Линклар

logo-print

АҚШ Конгресси аъзолари “молиявий узилиш” деб аталаётган вазият юзага келишининг олдини олиш учун 31 декабр куни муҳим қарор қабул қилиши кутилмоқда. “Молиявий узилиш” солиқлар ошиши ва давлат ҳаражатлари қисқариши бир вақтда амалга ошадиган пайтда рўй беради.

АҚШ Конгрессининг иккала палатасида 30 декабр куни бўлиб ўтган музокараларда демократлар ва республикачилар ўзаро келишувга эриша олмади.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг бадавлат фуқаролар учун солиқ миқдорини ошириш ҳақидаги режаси келишмовчиликка сабаб бўлгани айтилмоқда.

31 декабр куни собиқ президент Жорж Буш 2001 ва 2003 йилларда солиқлар учун жорий қилган имтиёз муддати тугайди.

Мазкур имтиёзлар ортидан ҳар бир америкалик йилига солиқ пулидан икки минг доллар тежаб қолаётган эди.

Айни пайтда, мудофаа ва ижтимоий дастурлар учун федерал бюджетдан ажратилаётган маблағ 600 миллиард долларга камаяди.

Иқтисодчилар солиқлар миқдори ошса, америкаликлар камроқ пул сарфлашини натижада иқтисодиётга путур етишини айтмоқда.

АҚШ Сенатида озчиликни ташкил қилган республикачилар лидери сенатор Митч Мак Коннел якшанба куни музокаралар яхши бормаётганини айтди.

- Мен шошилинч ҳаракатни кўрмаётганимдан хавотирдаман. Менимча, биз ҳаммамиз вақт тугаб бораётганини яхши тушунамиз. Биз америкалик оилалар ва бизнесни солиқлар ошишидан қутқариб қолишимиз керак, дея баёнот берди республикаси сенатор Митч Мак Коннел.

Сенатда кўпчиликни ташкил этган демократлар лидери сенатор Ҳарри Рейд эса кўп нарса республикачиларга боғлиқ эканини таъкидлади.

- Бу босқичда биз қарши таклифларимизни бера олмадик. Республикачилар лидери менга, ҳозиргина бу ерда айтганидек, вице-президент билан ишлаётганини айтди. Мен унга ва вице-президентга муваффақият тилайман, деди демократ сенатор Ҳарри Рейд.

“Meet the Press” телекўрсатувига интервю берган АҚШ Президенти Барак Обама эса агар келишувга эрилишмаса, бу иқтисодиётга таъсир этишидан огоҳлантирди.

Агар республикачилар ва демократлар келишувга эриша олмаса, федерал ҳукумат ҳаражатларини қисқартириш тўғрисидаги "Бюджет Назорати Акти" автоматик равишда кучга киради.

Ҳаражатлар автоматик тарзда қисқариши эса мудофаа ва мудофаа соҳасига таллуқли бўлмаган дастурларга тегишли бўлади.
XS
SM
MD
LG