Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:29

Янги йил дастурхони неча пулга тушди?



Озодлик тингловчилари ўртасида ўтказган кичиккина сўров натижаларига кўра, бу йилги байрам дастурхони учун кам таъминланган оилалар 60-100 минг сўмгача, ўртаҳол оилалар эса 150-250 минг сўмгача маблағ сарфлаган.

Ҳар йилги анъанага мувофиқ Озодлик мухбири бу йил ҳам бир неча вилоятларга боғланиб, суҳбатдошларга: "Янги йил дастурхони неча пулга тушди?" деган саволни берди.

Қуйида жавоблар билан танишинг:

Наргизахон, Қўқон:

- Янги йил дастурхони учун, тахминан 130 минг сарфладим. Олма, банан, шоколад, пишириқлар, торт масаллиқлари сотиб олдик. Биз кўпчиликмиз. Болалар билан 10 кишимиз. Ўзим торт пиширдим, медовий, бир-икки хил печенье пиширдим. Шу билан Янги йилни ўтказамизда, деди қўқонлик уй бекаси.

Жуманазар Раззоқов, Қашқадарё:

- Мана шу ўзимизнинг имкониятимиздан келиб чиқиб, битта хўрозимизни сўйдик. Қизларим торт пиширишяпти. Яна ош қиламиз. Янги йилга ҳаражат қилиш учун бозорга бормаймиз. Чунки, ўзимизда салатимиз бор, зардоли кампот қилганмиз, шафтоли кампот, узум кампот, тарвуз, қовун, помидор бор. Шунга ўхшаган нарсаларни дастурхонга қўямиз. Бир килогина гўшт оламиз, холос. Хўроз сўямиз. Бошқасига кучимиз етмайди. Менинг ўзим янги йилни кўрпа тагида кутаман, деди, одатан Янги йилни кутмаслигини айтган қашқадарёлик деҳқон.

Муҳаммадали, Навоий:

- Янги йилни олти киши кутиб оламиз. Мен ҳали бозор қилганим йўқ. Камида 60-70 минг сўм сарфласам керак. Камида бир кило гўшт, мандарин, цитрус мевалар, олма, анор, дегандай. Чимчи, бодиринг, памилдори, нон, албатта оламан. Қолган нарсаларни хотиним пиширади. Олсак яна сок, шарбатлар олармиз, деди камтарона байрам дастурхони тузашни кўзлаб турган навоийлик ҳисобчи.

Наримон, Қашқадарё:

- Янги йилни биз кутамиз. Бу йил мол гўшти сотиб олдик. Бир ярим кило қўй гўшти сотиб олдик. Қўй гўштининг килоси 18 минг сўм. Ундан ташқари олма, анор, апелсин, узум, қовун, тарвуз, ҳар хил ичимликлар, конфетлар сотиб олдик. Чимчи, салат, бодиринг памилдори сотиб олдик. Обший ҳисобда 80-90 минг сўм кетди. Етади шу бизнинг оилага, деди ҳар йилгидек ўртамиёна байрам кечасига ҳозирлик кўраётган чироқчилик шифокор.

Баходир, Тошкент:

- Мен янги йил дастурхони учун 150-200 минг орасида пул сарфладим. Бу йил янги йилда кетма-кет уч кун дам оламиз президентимиз қарорлари билан. Уйимизга келди-кетди кўп бўлади. Шуни ҳисобга олиб асосан норин ва овқатлар учун саккиз кило гўшт, ундан кейин иккита товуқ, қовун-тарвуз, олма, апелсин, узум ва бошқа мевлар сотиб олдим. Янги йил кока-кола, шарбатлар каби болалар яхши кўрадиган ичимликларсиз ўтмайди. улардан ҳам сотиб олдик, дейди тошкентлик собиқ мактаб директори ўринбосари.
XS
SM
MD
LG