Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:59

Янги йилда ҳам электр таъминоти яхшиланмади


Янги йил оқшомида электр чироғи ёқиб "мазза қилган" ўзбекистонликлар, яна шам билан фонусга қайтди
Янги йил оқшомида электр чироғи ёқиб "мазза қилган" ўзбекистонликлар, яна шам билан фонусга қайтди

Янги йил кечаси Ўзбекистоннинг аксар туман ва шаҳарларига электр энергияси берилди. Лекин баъзи ўзбекистонликлар байрамни шам ва фонус билан кутиб олишига тўғри келди. 1 январдан бошлаб эса, электр энергияси таъминоти яна эски ҳолига қайтди. Ўзбекистон қишлоқлари кунига 1-3соат давомида электр энергияси олмоқда, холос.


Янги йилни электр чироқлари нурида кутиб олганлар орасида Озодликнинг тошкентлик, сирдарёлик тингловчилари бўлди.

Жиззах вилоятининг баъзи туманларида эса, янги йил киргандан сўнг чироқни ўчиришга мажбур бўлдик, дейди исми сир қолишини сўраган туман электр тармоқлари идораси мулозимларидан бири:

- Ўттиз биринчи куни ҳам соат бирдан сўнг бир-иккита совхозларни ўчирдик. Бир соатдан навбат билан ўчириб турдик. Энди биласиз, свет етишмайди, шундай қилишга мажбур бўлдик,- дейди электр тармоқлари идораси мулозими.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи 28 ёшли Абдуллоҳнинг айтишича, янги йил кечаси эрталабгача чироқ ёниб турган, тонг отиши биланоқ электр таъминоти эски ҳолига қайтган:

- 31 куни тушда ёнди ва эрталабгача бўлди свет. Шундан сўнг эски тос, эски ҳаммомга қайтди. Ҳар замон бир соат ёнади, яна ўчади. Мен Олтиариқ тумани марказида тураман. Бизда шунча, қишлоқдагилар эса светни фақат орзу қилишади,- дейди Абдуллоҳ.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида истиқомат қилувчи 65 ёшли пенсионер Лола Мирраҳимованинг айтишича, туман ҳокимлиги янги йил кечаси узлуксиз электр энергияси билан таъминлашни ваъдаси устидан чиқмаган.

- Мен свет йўқлиги учун шикоят ёзган эдим. Ҳокимдан жавоб ҳам келган. 31, 1, 2 кунлари умуман узмаймиз, деган. Бироқ 31да ҳам, кейинги кунлар ҳам ҳеч нарса ўзгармади, бир соат ёқади. Кейин ўчиради, газимиз йўқ. Кечқурун 15 градус, кундузи 2 градус совуқ. Ўтирибмиз, печкага таппи қалаб,- дейди Лола Мирраҳимова.

Озодлик радиосига келган бир мактубдан аён бўлишича, Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида янги йил кечаси ҳам электр чироғи ёнмаган:

“Ассалому алайкум Озодлик радиоси, бугун бутун дунёда янги йил байрами бўлмоқда. Айни пайтда Фарғона вилояти Ёзёвон шаҳарчасида свет йўқ, Фарғонадан ўчирмокда. Чироқ ўчиришни шу ой бошида бошлаган, ҳа энди ҳеч бўлмаса янги йил куни светни ёқиб бер. Магазинда очирит, ҳа десам нарсани олганмиз аммо тўлаш учун пластик карточкадан пулни олишолмаяпти терминалга хам свет керак, дейишади. Хонобод, Қорасоқол қишлоқларида газни ой бошида ўчирган, ҳозирги аҳволимизни ўзингиз ўйланг. Чақалоқли оилалар совукда нима қилади? Фарғона светни автоматга улаб қўйган, ёнади 10 сонияда яна учади. Бугун ҳали телевизор кўрганим йўқ, сабаб оддий свет йўқ. Қиргулида 2 соатдан куп ўчса рус аёллар ҳокимиятга киришар экан. Биз ҳам ёнимиздан ўтган катта халқа йўлини тўсайликми ёки? Керак булса, тўсамиз ҳам", деб ёзади ёзёвонлик Озодлик мухлиси.

Ўзбекистоннинг аксарият туманларида янги йил кечаси 12-15 соат давомида электр энергияси, узилишлар билан бўлсада, берилиб турилганини Озодлик тингловчи ва муштарийлари тасдиқлашди.

Янги йил оқшомида аҳолини электр билан таъминлай олиш имкони бор экан, нега бошқа кунлари электр таъминоти 1-3 соатдан ошмаяпти?

Бунинг сабабини Фарғона вилояти туманларидан биридаги электр тармоқлари идораси бош инженери, исми сир қолишини сўраган мутахассис тушунтириб берди:

- Линияда нагрузка ниҳоятда баланд. Ёзда 100 ампер оладиган қурилмаларимиз қишда иситгич воситаларидан кўп фойдаланилгани учун 400га чиқиб кетади. Шунга этапма-этап ўчириб турмаса, қурилмалар кўтара олмайди. Лекин байрам бўлгани учун бир кунга риск қиламиз.

Иккинчи сабаби, эса ўша куни жуда кўп корхона ва заводлар ишламайди, ўшаларни ҳисобидан халққа берилади.

Учинчидан эса, бизнинг кунлик лимитимиз бор. Мисол учун бир кунлик лимитимиз 300 минг киловатт-соат дейлик. Агар ўшандан ортиқча сарфлаб юборсак, бошлиғимизни жавобгар қилишади. Чунки, қарздорлик ошади. Биз кунлик лимитдан ошмаслигимиз керак,- дейди исми сир қолишини сўраган электр тармоқлари идораси мулозими.
XS
SM
MD
LG