Линклар

Миср мухолифати Мурсий ва янги конституцияга қарши намойишларни давом эттиражагини айтмоқда


Миср мухолифати президент Муҳаммад Мурсий ва исломчи кучлар ёқлаётган янги конституцияга қарши норозиликларни давом эттиришни ваъда қилди.

Етакчи мухолифат гуруҳи саналган Миллий халоскор фронти матбуот вакили Ҳусайн Абдул Ғани мухолифат Мурсий ҳукуматига қарши тинч намойишларни давом эттириш ниятидан қайтмаслигини таъкидлади. Мухолифат вакили Мурсий ҳукуматини Ислом дини ёрдамида мустабид режим ўрнатишга уринаётганликда айблади.

Абдул Ғани Мурсийнинг миллий мулоқот ўрнатиш чақирувлари самимий эканини шубҳа остига олди.

Мухолифат вакили шунингдек мисрликларни 25 январ куни собиқ президент Ҳусни Муборак режимини ағдарган инқилобнинг икки йиллиги муносабати билан намойишга чиқиб, янги конституцияга қарши норозилик изҳор қилишга чақирди.

Чоршанба куни Мурсий янги конституцияни маъқуллади. Сайлов расмийлари референдумнинг иккита даврасида мисрликларнинг 64 фоизи уни қўллаб-қувватлаганини эълон қилган эди. Референдумда сайловчиларнинг 33 фоизи қатнашган.
XS
SM
MD
LG