Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:03

Газ. Душанбега йўқ¸ Бишкекка қиммат


Kyrgyzstan - Gaz, generic, undated
Kyrgyzstan - Gaz, generic, undated

Йил охирига келиб Ўзбекистондан газ олувчи Тожикистон ва Қирғизистон билан расмий Тошкент ўртасида газ таъминоти ҳамда нархи борасида таранглик янада кучайгани айтилмоқда.



26 декабр куни расмий Бишкек газ таъминоти борасида Тошкент билан нарх борасида оғзаки келишганини очиқлади.

“Қирғизгаз” ширкати бошлиғи Турғунбек Кулмирзаев 2013 йили Ўзбекистон Қирғизистонга ҳар бир минг кубометри учун 253 АҚШ долларидан газ етказиб бериши борасида келишувга қараб қадам ташланаëтганини айтди.

Жорий йилда Қирғизистон жанубига Ўзбекистондан етказилаëтган газнинг ҳар минг кубометри 290 доллар¸ шимолий Қирғизистонга эса 224 доллардан пул тўланаëтган эди.

2013 йили бу нархнинг 253 долларга келтирилиши газнинг умумиятла қимматлаганини билдиради, дейди бу борадаги вазиятни ўрганган Озодлик радиоси қирғиз хизмати журналисти Улан Эшматов.

Журналистга кўра¸ Қирғизистон шимолида газ кўпроқ истеъмол қилинади.

Қирғизистон Бош вазири Жонтўра Сотиболдиев 25 декабр кунги ҳукумат йиғилишида Ўзбекистон билан газ борасида оғзаки келишилгани¸ аммо ҳужжатга қўл қўйилмаганини билдирди.

Сотиболдиевга кўра¸ 31 декабр кунигача расмий Тошкент билан газ борасидаги шартномага имзо чекилади.

Душанбе Тошкент ўртасидаги газ тортишуви

Айни пайтда, Тожикистон газ олди-сотдиси борасида Ўзбекистон билан келиша олгани йўқ.

Чоршанба куни Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов Ўзбекистон бош вазирига мактуб йўллаб газ таъминотини узмасликни сўради.

Ўзбекистон 24 декабр куни жорий йилнинг 31 декабридан Тожикистонга газ узатишни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди.

Тожиктрансгаз расмийлари бу ҳақда ўзбекистонлик ҳамкабсларидан огоҳлантирув хати олганликларини тасдиқлашди.

- Ўзбекистон томони нимага бундай қарорга келгани борасида тушунтириш бермаяпти. Ўзбекистондан Тожикистонга газ узатиш ҳажми ҳозирдан сезиларли камайган, деди Тожиктрансгаз ширкатининг ўз исмини айтмаган расмийларидан бири.

Тожикистон президентининг уйида ҳам газ йўқ


Душанбе шаҳар газ идораси бошлиғи Идибек Ëқубов 26 декабр куни Озодлик радиоси билан суҳбатда¸ мамлакат пойтахтида газ таъминоти мутлақо тўхтатилганини айтди.

- Чоршанба тонгида бутун Душанбеда газ мутлақо йўқ бўлди. Ҳатто Тожикистон президенти қароргоҳида ҳам газ йўқ¸- деди Идибек Ëқубов.

2011 йилда Ӯзбекистон Тожикистонга 160 миллион куб метр миқдорида газ етказган эди. Ӯзбек газидан, асосан, Тожикистондаги алюминий ва цемент корхоналари фойдаланади.

21 декабр куни Ўзбекистондан келаëтган газ оқимининг пасайгани боис Тожикистондаги энг йирик санаот корхонаси “Тожикцемент” ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон томонининг Тожикистонга газ таъминотини тўхтатиб қўйиши "ТАЛКО" алюминий заводи фаолиятини хавф остига қўйиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига яқин ҳудудда жойлашган Тожикистоннинг
"ТАЛКО" алюминий заводи Ўзбекистондан импорт қилинадиган газнинг тўртдан бирини истеъмол қилади.

Тожикистон томони Ўзбекистондан оладиган ҳар ҳар минг кубометр газ учун 300 доллар ҳақ тўлайди.

Ўзбекистон Тожикистон билан йил бошида эришилган шартномага мувофиқ Тожикистонга 2012 йил учун 145 миллион кубометр ҳажмида газ етказиб беришни зиммасига олган.

Тожиктрансгаз расмийларига кўра, 2012 йилнинг 1 январидан 25 декабрига қадар Ўзбекистон Тожикистонга узатган газ ҳажми 134 миллион кубометрни ташкил қилган.

Тожикистонда йилига 50 миллион кубометрга яқин газ ишлаб чиқарилиб, мамлакат эҳтиёжлари учун газ, асосан қўшни Ўзбекистондан сотиб олинади.

Газ кўпроқ ички талабни қондиришга сарфланади

Ўзбекистондан четга газ экспорт қилиш ҳажми камайгани бу мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми камайгани ва ички талабни қондиришга сафарбар этилиши билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Бу ҳақда, жумладан, Интерфакс агентлиги берган хабарни Ўзбекнефтгаз миллий холдинг компанияси матбуот вакили Тамара Обидова Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

- Матбуотда тарқатилган бу хабар тўғри,- деди Обидова.

Лекин, Ўзбекнефтгаз расмийси келаси йил ўзбек газининг қанча миқдори четга сотилиши ва қанча қисми ички эҳтиёж учун сарфланиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмаслигини айтди.

Ўзбекистоннинг нефт ва газ заҳиралари ҳамда бир йил мобайнида қазиб олинган табиий бойликлар ҳақидаги расмий статистик маълумотлар тўлиқ ошкор этилмайди.

Ўзбекистоннинг 4-5 триллион кубометр ҳажмида газ заҳираси борлиги, йилига 60-70 миллиард кубометр газ қазиб олинаётгани айтилади.

Ўзбекистон қўшнилари Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россияга аввалдан газ сотиб келган, яқиндан эса Хитойга ҳам газ етказиб бериш ҳақида келишувни имзолаган.
XS
SM
MD
LG