Линклар

logo-print

Ироқ бош вазирига намойишчилар ҳужум қилди


Ироқ бош вазири муовини Солиҳ ал-Мутлақ.

Ироқ бош вазири муовини Солиҳ ал-Мутлақ.

Ироқ бош вазири ўринбосари Солиҳ ал-Мутлақ якшанба куни Анбар вилоятида ўтказилган митинг чоғида намойишчилар ҳужумига учради.

Юқори лавозимли амалдор минбарда сўзлаётган пайтда унга шиша, пойабзал ва тошлар улоқтирилган. Сўнг полиция кордонини ёриб ўтган бир неча киши ал-Мутлақни ушлаб олиб, юзига мушт туширган. Жиддий жароҳат олмаган бош вазир ўринбосари митинг ерини зудлик билан тарк этиб, Бағдодга жўнаб кетган.

У кетгандан сўнг полициячилар кўп минг кишилик оломонга қарата ўт очгани, натижада икки намойишчи ярадор бўлгани айтилмоқда.

Солиҳ ал-Мутлақ чиқиш қилган кечаги митинг аксилҳукумат намойиши бўлган. Ироқнинг Анбар вилоятида қарийб бир ҳафтадан буён суннийлар ҳақ-ҳуқуқларининг шиа раҳбарияти томонидан топталишига қарши намойишлар бўлиб ўтаётганди.

Асли анбарлик бўлган ал-Мутлақ ҳам “Аҳли сунна вал жамоа”га мансуб. Намойишчилар уни хоинликда айблаганлар.
XS
SM
MD
LG