Линклар

logo-print
Тошкентда “Халқ банки” мансабдорлари маблағ ўзлаштиришда айбланмоқда. Фарғонада иш жойлаштиришда кўзбўямачиликлар фош қилинди. Аптекалар мижозларни авраб қиммат дори пулламоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Халқ банки” мансабдорлари пулларни ўмарди”

“Халқ банки”нинг Тошкент шаҳри Учтепа тумани филиали мансабдорларига қарши Жиноят кодексининг 167-, 205- ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди (“Истеъмолчи”, 27 декабр). Тошкент шаҳар прокуратураси вакили Нажмиддин Шайховга кўра, банк масъуллари хусусий тадбиркор Х.Шодмонов божхона учун нақд тўлаган 55 миллион сўмнинг 27,5 миллионини ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан ўзлаштирган. Мижозга пул қабул қилинганини тасдиқловчи сохта квитанция берилган, аслида эса маблағ кирим қилинмасдан талон-тарож этилган.

“Талаба аллақачон тугатилган хўжаликка иш “жойлаштирилди”

Фарғона вилоятида коллеж битирувчиларининг ишга жойлаштирилгани ҳақидаги ҳисоботларда қатор кўзбўямачиликлар аниқланди (“Инсон ва қонун”, 25 декабр). “Бувайда туманидаги 6 та касб-ҳунар коллежини 3472 нафар битирувчи тамомлаган ва ҳисоботларда уларнинг 3037 нафари ишга жойлаштирилгани қайд этилган.

Аммо ўрганишлар жараёнида 124 нафар битирувчи ишга жойлашмагани ойдинлашди. Худди шундай кўзбўямачилик асосида Марғилон шаҳридаги 191 нафар битирувчи фақатгина ҳисоботларда “ишга жойлашган”.

Тошлоқ туманидаги Заркент агросаноат касб-ҳунар коллежининг 5 нафар битирувчиси тумандаги “Аминжон Асил боғи” фермер хўжалигида битирув амалиётини ўтаб, улардан 2 нафари хўжалик томонидан иш билан таъминлангани қайд этилган. Ваҳоланки, мазкур хўжалик 2009 йилда тугатилган бўлиб, ишга жойлаштириш ҳақида сохта буйруқлар тайёрланган” деб ёзади Фарғона вилояти прокурори Фарҳод Зуфаров. Қайд этилишича, вояга етмаганларга доир қонунлар ижроси текширувида 53 та жиноят иши қўзғатилган.

“Обнал”чи тадбиркорлар жаримага тортилди”

Навоий вилоятида икки нафар тадбиркор банк ҳисобидаги маблағини нақдлаштириш қоидасини бузгани учун жазоланди. “Куч адолатда” газета ёзишича, Навбаҳор туманида яшовчи тадбиркор Нарзулла Тўхтаев уч йил давомида олий ўқув юртларида шартнома асосида ўқиётган талабалардан нақд пул олиб, ўз банк ҳисоб рақамидан ўтказиб берган.

Нурота туманида яшовчи Баҳриддин Муҳиддинов эса “Сарвар” тўйхонасида маросимларини ўтказган фуқаролар берган катта миқдордаги маблағни банкка топширмагани учун жавобгарликка тортилган. Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор тумани суди раиси Абдуваҳоб Хўжамовга кўра, Н.Тўхтаев ва Б.Муҳиддинов Жиноят кодексининг 189-моддасида айбдор деб топилган ва уларга энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима тайинланган.

“Журналистга мавзуни босди-босди қилиш таклиф этилди”

“Даракчи” газетасининг жорий йил 21-сонида чоп этилган “Буюм бозорларида терминал анқонинг уруғими?” мақоласи муаллифи Барно Мадалиевага бозор маъмурияти мавзуни “ёпиш”ни таклиф қилди. “Ким билсин, балки мавзу ёпилганида ижодкоримиз машинали бўлиб қолармиди?!” деб ёзади газета 27 декабр сонида.

Шунингдек, газетанинг 20-сонида эълон қилинган “Диплом ёзиш қимматга тушадими?” мақоласи ҳам олий ўқув юртлари мансабдорлари тинчини бузган, таҳририятга проректорлар келган. “Албатта, бир ойларга чўзилган “музокара”лар ва муаллифдаги далиллар туфайли ҳаммаси ўз ичига тушганди. Аммо... озгина вақт ўтиб, бир талаба ушбу мақола туфайли диплом ишидан паст баҳо олганини маълум қилди. Боиси мақолада номи келтирилган талаба билан унинг исм-фамилияси бир хил бўлган” вазиятни изоҳлайди мазкур нашр.

“Аптекачиларга ким бас келади олади?”

Ўзбекистондаги аксар аптекаларда мижозларнинг фармацевтика борасида билими етарли эмаслигидан фойдаланиб, қиммат дори-дармонлар пулланмоқда (“Новый век”, 27 декабр). Муаллиф К.Мусаевнинг ёзишича, масалан, шамоллашга қарши 300 сўм ва 8000 сўмдан сотилаётган дориларнинг таркиби ва таъсири бир-биридан деярли фарқ қилмайди.

Аммо тиббиётдан узоқ харидор келганида, аптекачи имкон қадар қиммат дорини пуллаш пайидан бўлади. “Ушбу ёзаётганларим дорихона сотувчиларининг бемор мижозларга муносабатини ўзгартиришига ўзимнинг ҳам кўзим етмаётир. Чунки улар учун барибир биринчи ўринда режа ва фойда туради” деб куюнади Мусаев. Айни пайтда муаллиф шифокорлардан рецепт олиш пайти касаллик учун бир неча муқобил дориларни ёздириш, нарх-наво борасида маслаҳат олишни тавсия этади.

“Фирибгар бир уйни бир неча кишига ижарага берди”

Тошкентда ўзига тегишли бўлмаган уйни бошқаларга ижарага бериб, фирибгарлик қилиб келган фуқаро Талъат Яҳёев қўлга олинди (“Адолат кўзгуси”, 27 декабр). Маълум бўлишича, Яҳёев Яккасарой тумани Бошлиқ мавзесида жойлашган хонадонни ижарага олади. Кейин эса хонадон ўзига қарашли эканига ишонтириб, бир пайтнинг ўзида бир неча фуқародан ижара пули олади. Сўнг изсиз ғойиб бўлади. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди Яҳёевга ойлик маошининг 30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган.

“Хориждан келтирилган ўсимликлар текширувдан ўтказилмоқда”

Чет элдан Ўзбекистонга келтирилаётган ўсимликлар билан зарарли ҳашарот ва зараркунандалар кириб олмаслиги учун қаттиқ текширилмоқда. Тошкент ўсимликлар карантини чегара пункти етакчи инспектори Ҳасан Самеджонов “Адолат” газетасига маълум қилишича, айрим мамлакатларда зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш чоралар кўрилмаяпти.

Мақолада яна қайд этилишича, ватани Ҳиндистон бўлган пахта куяси ғўза ҳосилининг 70 фоизини, Ўртаер денгизи пашшаси 30 фоиздан 100 фоизигача нобуд қилишга қодир. Америка оқ капалаги эса 250 турдаги ўсимликни йўқ қилади. Дунё бўйича бундай зараркунандалар сони мингдан ортади.
XS
SM
MD
LG