Линклар

logo-print

Ўтган бир йил мобайнида ўз автомобилида расмийлар талабига мувофиқ равишда одам ташимаган ўзбекистонлик киракашларга қарийб 2,8 миллион долларлик жарима солинган.


Бу ҳақда хабар қилган 12news.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 январидан кучга кирган «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари бажарилишини текшириш мақсадида мамлакат Автомобил ва дарё транспорти агентлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси вакиллари билан биргаликда 3979 та рейд ўтказган ва лицензиясиз одам ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчиларни тутган.

Ўзбекистон Автомобил ва дарё транспорти агентлиги матбуот хизматига нисбат берилган иқтибосда мазкур рейдлар чоғида 41377 та тартиббузарлик ҳолатлари аниқлангани, номашруъ равишда фаолият юритган киракашлар 5 миллиард 661 миллион сўм миқдорида жаримага тортилгани билдирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ноқонуний одам ташиш билан шуғулланган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг 20 дан 100 баробари (ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 160 минг сўмдан 8 миллион сўмгача) миқдорида жаримага тортилиши айтилганди.

Амал қила бошлаганига роса бир йил тўлган ҳукумат қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ишлайдиган таксиларнинг қаймоқранг, вилоятлардаги таксиларнинг эса сариқ рангда бўлиши, бу таксиларнинг ҳайдовчилари лицензия олгани ҳақидаги гувоҳнома ва тиббий варақага эга бўлишлари лозим. Ёши 21 дан паст бўлмаслиги шарт бўлган бу таксичилар машинасига «TАXI» белгисини ўрнатган бўлиши керак.

Ўзбекистон Автомобил ва дарё транспорти агентлиги вакили Тоҳир Жамолхўжаевнинг 12news.uzга билдиришича, бугунги кунда расмийлар кўрган чора-тадбирлар натижасида ҳукумат талабига мувофиқ равишда жиҳозланган таксилар сони мамлакат бўйлаб 15 мингга етган. Айни пайтда биргина пойтахт аҳли эҳтиёжини қондириш учун 9000-10000 такси керак бўлиши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG