Линклар

logo-print
Озод Европа/Озодлик Радиоси президенти Стив Корн истеъфога кетишини маълум қилди.

Стив Корн бу ҳақда 31 декабр куни АҚШ Халқаро эшиттиришлар бошқарув кенгашига юборган мактуби орқали билдирди.

ОЕ/ОР президенти лавозимини 2013 йил 25 январдан эътиборан тарк этишини ёзган Стив Корн шахсий сабабларга кўра шундай қарорга келганини таъкидлайди.

Истеъфо мактубида Корн бу сабаблар ўзининг президент лавозимини эгаллаганидан бери оиласи Прагага кўчиб кела олмагани ҳамда отасининг соғлиғи билан боғлиқ эканини ёзади.

Шунингдек Корннинг ёзишича, ОЕ/ОР президенти лавозимини тарк этиш ниятлари ҳақида ўтган йилнинг ёз ойларидаёқ радионинг масъул ходимларига билдирган.

Стив Корн ОЕ/ОР президенти лавозимини 2011 йилнинг июл ойида эгаллаган. Ундан аввал Корн CNN телеканали ижрочи муҳаррири бўлиб ишлаган.

У Озодлик радиосида туб ислоҳотлар амалга тадбиқ қилина бошлаган пайтда бу лавозимга келган эди.

Бу ислоҳотлар натижасида 28 тилда чиқадиган радио стратегиясида жиддий ўзгаришлар рўй берди: радио маҳсулотини мултимедиа воситалари орқали тарқатиш, жойлардаги бюролар мухбирларининг фаолияти самарасини ошириш ва бюролар фаолиятини молиялашга каттароқ эътибор берила бошлади, марказий янгиликлар бўлими иши қайта ташкил қилинди.

Стратегиядаги ўзгаришлар туфайли баъзи хизматлар, хусусан, Озодлик радиоси рус хизматида ходимларни қисқартириш амалга оширилди ва бу танқидларга учради. Стив Корн ўз истеъфо хатида бу масалага ҳам тўхталган ва ҳамон ўз қарори тўғри бўлганига ишонишини ёзган. “Вақт ўтиб биз амалга оширган ўзгаришлар миссиямиз яҳлитлигини сақлаб қолгани, уни кучайтиргани ва илгарилатганини кўришимизга аминман”, дея ёзди Стив Корн.

Собиқ президент бу лавозимни эгаллаётган пайтда Озод Европа/Озодлик Радиосида ижобий ўзгаришлар амалга ошириш борасида берган ваъдаси устидан чиқиш учун қўлдан келганча самимий ҳаракат қилганига ишончи комил эканини хулоса қилади.
XS
SM
MD
LG