Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

Ўзбек муҳожирлари сон бўйича Россияда яна биринчи



Россияда яшаб меҳнат қилаётган мигрантлар сони бўйича ўзбекистонликлар яна биринчи ўринда. Бу маълумот Россия Федерал Миграция хизмати томонидан биринчи маротаба чоп этилган ҳисоботда келтирилди.

Россиядаги муҳожирлар¸ хусусан меҳнат муҳожирлари сони қанча?

Россия Федерал миграция хизмати (ФМХ) мамлакат ва унинг ташқарисида кўпчиликни қизиқтираётган бу саволга биринчи маротаба статистика рақамлари билан жавоб беришга уриниб кўрди.

28 декабр куни ФМХ расмий сайтида Россияда қанча мигрант яшаётгани борасида ҳисобот эълон қилинди. Бу рақамлар чегарани кесиб ўтаётганида ҳар бир муҳожир томонидан тўлдириладиган ва киришда бир қисми¸ чиқишда бир қисми топшириладиган миграция картаси асосида ишлаб чиқилган.

Россия Миграция идораси томонидан жамланган маълумотларга кўра, 2012 йилнинг 14 декабрига қадар мамлакатда 10 миллион 300 минг хориж фуқароси қайдга олинган. Улардан тахминан бир миллиони бир ойдан кам муддат Россияда яшаган. Булар асосан сайёҳлар ёки турли хизмат сафарлари билан келган шахслардир.

Қолган 9 миллиондан ортиқ муҳожир бир ойдан зиёд, аниқ 3 миллиони эса бир йилдан зиёд Россияда яшаб келган.

Россияда яшаб меҳнат қилаётган хорижликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари пешқадамлик қилиб келмоқда ва улар жами 2 миллион 333 минг 244 одамни ташкил этади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, Россияда расман қайддан ўтган ҳар тўртинчи муҳожир – ўзбекдир.

Иккинчи ўринни 1 миллион 400 минг украиналик мигрант эгаллади; учинчини эса ¸ 1 миллион 100 минг киши билан Тожикистон фуқаролари эгаллади.

ФМХ келтирган рақамларда кейинги поғоналарни Озарбайжон (620 минг киши) ва Қирғизистон (540 минг) республикалари эгаллади.

Россия Федерал миграция хизмати матбуот бўлими ходимаси Ксения Гордеева Озодлик билан суҳбатда келтирилган бу рақамларда фақатгина чегарани кесиб ўтиш, патент сотиб олиш, қайдга туриш ёки ишга рухсатнома олиш орқали ҳисобга олинган муҳожирлар сони акс этганини таъкидлайди:

- Бизда фақат расмий статистика, демак фақат қайдга олинганлар рақамларгина келтирилган. Бу бизнинг биринчи қадамимиз. Ҳисобга олинмаган ва ноқонуний муҳожирлар бўйича рақамларни келтира олмаймиз. Ноқонуний миграция билан махсус экспертлар жамоалари ва мутахассислар шуғулланади. Албатта, улар тахминий рақамларнигина келтириши мумкин, холос, деди Россия ФМХси расмийси Ксения Гордеева.

Гордееванинг сўзларига кўра, идора ҳозирлаган ҳисоботда Россияга ишлагани келаётганларнинг ёши, жинси тўғрисида қўшимча маълумотлар ҳам келтирилган.

17 дан 55 гача бўлган меҳнат ёшидагилар мигрантлар 7 миллион кишини ташкил этади, жумладан Марказий Осиёдан Россияга келганларнинг 4,8 миллиони шу ëш гуруҳига мансуб. ФМХ мутахассислари айнан шу қатлам Россияда энг оғир ва махсус малака талаб қилмайдиган ишчилардан иборат эканига эътибор қаратмоқда.

Келтирилган жадвалга кўра, ўзбекистонлик муҳожирларнинг асосий қисмини 17 дан 25 ёшгача бўлган (қарийб 666 минг) ва 26 дан 35 ёшгача бўлган (568 мингдан зиёд) эркаклар ташкил этмоқда.

Россияга келаётган ўзбек аёлларининг асосий қисмини 26 дан 35 ёшгача бўлганлар (129 мингдан зиёд) ва 36 дан 45 ёшгача бўлганлар (96 мингдан зиёд) ташкил этди.

Федерал миграция хизмати келтирган статистика маълумотларидан расман қайддан ўтган меҳнат муҳожирлари Россиядаги 75 миллионлик иш кучининг 6-7 фоизини ташкил қилиши ойдинлашади.

Юқорида келтирилган рақамлар Россиядаги айрим миллатчи гуруҳларнинг мамлакат меҳнат бозорида “гастарбайтерлар сонининг кескин ошиб кетиши ортидан оддий россияликларга иш жойлари етишмаётгани” тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари асоссиз эканини яққол намойиш қилди¸ деган фикрда кузатувчилар.

Федерал Миграция хизмати жорий йилнинг октябр ойида мамлакатда мавжуд ноқонуний мигрантлар сонига оид маълумотларни келтирган эди. Унга кўра, расман қайдга турмаган меҳнат муҳожирлари сони тахминан 3,5 миллион одамни ташкил этади. Улар аксарининг яна ўзбекистонликлар экани тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG