Линклар

Янги йил арафасида, 31 декабр куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг иккита янги телеканали ўз кўрсатувларини намойиш қила бошлади. Бироқ, “Маънавият ва маърифат” ҳамда “Дунё бўйлаб” деб номланган каналлар кўрсатувларини фақат УзДижитал ТВ тюнерларидан фойдаланадиган аҳоли кўриши мумкин холос. Айни пайтда, янги ўзбек каналлар Россиянинг НТВ ва Россия-1 телеканаллари ўрнини эгаллагани УзДижитал ТВ муштарийларининг норозилигига ҳам сабаб бўляпти.


Янги йил арафасида иш бошлаган иккита телеканал кўрсатувларини аксарият ўзбекистонликлар томоша қила олмаяпти.

Озодлик суҳбатлашган тингловчилар уларнинг телевизорлари ҳали бундай каналлар тўлқинини қабул қила олмаётгани ҳақида гапирдилар:

- Биздаги оддий, томга қўйиладиган антена. Ўзбекистон телевидениесининг ҳамма каналларини кўрсатади. Бироқ, янги каналларни кўрсатмаяпти. Антенани у ёқ, бу ёққа ҳам айлантириб кўрдик, йўқ. Мана ҳозир ҳам қидириб кўряпмиз, тополмаяпмиз,- дейди ўртачирчиқлик Наримон.

Озодлик мухбири суҳбатлашган қибрайлик, самарқандлик ва бухоролик телетомошабинлар ҳам янги телеканалларни қидириб тополмаётгани ҳақида гапирдилар.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Тошкент шаҳрида ҳам бу каналлар кўрсатувларини фақат УзДижитал ТВ тюнерларидан фойдаланадиган одамларгина кўра оляпти, холос:

- Янги йил оқшоми қўшниларим норозилигини эшитдим. Уларнинг айтишларича, улар уланган УзДижитал ТВ тюнерларидаги НТВ ва Россия-1 каналлари ўрнига бу янги каналлар пайдо бўлибди. УзДижитал ТВ тюнерлари Ўзбекистонда Жанубий Корея билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади. Ҳозирча фақат шу хилдаги тюнерлари бор одамларгина кўряпти,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Айни пайтда, НТВ ва Россия-1 телеканаллари кабел телевидениесидан олиб ташлангани йўқ. Шунингдек, сунъий йўлдош антеннаси борлар ҳам бу каналларни бемалол томоша қилмоқда.

Ўтган йилнинг 30 июл куни “Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида рақамли телеканаллар сонини ошириш, улардан тўлиқ форматда фойдаланиш, сифатли бойитиш ва хизмат кўрсатиш тўғрисида”ги қарори асосида “Маънавият ва маърифат” ҳамда “Дунё бўйлаб” телеканалларининг ишга тушириш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Бу билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси каналларининг сони еттитага етди.

Биз Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан боғланиб, янги телеканалларнинг фаолияти ва уларни эфирга узатиш йўллари ҳақида маълумот олмоқчи бўлдик. Бироқ ўзини таништирмаган телевидение мулозими Озодликка бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

“Маънавият ва маърифат” ҳамда “Дунё бўйлаб” телеканаллари ўзбек телетомошабинларига кўпроқ маънавий озуқа бериш ва дунё мамлакатлари ҳақида кўпроқ маълумот бериш мақсадида яратилгани айтилади.

Бироқ, мустақил журналист Шароф Убайдуллаев фикрича, бугунги холис ахборот ва реал воқеликдан анча узоқ бўлган ўзбек телевидениеси каналлари ҳар қанча кўпайгани билан ҳеч нарса ўзгармайди:

- Бизни ТВга ҳозир 2 та янги канал қўшиладими ёки тўртта, буни ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки бу телевидение жамият фойдасига ишламайди. Мамлакатни, халқнинг дардини, ўй-хаёлларини акс эттирмас экан бундай телевидениенинг, унда ишлаётган одамларнинг ҳам обрў-эътибори бўлмайди. Шунинг учун ҳам 6000 киши ишлайдиган телевидениедан олтита одамнинг номини биров айтиб беролмайди. Бу жудаям оғир фожиа. У ерда ҳам профессионал одамлар бор. Лекин улар телевидение чегаралаб қўйган қобиғни ёриб чиқолмаяпти. Халққа, давлатга, жамитяга хизмат қилсин десак, сон ҳақида эмас, сифат ҳақида ўйлашимиз керак,- дейди мустақил журналист Шароф Убайдуллаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG