Линклар

Қирғизистон муфтиятининг билдиришича, айни пайтда фатво матни уламолар томонидан тайёрланмоқда. “Муфтият бу йил мусулмонларни Янги йилни нишонламасликка қатъийроқ даъват этмоқчи”, дейилади муфтият матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Қирғизистон муфтияти расмийси Равшан ҳожи Эратовнинг айтишича, фатво кўплаб мусулмонларнинг “Янги йилни нишонласак бўладими?” қабилида қилган мурожаатларига жавоб тариқасида чиқарилади.

- Бу мусулмончиликда қабул қилинмаган байрам. Мусулмончиликда йўқ бўлганидан кейин бу кунни байрам сифатида нишонламасангиз бўлаверади. Бироқ бошқаларни Янги йилни нишонлашдан бош тортишга мажбурлаш ёки бу борада босим кўрсатиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас, -деди Равшан ҳожи Эратов.

Бундан аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли ҳам бишкеклик талабалар билан учрашуви чоғида Янги йилни нишонламасликка чақирган эди.

Қирғизистон 2005 йилдан ўзини “Санта Клаус ватани” сифатида таништира бошлаган. 2009 йилгача Бишкекда Санта Клаусларнинг халқаро кўрик танловлари ўтказилиб, унда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан келган Қорбобо ва Қорқизлар иштирок этган. Бироқ 2010 йилда қонли воқеалардан сўнг Санта Клауслар фестивали ўтказилмай қўйилди.

Ўзини Қорбобонинг ватани деб эълон қилган мамлакатда Янги йилнинг нишонланишига қарши чақириқларнинг кўпайиб бораётгани қирғиз жамиятида қизғин муҳокама қилинмоқда. Парламент депутати Ўмурбек Абдурахманов бундай чақириқларни “радикал нуқтаи-назар” сифатида талқин қилади:

- Бизнинг муфтиятимиз, динга ишонган одамларимиз, менинг ҳамкасбим (Турсунбой Бакир ўғли назарда тутилаяпти-таҳририрят) радикал чақириқлар билан чиқмоқда. Мусулмончилик билан урф-одатларни бир бирига қарши қўймаслик керак. Қайси байрамни нишонлаш ёки қайси байрамни нишонламаслик ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи, -деди Ўмурбек Абдурахманов.

Бишкекдаги бир қатор нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам муфтиятнинг Янги йилни нишонламаслик тўғрисида фатво чиқаришини қўллаб-қувватламасликларини билдирмоқдалар. Жумладан, Бишкекдаги Эркин бозор институти раҳбари Мирсулжон Намазалиев Қуръонда қайд этилмаган байрамларни нишонламасликка даъват этиш диндорларнинг, айниқса, муфтиятнинг обрўсини жамиятда тушириб юборишини айтади.

Бироқ муфтият расмийси Равшан ҳожи Эратов бундай фикрларга қўшилмайди.

- Бу радикал нуқтаи назар эмас. Бу фатво мусулмон фуқароларнинг саволлари, эҳтиёжларини қондириш учун берилган жавобдир. Муфтият матбуот хизмати тарқатган фатво тўғрисидаги баёнотни нотўғри талқин қилиш оқибатида мана шундай нотўғри тасаввурлар пайдо бўлмоқда, -деди Равшан Эратов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG