Линклар

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига етти йил раҳбар бўлган Бобур Алимов эгаллаб турган лавозимидан четлатилган. Унинг ўрнига ким раҳбар этиб тайинланиши номаълум. Ҳозирда агентлик бош директори лавозими бўш қолмоқда.

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, Матбуот ва ахборот агентлиги бошлиғи Бобур Алимов ўз лавозимидан четлатилган. Бу ҳақда агентликдаги манбаа Озодлик радиосига маълум қилди.

Алимовнинг нима сабабдан лавозимидан кетгани ва унинг ўрнига ким агентликка раҳбар этиб тайинлангани номаълум.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига етти йилдан ортиқроқ вақт раҳбарлик қилган Бобур Алимовнинг ишдан кетиши касбий фаолияти билан эмас, балки унинг соғлиғи туфайли экани айтилади.

Баъзи манбалар фикрича эса, Бобур Алимовнинг ишдан бўшатилиши матбуот ва телевидение тизимидаги кадр ўзгаришларининг давоми бўлиши ҳам мумкин.

Аммо Ўзбекистон расмий матбуотида ҳозирча бу ҳақда хабар тарқатилмаган.

Агентлик расмийлари ҳам Алимовнинг лавозимидан четлатилгани ҳақида изоҳ бера олмасликларини айтишди.

Айни пайтда Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори лавозими бўш қолмоқда.

Бобур Алимов 2005 йилда Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломов ўрнига раҳбар этиб тайинланган эди.

Бундан олдин у "Шарқ" нашриёт-матбаа ҳиссадорлик ширкати раҳбари сифатида фаолият юритган.

Бобур Алимов, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини ҳам бошқарган.

Шу ой бошида Тошкентда ўтказилган “Олий журналистика курсларида ихтисослашув масалалари” номли семинарда қатнашган Бобур Алимов Ўзбекистонда 1305та рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаси мавжудлиги, улардан 712таси газета, 264таси журнал, 16таси ахборот бюллетенлари, 4таси ахборот агентлиги, 63таси телеканал ва 34таси радиоканаллар эканини маълум қилган эди.

Аввалига Давлат матбуот қўмитаси деб аталган, кейинчалик номи Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги деб ўзгартирилган бу идора Ўзбекистон матбуотини назорат қилувчи тузилма сифатида кўрилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG