Унинг айтишича, “қора қутича” топилган ва уни ўрганиш бошланган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокат сабаблари сифатида биринчи навбатда, об-ҳаво шароитининг ёмон бўлгани кўриб чиқилмоқда. Иккинчиси, одам фактори, учинчиси эса, техника носозлиги. Бироқ айтишларича, техниканинг аҳволи мутлақо қониқарли бўлган: самолёт 1990 йилда ишлаб чиқарилган, бундан бир ярим ой аввал тўлиқ кўрикдан ўтказилган ва ўшандан бери атиги 40 соат учган, дейди Озодлик мухбири.

Қурбонлар Тошкентга кетаётган бўлган

Расмий маълумотларга кўра, қулаган самолёт бортида Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати бошлиғи полковник Стамбековдан ташқари, яна беш полковник, тўққиз подполковник ва бошқа унвондаги зобитлар бўлган.

Озодлик мухбири Мира Муслимнинг айтишича, чегара хизмати раҳбарияти Чемкент орқали Тошкентга кетаётган бўлган.

- Улар Остонда давлат чегара хизмати йиғилишини ўтказиб, Чемкентда ҳам йиғилиш ўтказишлари керак бўлган. Бу мажлисда йил якунлари ва келаси йил режаларига оид масалалар кўрилиши керак бўлган. У ердан эса, Қозоғистон чегара хизмати раҳбарияти Тошкентга катта йиғилишга кетишлари режалаштирилган бўлган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари 26 декабр кунги матбуот брифингида об-ҳаво шароити ёмон бўлгани олдиндан маълум эди, дея билдирган.

- Унинг айтишича, самолёт қаттиқ энгашган ҳолда ерга урилган. Энг муҳими бу минтақада кеча қаттиқ шамол бўлди, қор аралаш ёмғир ёғди. Бундан ташқари КНБ бошлиғи, мухбирларнинг самолёт Остондан учиб кетиши олдидан об-ҳаво шароити ёмон бўлгани маълуммиди, деган саволига “ҳа”, дея жавоб берди, дейди Озодлик мухбири.

Чимкент яқинида содир бўлган авиаҳалокат муносабти билан Қозоғистонда 2012 йил 27 декабр куни миллий мотам куни, деб эълон қилинди.

Жорий йилда бу Қозоғистон чегарачилари билан боғлиқ илк фожиа эмас. Май ойида Қозоғистон-Хитой чегарасидаги постда 14 нафар чегарачи ва бир ўрмончи ўлдирилиб, жасадлари ёқиб юборилган эди. Ўшанда ҳам 5 июн куни миллий мотам куни, деб эълон қилинган эди.

Оммавий қотилликни содир этганликда айбланган оддий аскар Владислав Челах мунозараларга сабаб бўлган суд маҳкамасида, декабр бошида умрбод қамоққа ҳукм қилинди.

Челахнинг яқинлари ва тарафдорлари 19 ёшли чегарачининг 14 нафар сафдошини ўлдирганига ишонмасликларини айтиб келади.

Чоршанба кунги матбуот анжуманида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Нуртай Абикаевдан чегара хизати бир йил ичида иккита фавқулодда ҳодисани бошдан кечиргани тўғрисида ҳам сўрашган. МХҚ бошлиғи бу шунчаки тасодиф эканини билдириб, мухбирларни бу хусусда асоссиз тахминларни тарқатмасликка чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG