Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:35

“Оператив-қидирув фаолияти тўғрисида” қонун қабул қилинди


Uzbekistan - Police in Tashkent, 12May2010
Uzbekistan - Police in Tashkent, 12May2010
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 7 ноябр куни¸ Сенат томонидан 5 декабр куни қабул қилинган “Оператив-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун мамлакатдаги шундай фаолиятни тартибга солишга қаратилган биринчи ҳуқуқий ҳужжатдир.

Қонунда белгиланишича¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги¸ Миллий хавфсизлик хизмати¸ Давлат Божхона қўмитаси ва Бош прокуратура қошидаги солиқ¸ валюта жиноятлари ва жиноий даромадлар легализациясига қарши кураш Департаменти тезкор-қидирув фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.

Озодлик мухбири суҳбатлашган ҳуқуқшуносларнинг таъкидича¸ Ўзбекистондаги мазкур тизимлар ҳозирга қадар ҳам тезкор-қидирув фаолияти билан шуғулланиб келган ва шуғулланмоқда; қабул қилинган махсус қонун¸ амалда бўлиб келган бу фаолиятни тартибга солиш уринишидир.

Тошкентлик мустақил адвокат Гулнора Эшонхонова¸ тезкор-қидирув фаолияти моҳиятига ойдинлик киритади:

- Тезкор-қидирув фаолияти тергов олди ҳаракатларидан бири ҳисобланади. Масалан¸ жиноятни очиш учун кимнингдир телефон сўзлашувларини эшитишлари мумкин¸ ўзининг юриш-туришини кузатишлари мумкин¸ видеотасвирга олишлари мумкин. Тезкор-қидирув давомида далил тўпланади ва кейин гумон асослантирилиб¸ судга мурожаат қилинади. Фалончи шахс мана шу-шу жиноятларни содир этганликда гумон қилинаяпти¸ буни тасдиқлайдиган мана бу-бу далилларимиз бор¸ шуларнинг ичида мана бу телефон сўзлашувлари¸ ëки бировга пора бериб¸ пора олгани бор¸ деб далил сифатида судга тақдим этилади ва шундан кейин уни ушлаш ва ҳибсга олишга асос пайдо бўлади¸ дейди ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонова.

Бундай қонунсиз ҳам¸ масалан Ички ишлар вазирлиги ходимлари вазирнинг тегишли буйруқлари асосида шу иш билан шуғулланиб келмоқда¸ дейди ўзбек милициясининг собиқ ходими Шуҳрат Акрамов Озодлик билан суҳбатда:

- Бу ишни масалан ИИВ да¸ жиноят-қидирув, терроризмга қарши кураш бўлимлари ходимлари амалга ошириб келмоқда. Уларнинг туманларда ўз гуруҳлари бор. Ундан ташқари¸ бу иш профилактика инспекторлари зиммасига ҳам юкланади ва бу иш билан кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда профилактика инспекторлари шуғулланади. Масалан¸ жиноий ҳолат бўйича ҳеч қаерга сводка берилмайди¸ лекин иш бўйича шуғулланилади¸ кузатув олиб борилади¸ гумондор ëки аниқ жиноятчининг қочиб кетиши олдини олиш учун тегишли эҳтиëт чоралари кўрилади¸ дейди собиқ милиционер.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган ахборотномада¸ “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида” қонун қабул қилинишининг суриштирув ва дастлабки тергов сифатини ошириш¸ ҳуқуқбузарликлар олдини олиш¸ суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари фаолиятини либераллаштиришга хизмат қилиши айтилади.

Мустақил ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонова постсовет ҳудудларидаги аксар давлатларда кўпдан қабул қилинган бундай қонуннинг ҳозирланиши¸ Ўзбекистонда ҳозирга қадар фаолияти қонундан ташқарида бўлиб келаëтган тезкор-қидирув фаолиятини халқаро ҳуқуқ нормаларига мослаш учун қўйилган муҳим қадам эканини айтади:

- Бу қонуннинг бизда ҳам қабул қилиниши жуда муҳим. Чунки бошқа ривожланган давлатлар амалиëтидан келиб чиқадиган бўлсак¸ суднинг рухсати билан телефон сўзлашувларини эшитиш¸ одамларни кузатиш каби ишларнинг ҳаммаси тезкор-қидирув фаолияти ҳисобланади ва бу жиноятнинг очилишига ëрдам берадиган ҳаракат. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда аввал кимнидир ушлаб¸ кейин унинг жиноятчилигини тасдиқловчи далиллар тўпланади ва у ëки бу шахсни ҳисбга олишга етарли далилларсиз қилинмоқда. Бу эса¸ шахс ҳақлари бузилишига замин яратмоқда¸ дейди тошкентлик ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон президенти имзо чеккан қонунга кўра¸ тезкор-қидирув фаолияти давомида шахсни қийноққа солиш¸ унга нисбатан зўравонлик қилиш ва инсонга унинг қадр-қимматини хўрловчи муносабатда бўлиш тақиқланади.

Шунингдек¸ тезкор-қидирув амалиëти давомида қўлга киритилган¸ аммо жиноят ва ҳуқуқбузарликка алоқаси бўлмаган маълумотлардан инсон ҳақлари¸ эркинлиги ва бошқа қонуний манфаатларини чеклаш мақсадида фойдаланишга ҳам рухсат берилмаслиги айтилади қонунда.

Аммо Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов¸ ҳозирга қадар қонун билан тартибга солинмай амалга оширилаëтган тезкор-қидирув фаолиятининг¸ бундай қонун қабул қилинганидан сўнг¸ инсон ҳақларига ҳурмат билан амалга оширилишига шубҳа билан қарайди:

- Қидирув органлари кўпинча мавжуд қонунларга зид равишда ишлашади. Масалан¸ қўлга олинган¸ ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқлар ишлатишни¸ уларни мажбурлаб қилмаган жиноятига иқрор қилдириш¸ адвокат иштирокисиз сўроқ қилишни тақиқловчи қонунлар амалда мавжуд. Аммо бу қонунлар амалда ëки четга суриб қўйилмоқда ëки ниҳоятда қўпол хатолар билан қўлланилмоқда. Яна битта янги қонуннинг қабул қилиниши қоғоздаги чиройли гап¸ холос. Очиқ қоладиган савол¸ ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу қонунга қанчалик амал қилишидадир. Уларни ким бу қонунни бажаришга мажбурлайди¸ ким улар фаолиятини назорат қила олади¸ дейди Суръат Икромов.

2013 йил 25 декабридан бошлаб кучга кирадиган қонун ижросини назорат қилиш¸ Ўзбекистон Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорларга топширилган.

Қонун кучга киргунга қадар белгиланган 12 ой мобайнида Вазирлар Маҳкамаси зиммасига ҳукумат қарорларини янги қонунга мослаш ва давлат бошқарув органларининг бу қонунга зид норматив-ҳуқуқий актларини бекор қилиш вазифаси юклатилган.
XS
SM
MD
LG