Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

Ўзбекистон Қирғизистон билан белгиланган чегара чизиғидан норози


Ўзбекистон томони Қирғизистон билан аввал аниқлаб бўлинган чегара чизиғини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг чегарани аниқлаш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандаров Озодлик радиосига берган суҳбати чоғида маълум қилди.

Озодлик: 2012 йили қўшни давлатлар билан чегарани аниқлаш масаласида қандай олға силжишлар бўлди? Музокаралар самарадорлиги сезилдими?

Искандаров: Ўзбекистон билан чегара масаласидаги музокараларни 2000 йилда бошлаганмиз. 12 йилдан бери музокаралар давом этмоқда. 2010 йил апрел воқеаларидан сўнг музокараларда узилишлар бўлиб қолди. Кейинроқ чегара масаласидаги сўзлашувларни жонлантириш таклифини киритдик. Ўзбекистон томони 2010 йилдан кейинги биринчи учрашувимиздаёқ аввал аниқлаб бўлинган чегаралар масаласини яна қайта кўриб чиқишни талаб қила бошлади. Ўзбекистон томонининг фикрича, айрим участкалардаги чегара ҳудуди нотўғри аниқланиб қолган. Биз бу таклифга, албатта, қарши чиқдик. Ўтган йил давомида ўтган учта учрашувда Ўзбекистон мана шу талабида қатъий туриб олди. Шундан сўнг биз айрим ҳудудлардаги чегара масаласини қайта кўриб чиқишга розилик бердик.

2012 йилги музокаралар чоғида чегарани аниқлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон комиссияси 27 ҳудудни бориб кўрди. Бу ҳудудлар масаласига аниқликлар киритилди. 2013 йилда мазкур ҳудудларда чегарани аниқлашимиз керак.

Аммо Ўзбекистон комиссияси таркибининг тез-тез алмашиниб туриши музокаралар самарадорлигини сусайтириб юбораяпти. Масалан, куни-кеча биз Ўзбекистондан нота олдик. Унда айтилишича, чегарани аниқлаш комиссиясининг таркиби 90 фоизга янгиланибди.

Озодлик: Қайси ҳудудлар масаласи юзасидан Ўзбекистон билан тил топишиш қийин бўлаяпти?

Искандаров: Ўзбекистон томонининг талабига кўра, биз уларга Косонсой сув омборини, Ғовасой участкасини, Кампиробод сув омборини, Бурганди массивидаги нефт ва газ конлари мавжуд бўлган барча ҳудудларни ўтказиб беришимиз керак. Биз бунга ҳеч қачон рози бўлмаймиз.

Ўзбекистон билан ўртамизда баҳсли ҳисобланган 58 ҳудуд бор. Биз ҳар бир ҳудуд масаласида ўз позициямизни билдирганмиз. Ўзбекистон томонининг эса ўз позицияси бор.

Бироқ баҳсли ҳудудлар масаласини ҳал этилиши махсус чўзиб келинаяпти. Чунки бу уларга фойдали. Яъни Бурганди масаласи қанчалик кеч ҳал этилса, Ўзбекистон томони бу ердаги нефт ва газ конларидан шунча кўп фойда топади.

Озодлик: Бугунги кунгача ўзбек-қирғиз чегарасининг неча километри аниқланди?

Искандаров: Ўзбекистон билан чегарамизнинг умумий узунлиги 1378 километр. Бу рақам чегара бутунлай аниқланиб бўлгач яна ўзгариши мумкин. Чунки қандайдир ҳудудлар билан алмашинишимиз, қайсидир ҳудуд Ўзбекистонга, қайсидир ҳудуд Қирғизистонга ўтиб қолиши мумкин. Шу кунгача чегаранинг 1007 километри аниқланди. Аниқланмаган ҳудуд 315 километрга тенгдир. Бу чегара ҳудудининг 23 фоизини ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG