Линклар

Ўшда 2010 йил қирғини пайтида яқинларидан ажраган ўндан ортиқ фуқаро норозилик пикети уюштирди. Улар ҳукумат томонидан июн воқеасида жабрланганлар учун қурилган уйлар нега барчага баробар тақсимланмаётганини тушунтириб беришни талаб қилишмоқда.

Норозиларнинг айтишларича, жорий йил май ойида ҳукумат уларга янги қурилган кўп қаватли уйлардан квартиралар бериш ҳақида қарор чиқарган. Аммо шу кунгача Ўш муниципал мулк бошқармаси ҳукуматнинг бу қарорини бажаришга шошилмаяпти.

Шаҳар муниципал мулк бошқармаси норозиларга 25 декабр кунигача ваъда қилинган квартиралар топширилишини билдирган. Аммо орадан бир неча кун ўтганига қарамай, бу ваъда яна қуруқ сўзлигича қолиб кетмоқда.
75 ёшли Ўғилхон Раимжонова ҳам ўзига тегишли квартирани ололмай сарсон бўлиб юрганлардан бири.

-Май ойидан бери уйни ололмаймиз. “Сентябрда берамиз”, дейишди, “августда берамиз” дейишди. Охирги мартда “ноябр-декабр ойларида берамиз”, деб ваъда қилишган. Шу кунгача мана шу бошқарманинг биринчи қаватидан иккинчи қаватига тушиб чиқавериб чарчадик. Ваъдаларини устидан чиқшларни кутиб чарчадик. –деди Ўғилхон Раимжонова.

8 ойдан бери квартира ололмай юрганлардан яна бири Талант Аттокуров норозилик билдириб келганлар билан шаҳар ҳокимияти ёки муниципал мулк бошқармаси расмийларидан бирортаси учрашмаганини айтди. “Бироқ шунга қарамай биз ўз ҳуқуқимиз учун курашни давом этдирамиз”, деди у.

-Бизнинг норозилик намойишимиз тўхтамайди. Ҳар куни келиб арз-додимизни айтаверамиз. Ҳар куни митинг ва пикетларни уюштириб, телевидение орқали ҳар куни турли идораларга мурожаат қилаверамиз. Агар бизнинг масаламизни Қирғизистон ҳукумати еча олмаса, унда халқаро ташкилотларга борамиз, -деди Талант Аттокуров.

Ўш шаҳар муниципал мулк бошқармаси раҳбари ўринбосари Абдумуталип Калбековнинг айтишича, норозилик намойишига чиққанларнинг талаблари жуда ўринлидир. Унга кўра, бугунги кунда Ўш шаҳрида ҳукумат қарори билан берилган квартираларини ололмай юрган одамлар сони етмишга яқин.

- Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси кўп қаватли уйларни қураётганда мана шу одамларга бир хонали квартиралар берилиши ҳақида ҳукумат қарори чиққан. Аммо бир хонали квартиралар етишмай қолган. Шунинг учун бугунги кунда 70 га яқин одамга ваъда қилинган квартиралар берилмади. 28 ноябрда квартираларни бўлиштириш бўйича давлат комиссиясининг сўнгги йиғилиши бўлган. Бугун мана шу йиғилиш протоколини олдик. Энди мана шу протоколга исми-шарифи киритилган одамларни аниқлаяпмиз. Худо хохласа, якшанба куни уйларнинг калитларини топширамиз, -деди Абдумуталип Калбеков.

2010 йил июнида Ўшда содир этилган қирғин пайтида 500 га яқин одам қурбон бўлган. Минглаб одамларнинг уйлари ёндирилган эди. Халқаро ташкилотлар ёрдамида Ўш ва Жалолободда ёндирилган хусусий уйлар қайта тикланди. Бундан ташқари ҳукумат 943 одамга кўп қаватли уйлардан бепул квартиралар бериш ҳақида қарор чиқарган.

Шу кунгача Ўш ва Жалолободда 11 та кўп қаватли уй қурилди. Мазкур уйлардаги 573 квартиранинг 395 таси Ўш қирғинида жабр тортганларга берилди. Расмий маълумотларга кўра, яқин кунларда яна 185 одамга квартира бериш масаласи ҳал этилади.
XS
SM
MD
LG