Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:13

Тошкент ва Душанбе яна бир-бирини айбламоқда


Тожикистон расмийлари ўз ҳудудига Туркия ва Эрондан келаётган юк машиналарини 2013 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистон томони ўтказмай қўйганини иддао қилмоқда. Бу каби иддао Ўзбекистон вакилларида ҳам бор.

Тожикистон транспорт вазири Низом Ҳакимов 2 январ куни Озодликнинг тожик хизматига берган интервюсида Ўзбекистон Туркия ва Эрондан келаётган юк машиналарини Тожикистонга ўтказмаётгани борасида мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига мактуб йўллагани ва ҳукуматдан хориждан келаётган юкларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга тўсқинликсиз кириб келишига кўмаклашишни илтимос қилганини маълум қилди.

Вазир Ҳакимов Ўзбекистон, Туркия ва Эрон ўртасида транзит борасидаги шартнома муддати битгани, шу важдан ўзбек расмийлари ўз ҳудуди орқали бу мамлакатлардан келаётган юк машиналарини ўтишига тақиқ қўйганларини билдирди.

Вазир Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги битим ҳали ҳам амалда бўлгани учун тақиқ Тожикистон юк машиналарига дахл этмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Туркия ва Эрон Тожикистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорлари бешлигига киради ҳамда бу мамлакатлар билан мол айирбошлаш автойўл ва темир йўл орқали амалга оширилади.

Айни пайтда Ўзбекистон томонидан ҳам тожик чегарачилари ва божхоначилари номига эътирозлар янграмоқда.

Хусусан, 12news.uz сайтининг ёзишича, янги йил арафасида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари юридик жиҳатдан Ўзбекистонга қарашли бўлган Бекобод шаҳри ҳудудига олиб кетилаётган гуманитар юкни ўтказмаганлар.

Нашрга кўра, кўмир, картошка, мева-сабзавот, болалар учун канцелярия моллари, китоблар ва янги йил совғаларидан иборат бу юкни Тожикистон божхоначилари контрабанда моли, дея ўтказмаган.

Аввал Горний ва Плотина посёлкалари деб номланган, ҳозирда Қўзибоев ва Жомий маҳаллалари деб юритилувчи бу аҳоли пунктлари 60-йилларда Ўзбекистонга ўтказиб берилган, бу жойлар учун Ўзбекистон ҳам бу посёлкалар майдонига тенг ерни Тожикистонга тақдим қилгани айтилади.

“2000 йил баҳорида Ўзбекистон ва Тожикистон вакиллари ўртасида давлат чегарасининг бу участкасидан ўтишга ойдинлик киритиш юзасидан музокаралар бўлиб ўтиши лозим эди. Бироқ бу музокаралар ҳалигача ўтказилгани йўқ”, - дея қайд этади нашр.
XS
SM
MD
LG