Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:42

Суюлтирилган газни автомобилда транзит қилиш тақиқланди


Ўзбекистон орқали суюлтирилган газ импорт қиладиган асосий давлат Тожикистондир.
Ўзбекистон орқали суюлтирилган газ импорт қиладиган асосий давлат Тожикистондир.

Ўзбекистон ҳудудидан суюлтирилган газни автомобил воситасида транзит қилиш 1 январдан бошлаб тақиқланди. Бу ҳолат қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда энерегетик муаммоларни янада кескинлаштириши мумкинлиги айтилмоқда.


Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 26 декабр куни қабул қилган қарорига кўра¸ бу чора, “давлат хавфсизлиги¸ жамоат тартиби ва аҳоли соғлигини сақлаш ҳамда атроф мухитга зарар етказмаслик” мақсадида амалга оширилган.

Вазирлар маҳкамасининг қарорида Ўзбекистон ҳудудидан суюлтирилган газ транзити фақат темир йўл транспорти орқали амалга оширилиши айтилади.

Республика Божхона қўмитаси Термиз бўлимининг ўзини Панжиев деб таништирган мулозимининг Озодликка айтишича¸ суюлтирилган газ юкланган автомашиналарни мамлакат ҳудудига киритмаслик ҳақидаги кўрсатмалар амал қила бошлаган.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси тарқатган маълумотномага кўра¸ тақиққа зид тарзда республикага юк автомобилларида олиб кирилган суюлтирилган газ давлат тарафидан мусодара қилинади.

Шу пайтгача Ўзбекистон ҳудуди орқали юк машиналари воситасида транзит қилинадиган суюлтирилган газ Тожикистон¸ Қирғизистон ва Афғонистонга етказиб келинган.

Тожикистон Ўзбекистон орқали суюлтирилган газ импорт қиладиган асосий давлат хисобланади.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимияти Энергетика бўлими бошлиғи Содиқ Рустамовнинг Озодликка айтишича¸ кейинги пайтда мамлакат шимолида суюлтирилган газ истеъмоли кўпайган.

Сўғд вилояти ҳокимияти энергетика бўлими бошлиғи Тожикистон шимоли истеъмол қилаëтган суюлтирилган газнинг катта қисми Ўзбекистон орқали юк машиналарида келтирилаëтганини айтди.

Суҳбатдошга кўра, Тожикистон шимолида суюлтирилган газ сақлайдиган омборлар йўқлиги боис¸ бу маҳсулот юк машиналарининг ўзиданоқ реализация қилинмоқда.

Содиқ Рустамовга кўра, юк машиналарида Ўзбекистон орқали келтирилаëтган суюлтирилган газ оқимининг қисман тўхташи¸ шу кунларда газ узилгани боис қийналаëтган Тожикистон шимоли учун сезиларли муаммо яратади.

Тожикистон Аксилмонополия қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатда суюлтирилган газ истеъмол қилиш сўнгги ойда 10 минг тоннага ошган.

Айни маълумотга кўра¸ мамлакатга келтирилган суюлтирилган газнинг ярмидан кўпи Сўғд вилоятида истеъмол қилинади.

31 декабр куни Ўзбекистондан Тожикистонга келаëтган газ оқимининг тўхтагани аҳоли ўртасида суюлтирилган газга бўлган эҳтиëжни оширди.

Газ танқислиги пайтида аксарият тожикистонликлар газ баллонларидан фойдалангани кузатилди.

Душанбе шаҳар газ идораси бошлиғи Идибек Ëқубов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондан келаëтган газ оқими тўхтагани боис 26 декабр кунидан бошлаб Тожикистон президенти қароргоҳи ҳам суюлтирилган газ таъминотига ўтганини айтди.

Суюлтирилган газ нима?

Табиий газни совутиш йўли билан олинадиган суюлтирилган газ автомашиналарга ëнилғи ўлароқ бензинга муқобил тарзда ишлатилади.

Табиий газ суюлтирилган ҳолга келтирилганида унинг зичлиги юз мартага ошади. Натижада бу газ самараси ошиб транспортировка қилиш қулайлашади.

Ўзбекистонда 2014 йилгача суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини 2,3 баробарга ошириб, 587 минг тоннага етказиш кўзланмоқда.

Суюлтирилган газ асосан Муборак газни қайта ишлаш заводи ва “Шўртаннефтегаз” корхонасида ишлаб чиқарилади.

Қозоғистон ва Россияда ишлаб чиқарилган суюлтирилган газ Ўзбекистон ҳудуди орқали Марказий Осиëнинг уч давлатига етказиб берилади.
XS
SM
MD
LG