Линклар

Тошкентдаги Алишер Навоий номли Миллий кутубхонада 27 декабр куни “Бола ҳуқуқлари” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Семинар ташкилотчиси бўлган ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мулозими Нигина Бойқобилованинг Озодликка айтишича¸ бу тадбир айни кутубхонада 12 декабр куни очилган “Барча ҳуқуқлар болаларга” деб номланган фотокўргазма доирасида ўтказилмоқда.

Бу тадбирдан асосий мақсад болалар ҳуқуқларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммоларда аҳоли билим даражасини ошириш¸ деди ўз гапининг расмий баëнот эмаслигини таъкидлаган Бойқобилова.

Тадбирда Тошкентдаги олий ўқув юртлари талабалари ва болалар ҳуқуқлари билан қизиққан барча иштирок этиши мумкинлиги айтилди.

“Барча ҳуқуқ - болаларга”

Навоий кутубхонасининг бош айвонида 12 декабрдан бери таниқли италян фотосувратчиси Жакомо Пироци ижодига мансуб 15 та асар намойиш қилинмоқда.

Жакомо Пироци тарафидан дунëнинг турли мамлакатларида¸ жумладан Ўзбекистонда туширилган суратларда болалар ҳаëтининг турли лаҳзалари акс этган.

Бу фотокўргазма ҳам ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарафидан ташкил қилинган.

Кўргазма очилиш маросимида бу суратларни иштирокчиларга тақдим қилган ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Жан-Мишель Дельмот бу 15 та фотосуратда болаларга оид тамал ҳуқуқлар акс этганини айтган:

- Бу суратларнинг ҳар бириси бола ҳуқуқларига оид тамал тушунчаларни тасвирлайди. Болаларнинг таълим¸тиббий ëрдам ва ҳимояга оид ҳуқуқлари бу суратларда образли акс этган. Бола ҳуқуқларининг универсал ва истисносиз экани ҳамда дискриминацияга ҳеч бир тарзда йўл йўқлиги экспозицияда таъкидланган.
Ўзбекистон Болалар ҳуқуқлари бўйича БМТ конвенциясини эътироф қилган. Бу конвенциянинг ижросини мана кўриб турибсиз. Миллий ва халқаро манбалардаги турли ахборотлар билан танишиш ҳуқуқи бу конвенция бандларидан биридир.
Бу кўргазманинг асосий миссияси аҳоли¸ асосан ўсмир ëшларга билим тарқатиш бўлган масканда ўтказилиши жуда ўринлидир¸ дея таъкидлган Жан-Мишель Дельмот.

Реалликнинг совуқ манзараси

Тошкентдаги фотокўргазмани бориб кўрган ва исми айтилишини истамаган ëш ўзбек рассомига кўра¸ Жакомо Пироцининг Ўзбекистонда туширган суратларида ўзбек болаларининг реал ҳаëти акс этмаган.

- Бу суратларда пахта тераëтган ëки совуқ мактаб синфларида телпак кийиб ўтирган болалар акс этмаган¸ дейди суҳбатдош.

Кўргазма бошланган 12 декабр куни Ўзбекистон шимолида қаттиқ совуқ кузатилди.
Кўргазма ўтаëтган Тошкент шаҳридан 1000 километр олисда Хазорасп туманидаги Оталиқ маҳалласидаги мактаб бошланғич синфлари ўқишга чиқарилмади.

Маҳалла турғуни Қадамбой ака Озодлик билан суҳбатда 2-синфда ўқийдиган набирасининг совуқ боис бир ҳафта мактабга чиқмаганлигини айтди:

- Мактабда иситиш тизимининг ишдан чиққани боис бошланғич синфларга бир ҳафта жавоб бериб юборишди¸ дейди Қадамбой ака.

Хазораспдаги 38-сон мактабнинг 7-синф ўқувчиси Онажон Озодлик билан суҳбатда синф хоналарининг совуқлиги боис дарслар қисқартирилганини айтди.

Ўзбекистон мактабларидаги болаларнинг аянчли аҳволини фотосуратга олган немис фотографи Томас Грабка асарларининг мамлакатда намойиш қилиниши тақиқланган.

Грабканинг ўзи эса Ўзбекистонда исталмаган шахслар рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон болалар мажбурий меҳнати ҳукумат тарафидан ташкил қилинадиган мамлакат сифатида халқаро ҳисоботлардан ўрин олиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатини тақиқлаш борасидаги долзарб тадбирлар ҳақида”ги 182-рақамли конвенцияни ратификация қилган.

Халқаро Меҳнат ташкилоти қўмитаси бу конвенция стандартларига амал қилинмаëтгани ва бу борадаги хатолар борасида 2010 ва 2011 йилларда Ўзбекистон ҳукуматига икки марта огоҳлантириш берди.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати бу огоҳлантириш ҳамда танқидларни эътиборсиз қолдирди ва Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати йўқ¸ деган иддаони саслантиришда давом этмоқда.

Ўзбекистондаги болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият борасида кейинчи уч йилда ҳисоботлар чоп қилган Германия Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниëзова ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўтказаëтган тадбирни навбатдаги кўзбўямачилик деб атади:

- ЮНИСЕФ Тошкент ваколатхонаси ўтказаëтган болалар ҳуқуқларига оид бу тадбир ва олдинги тадбирларининг фойда коэфиценти ўта паст даражада. Агар ЮНИСЕФни Ўзбекистондаги болалар ҳуқуқи ҳақиқатдан ҳам ташвишга солганида улар бошқача тадбирлар ўтказган бўлар эди. Биринчи навбатда¸ ЮНИСЕФ Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатини эътироф қилиши керак.

Агар биз ЮНИСЕФнинг Интернетдаги сайтига кирсак¸ Ўзбекистонда миллиондан ортиқ коллеж ўқувчилари ўқиш ўрнига икки ой пахта даласига юборилгани ҳақида маълумотни топа олмаймиз. Ҳолбуки ўнлаб халқаро ташкилотлар бу ҳақда беш йилдан бери бонг урмоқда. Юнисеф Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатини эътироф қилмаган охирги халқаро ташкилот бўлиб қолмоқда¸ дейди Умида Ниëзова.
XS
SM
MD
LG