Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:57

Ҳукумат пулни ўқитувчи ҳисобидан тежамоқчи



2013 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзбекистонлик ўқитувчиларга синф раҳбарлиги ва дафтар текшириш учун тўланадиган қўшимча ҳақ ўқувчи сонига боғлиқ бўлади.

Ўқитувчиларни, шубҳасиз, суюнтирмайдиган бу янги тартибнинг жорий этилишига, Норма. уз сайтига кўра, Ўзбекистон президенти 25 декабрда имзолаган қарор асосдир.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига биноан Вазирлар Маҳкамаси 2005 йил, 21 декабрда қабул қилган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш киритилди.

Янги тартибга биноан 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб умумтаълим мактабларнинг ўқитувчиларига синф раҳбарлиги ва дафтар текшириш учун тўланадиган қўшимча ҳақ миқдори синфдаги ўқувчилар сонига боғлиқ бўлади.

Дафтар текшириш учун тўланадиган ҳақ

Агар синфда ўқувчилар сони 15 нафаргача бўлса, ўқитувчи энг кам иш ҳақининг 25% миқдорида қўшимча – 19897 сўм 50 тийин ёки шу кундаги курс бўйича 7,5 доллар ҳақ олади.

Агар синфда ўқувчилар сони 15 нафардан кўп бўлса, ўқитувчи энг кам иш ҳақининг 50% миқдорида қўшимча – 39795 сўм ёки шу кундаги курс бўйича 15 доллар ҳақ олади.

Синф раҳбарлиги учун тўланадиган ҳақ

Агар синфда ўқувчилар сони:

15 нафаргача бўлса, энг кам иш ҳақининг 50% миқдорида;
20 нафаргача бўлса, энг кам иш ҳақининг 60% миқдорида;
25 нафаргача бўлса, энг кам иш ҳақининг 70% миқдорида;
30 нафаргача бўлса, энг кам иш ҳақининг 80% миқдорида;
31 нафардан бўлса, энг кам иш ҳақининг 100% миқдорида бўлади.

Жорий йил декабридан бошлаб Ўзбекистонда ойлик энг кам иш ҳақи 79590 сўмдир (тақрибан 30 АҚШ доллари)

“Шу пайтгача раҳбарлик ҳақи ўқувчи сонига боғлиқ бўлмаган”,

деди исмини айтмаслигимизни сўраган сирдарёлик ўқитувчи.

- Ҳеч боғлиқ бўлмаган. Синфда нечта бола бўлишидан қатъий назар битта синф бўлган. Ўша синф учун битта синф раҳбари тайинланади. Ўша синф раҳбари барча ўқувчилар учун жавобгар шахс бўлади. Жавобгар шахс бўлганлиги учун унга синф раҳбарлигига ҳақ тўланган.

Озодлик: Мана 1-январдан бошлаб, хабарингиз борми йўқми, президентнинг қарори бўйича синф раҳбарлиги учун тўланадиган ҳақ синфдаги ўқувчилар сонига боғлиқ бўларкан. Бундай фарқлашни тўғри деб биласизми нотўғри деб биласизми?

- Буни мен нотўғри деб биламан.

Озодлик: Нотўғрилиги нимада?

- Менинг назаримда шундайки, мана масалан олайлик қишлоқ марказлари бор. Қишлоқ марказларида оз сонли синфлар бор, лекин ўша оз сонли синфларга ҳам битта синф раҳбари тайинланади. Оз сонли ўқувчилар учун ҳам жавобгар битта синф раҳбари, кўп сонли ўқувчилар учун ҳам жавобгар битта синф раҳбари. Ана энди бугунги кунда ўқувчилар сонига қараб уларга ҳақ тўлайдиган бўлса, унда синф раҳбари ундан нима топади? Жавобарлик юмшамайди, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган сирдарёлик ўқитувчи.

Ўқитувчи қанча ойлик олади?

Сирдарёлик ўқитувчидан мактаб ўқитувчисининг ўртача иш ҳақи тўғрисида ҳам сўрадик.

- Ўртача дарс соатига қараб олади. Бир ставка бўладиган бўлса, стажига қараб, тоифасига қараб 400 минггача олади бир ставка иш билан таъминланган бўлса.

Озодлик: 400 минггача олган ўқитувчининг ойлигининг ичида синф раҳбарлигига қўшиладигани ҳам борми?

- Албатта. Синф раҳбарлиги қўшилган ҳолда бўлаяпти бу, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган сирдарёлик ўқитувчи.

Жиззах вилояти туманларидан бирининг халқ таълими бўлими раҳбаридан ўқитувчиларнинг ўртача маоши тўғрисида мана бу маълумотни олдик.

- Ўртача ойлик 600гача бор. 450дан 600гача. Ўрта ҳисобдада энди, дейди Жиззах вилояти туманларидан бирининг халқ таълими бўлими раҳбари.

Шу кунда қора бозорда 1 АҚШ доллари учун 2730 ўзбек сўми сўралаётганидан келиб чиқсак, ўзбекистонлик ўқитувчининг ўртача ойлик иш ҳақи 200 доллар атрофида эканлиги маълум бўлади.
XS
SM
MD
LG