Линклар

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги расмийлари бу йилги янги йил байрам томошаларида Қорбобо, Қорқиз, Ялмоғиз кампир каби қаҳрамонларнинг қатнашиши тақиқлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.


Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги матбуот вакили Ҳиндол Мадраимов Қорбобо ва Қорқиз тақиқлангани ва улар ўрнига бошқа персонажлар ўйлаб топилгани ҳақидаги хабарларни "уйдирма" деб атади.

- 25 декабрдан циркда томошалар бошланди. Бугун соат 10 дан Мустақиллик майдонида 12 та Қорбобо ва Қорқиз вазирлик тасдиқлаган сценарий асосида чиқишади, деди Мадраимов.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Маданият вазирлиги мамлакатнинг барча театрларига Қорбобони “Самовий сеҳргар”, Қорқизни эса “Самовий фаришта” деб аташни оғзаки тавсия қилгани ҳақида бир қатор Интернет нашрларида хабарлар пайдо бўлган эди.

- Бунақа гап бўлмаган. Ҳозир биз қидираяпмиз қаердан бу гапларнинг думи чиққан. Чунки Мустақилликда бўладиган томошалар сценарийси, циркда бўладиган томошалар сценарийси ҳам вазирлик тасдиғидан ўтади, деди Ҳиндол Мадраимов.

Ўзбекистонда Қорбобо ва Қорқиз тақиқлангани ҳақидаги дастлабки хабар Uzmetronom.сom Интернет нашрида босилган эди.

Ўзбекистон Маънавият ва тарғибот марказида ўтказилган йиғилишда четдан кириб келган Қорбобо, Қорқиз ва Ялмоғиз каби эртак қаҳрамонлари ўрнига миллий фолклор қаҳрамонларини чиқариш тавсия қилингани айтилган эди.

Ўзбекистонда янги йил байрамларини ўтказилишига ўзгартиришлар киритилиши бундан олдин ҳам бўлган.

Бундай кўрсатмаларнинг ҳукумат энг юқори ташкилотларидан берилиши айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилда ҳам болалар учун янги йил байрамига бағишлаб саҳналаштирилган оммавий томошаларни ўтказишни ман қилган эди.

Ўша пайтда бу қарор асосан, болалар ва ота-оналар бир жойга йиғилганда террорчилик ҳаракатлари содир этилиши эҳтимоли мавжудлиги важидан эҳтиёткорлик чораси сифатида баҳоланган эди.

2006 йилдан бошлаб оммавий янги йил томошаларига қайта рухсат берилди.

Айни пайтда Тошкент шаҳридаги барча театр ва томоша масканлари болаларнинг қишқи таътил пайтларида байрам томошалари ўтказилмоқда.

Тошкентнинг Мустақиллик майдонига тикилган 35 метрлик арчани фарзандлари билан томоша қилишга келган Муҳаббат опа у ерда Қорбобо ва Қорқиз борлигини тасдиқлади.

- Қорбобо, Қорқизларсиз янги йил бўладими. Кичкиналигимиздан шуларни совғаларини олиб келганмиз, фарзандларимиз ҳам бугун хурсанд. 31 декабр оқшомида уйимизга ҳам чақирамиз, Худо хоҳласа, дейди тошкентлик Муқаддас опа.

Аммо айрим тошкентликлар пойтахтдаги арча атрофида анчадан бери Қорбобо кўринмаётганини ҳам айтишди.

- Мустақиллик майдонида арча қурилганига ўн кун бўлаяпти, лекин шу пайтгача уни атрофида Қорборо кўринмаётганди. Қорбобо тақиқланибди, уни ўрнига бошқача қаҳрамонлар бўлар эмиш, деган гапни биз ҳам эшитган эдик. Йўқ, Қорбобо ҳали бор экан, худди аввалгидай, дейди тошкентлик Адҳам ака.

Ҳар йилгидек, бу йил ҳам "Президент арчаси" ўтказилиши кутилмоқда.

- Президент арчаси атрофида ҳам Қорбобо ва Қорқиз бўлади, деди Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги матбуот вакили.

Ўзбекистонда кўпчилик хонадонларда янги йил кунлари Қорбобо ва Қорқизни чақиртириш, фарзандларига совғалар улашишни одат қилишган, бу ўзига хос тижоратга ҳам айланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG