Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:51

Француз нашри яна Муҳаммад Пайғамбар карикатураларини чоп этди


Charlie Hebdo журнали Франция ҳукумати огоҳлантирувларига қарамай, яна Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв қилувчи карикатураларни ўз саҳифасида эълон қилди.


Францияда чиқадиган Charlie Hebdo сатирик журнали Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи 64 саҳифалик карикатуралар тўпламини чоп этди.

Журнал бош муҳаррири Стефан Шарбоне карикатуралар босилиши ҳақида якшанба куни маълум қилган эди.

Франция ҳукумати матбуот вакили Нажат Балло-Белкасем эса ҳозир бундай суратларни босишнинг мавриди эмас, бу оловга мой пуркашдан бошқа нарса эмас, дея карикатураларни нашр этмаслик ҳақида огоҳлантирган эди.

Франция ҳукуматининг огоҳлантирувларига қарамай журнал 2 январ куни карикатураларни чоп этди.

Журналнинг бош саҳифасида оқ кийим кийган ва чўлда туя етаклаб кетаётган одам тасвирланган.

- Биз Муҳаммад ҳаётини мусулмон асарларига мувофиқ равишда чизиб чиқдик. Ҳеч қандай қўшимча ҳажв йўқ эди,- дейилади ҳафтанома веб саҳифасида.

Charlie Hebdo ҳафталиги аввал ҳам бир неча марта Муҳаммад Пайғамбар карикатураларини чоп этган.

2007 йил Даниянинг Jyllands-Posten журналидан Муҳаммад Пайғамбар ҳажв қилинган 12 суратни кўчириб босгани мусулмон дунёсида катта норозиликларга сабаб бўлган эди.

Ўшанда Париждаги икки Ислом ташкилоти журнални ирқчиликда айблаб, судга берган, лекин маҳкама уларнинг талабини қондирмаган эди.

Ўтган йили сентябр ойида ҳам Charlie Hebdo Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган суратларни чоп этган ва бу дунё бўйлаб мусулмонлар ғазабига учраган эди.

Бунинг ортидан Франция ҳукумати айрим давлатлардаги ваколатхоналарини вақтинча ёпишга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG