Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:40

"Оиласини қаровсиз қолдираëтган муҳожирлар кўпаймоқда"



Ўзбекистондаги аëли ва фарзандларини ҳам ҳуқуқий¸ ҳам иқтисодий танглангда қолдириб¸ Россияда янги оила қураëтган муҳожирлар сони кўпаймоқда. Сўнгги икки ой ичида Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотига Россияга ишлагани кетган эрларини топиб беришни сўраб, ўндан зиёд аёл мурожаат қилган.

Хивалик 35 яшар Гавҳарнинг Россияга кетган турмуш ўртоғи оиласидан хабар олмай қўйганига олти ой бўлган:

- Олдинига пул жўнатиб турар эди, телефон қилар эди. Янги йилда келар эди. Олти ойдан ошди, на пул юборади, на телефон қилади. Қаердалигини ҳам билмаймиз. Ҳозир икки фарзандим билан қолганман, дейди Гавҳар.

Ҳазорасплик 28 яшар Нодиранинг эри ҳам икки йил олдин Россияга кетганича, бедарак.

Яқинда Нодира эрининг Москвада маҳаллий аёлга уйланиб, у ерда оила қуриб олгани ҳақда хабар топган:

- Олдинига қаердалигини билмадик. Ўлди, деб ўйладик. Кейин танишлар орқали суриштириб кўрсак, у ерда уйланибди, дейди Нодира.

Бу мурожаатлар ортидан “Нажот” раҳбари Ҳайитбой Ёқубов Ўзбекистонда оилаларини ортда қолдириб, Россияда маҳаллий аёлларга уйланиб, оила қуриб олган эркак муҳожирлар билан шу ой бошида учрашиб қайтди.

- Москва ва Москва вилоятининг ўзида 17 нафар эркак билан учрашдим. Айримлари¸ ҳақиқатан¸ ҳам Ўзбекистонда фарзандлари қолгани, лекин шу ерда янги оилалик бўлиб олганликларини, лекин қўлидан келганича Ўзбекистонга ҳам пул жўнатиб туришларини айтишди. Бошқалари эса, янги оилам бор, фарзандим туғилди, шу ерда қолиб кетмоқчиман, деган гапни айтишди¸ дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Лекин, ҳуқуқ фаолига кўра, муҳожирларнинг кўпчилиги кўнгилхушлик мақсадида маҳаллий аёлларга уйланиб олишган:

- Айримларини ичида, масалан, хонқалик Сапарбой деган йигит, бир ҳазил, бир чин маънода “барибир оиламга қайтаман, бу вақтинчалик” деган гапни айтди. Бу Сапарбойнинг Ўзбекистонда тўрт фарзанди бор экан, лекин жўнатаётган пули жуда оз, гоҳида юборади, гоҳида юбормайди, дейди хоразмлик ҳуқуқ фаоли.

Ҳайитбой Ёқубов Россияга сафари давомида тўрт аёлнинг эрини топишга муваффақ бўлгани ва уларни айримларини оиласига пул юборишга кўндирганини айтади:

- Иккиси мен билан пул бериб юборди. Оиласига олиб бориб бердим. Лекин, қайтмайман, бу ерда болам бор, деганлар ҳам бўлди, дейди Ёқубов.

Уч фарзанднинг онаси Бибижоннинг узоқ вақт Россияда йўқолиб кетган эри яқинда телефон орқали унинг "талоғи"ни берган:

- Мен бу ерда уч болам билан қолиб кетдим. Алимент талаб қилай десам, қонуний ажрашмаганмиз. Суд бўлмаган. Пул юбормайди, қаерга арз қилишимни билмайман, дейди Бибижон.

Ҳозир эрлари Россияга кетиб, оилаларини ташлаб қўйган аёлларнинг кўпчилиги жиддий муаммолар қаршисида қолишган.

- Телефон орқали жавобини бераётганлар бор. Чорасиз аёл қаерга борсин ҳаққини талаб қилиб? Айниқса, қўлида ажрашганлик ҳақида бир парча қоғози бўлмаса, болаларини боқиш учун на алимент талаб қила олади булар, ўзини иморатини сота олмайди, автомобилини сота олмайди, умуман улар Ўзбекистонда жуда қийин билан аҳволга тушиб қолганлар, дейди Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.

Ўзбекистондаги оиласини қаровсиз ва боқувчисиз қолдириб¸ россиялик аёлларга уйланиб олган ўзбек меҳнат муҳожирлари Озодлик мухбири билан бу мавзуда гаплашишни хоҳлашмади.
XS
SM
MD
LG