Линклар


2013 йил 1 январдан Ўзбекистонда 1 литр бензин ва дизел ёнилғисининг нархи 40 сўмга қимматлади. Бунга автомобил ёнилғисидан фойдаланганлик учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори оширилгани сабаб бўлган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 25 декабрдаги фармонига мувофиқ 1 литр ёнилғи учун солиқ тўлови 240 сўм қилиб белгиланган.

Автотранспортга қуйиладиган суюлтирилган газнинг нархи ҳам 1 январдан 200 сўмга ошди.

Маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, нарх газдан фойдаланганлик учун белгиланган солиқ миқдори ошганига эмас балки, ҳар куб метр газ учун 200 сўмдан “махсус инвестиция устама ҳақи” жорий қилингани учун қимматлаган.

Тошкентдаги “MaxPetrol” номли автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ) ходими 1 январдан ёнилғи нархи 40 сўмга ошганини тасдиқлади.

- Ҳа бензин нархи ошди. Ҳамма турдаги бензин нархига 40 сўмдан қўшилган. Аи-80 маркали бензиннинг янги нархи ҳозир 1645 сўм. Аи-91 1810 сўм. Аи-95 1995 сўм бўлибди. Нархлар нима сабабдан ошганини билмадим, деди АЁҚШ ходими.

Янги йил арафасида Озодликка қўнғироқ қилган тингловчилар шохобчаларда битта машинага 20 литрдан кўп бензин қуйилмаётганини айтган эди.

Бироқ Озодлик билан сўзлашган АЁҚШ ходими ҳозир бензин тақчил эмаслигини айтди.

Ўзбекистонда ёнилғи нархи охирги марта роппа-роса бир йил олдин оширилган эди.

2012 йил 1 январдан бошлаб 1 литр ёнилғисидан фойдаланганлик учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори 175 сўмдан 200 сўмга оширилгани боис Ўзбекистонда бензин ва дизел ёқилғиси нархи 25 сўмга қимматлаган.

Йил давомида Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензин 1605 сўм, Аи-91 маркали бензин - 1770 сўм, Аи-95 маркали бензин эса - 1955 сўм бўлди.

Ортда қолган йилда Ўзбекистонда бензин ва автомобиллар учун суюлтирилган газ тақчиллиги тез-тез кузатилди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 2,8 миллион тонна углеводород қазиб олинади.

Бироқ, биргина Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг қуввати йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга.

Шу боис таҳлилчилар фикрича, хом-ашё етарли эмаслиги, ёқилғи савдосига масъул гуруҳлар ўта коррупциялашиб кетгани Ўзбекистонда ёқилғи тақчиллиги одатий тус олаётганига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатда автомобиллар сони кўпайиб бораётгани, иқтисодий тизим кенгаяётгани ва бошқа омиллар ҳам энергетик тақчилликни кучайтирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG