Линклар

Янги қонунга кўра, америкаликларга россиялик болаларни асраб олишни тақиқлашдан ташқари Россия ҳудудида АҚШнинг нотижорат ташкилотларининг ҳам ишлашини тақиқлашни кўзда тутади.

Ўтган ҳафта Давлат думаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси чоршанба куни Федерация кенгаши тарафидан ҳам бир овоздан маъқулланди.

Россия парламенти мазкур қонунни АҚШнинг 2009 йилда қамоқда қийноқлардан вафот этган Сергей Магнитский ўлимига алоқадор ва инсон ҳуқуқлари бузилиши учун масъул бўлган Россия расмийларининг АҚШга киришини ман қилувчи қонунига жавобан қабул қилди.

Америкаликларга етимларни асраб олишни тақиқловчи қонун АҚШ-Россия муносабатларини таранглаштирди ва инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан россиялик етимларни қурбонликка келтириш, дея талқин қилиниб, қораланмоқда.

Сўнгги кунларда минглаб россияликлар, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсатчилар, блоггерлар айни қонунга қарши чиқишлар қилди.

Россия Президентининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Кенгаш раиси Михаил Федотов мазкур қонун "конституцияга мос эмас"лигини айтиб, Путинга эътироз билдирди.

Россия собиқ Молия вазири Алексей Кудрин раҳбарлигидаги Фуқаролар ташаббуси қўмитаси ҳам пайшанба куни Путинга мурожаат қилиб, ушбу қонун "россиялик болаларга зиён етказиши"ни айтиб, уни имзоламасликка чақирди.

Москва Хелсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева мазкур қонун юзасидан Конституциявий суд ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилишни режалаштираётганини эълон қилди.

Шунингдек, Алексеева мазкур қонун Россия обрўсига путур етказишини айтиб, эндиликда "асраб олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган етим болалар азият чекиши" ҳақида гапирди.

Россия Президенти қошидаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Павел Астахов эса Путиннинг айни қонунни имзолаганини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG