Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:18

Ўзбекистон солиқ энг юқори бўлган давлатлардан бири


Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси ва PricewaterhouseCoopers аудиторлик компанияси дунё давлатларида солиқ тўлаш бўйича вазиятни таҳлил қилиб¸ Ўзбекистонни солиқ энг юқори бўлган давлатлар рўйхатига киритди.



“Солиқ тўлови 2013 - Глобал манзара” деб номланган ҳисобот аҳоли сони тўрт миллиондан кўп бўлган давлатларда ўрта ва кичик ширкатлар учун белгиланган солиқларни таҳлил қилиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар асосида тузилган.

185 мамлакатдаги солиқ тўлаш бўйича вазият таҳлил қилинган ҳисоботда Ўзбекистон солиқ миқдори энг юқори бўлган мамлакат сифатида 161-ўринни эгаллаган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда умумий солиқ ставкаси 98,5 фоизни ташкил этади. Шундан 0,9 фоизи фойда солиғи, 28,2 фоизи ижтимоий солиқлар ва 69,4 фоизи бошқа турдаги солиқлардир.



PricewaterhouseCoopers аудиторлик компанияси мутахассиси Павел Ҳерманский Ўзбекистонда жорий қилинган солиқ миқдори ҳақида гапирар экан, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори эканиин қайд этади.

- Бу юқори кўрсаткичдир. Чунки, Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатларида умумий солиқ ставкаси ўртача 41,3 фоизни ташкил қилади,- дейди PricewaterhouseCoopers Павел Ҳерманский.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон умумий солиқ ставкаси бўйича энг паст кўрсаткичга эгадир. Бу мамлакатда умумий солиқ ставкаси 28,6 фоизни ташкил қилади ва Қозоғистон дунё бўйлаб рўйхатда 17-ўринни эгаллаган.

Қирғизистон эса 68,9 фоиз билан 169-ўрин, Тожикистон 85,9 фоиз билан 174-ўринга қўйилган.

Рўйхатдаги ўринлар ҳар бир давлатдаги ўрта ва кичик ҳажмдаги ширкатлар учун солиқ тўлашнинг нақадар осонлиги, уларнинг йил давомида неча марта солиқ тўлаши, тўловлар учун қанча вақт сарфланиши ва неча фоиз солиқ давлатга тўланиши каби меъзонларга қараб ҳам белгиланган.

Ўзбекистонлик тадбиркорлардан бири Баҳтиёр Жуманиёзов фикрича, мамлакатда ўрта ва майда ширкатлар учун давлат томонидан белгиланган солиқ ставкаларининг юқорилиги ширкатлар ривожи ва истиқболи учун қўйилган катта тўсиқдир.

- Солиқлар ҳақиқатан юқори. Фойдамизни тўқсон фоизидан кўпи солиққа кетаётгани тўғри. Бундан ташқари, бер-бер, деб келадиганлар бор. СЭСдан келади, солиқдан келади, пожарнийдан келади. У нарсани қурилиши учун тўлайсан, дейди. Тўламай кўрингчи. Шу солиқни туширса, бизнес ривожига йўл очилган бўлар эди,- дейди тадбиркор.

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2013 йилги солиқ сиёсатида асосий эътибор хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юкини янада пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилади.

Ҳозир Ўзбекистонда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ва ижтимоий солиқ турлари мавжуд.

Лекин, солиқ ставкалари борасида Давлат солиқ қўмитаси расмий сайтида рақамлар келтирилмаган.

Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси ва PricewaterhouseCoopers аудиторлик компанияси эълон қилган “Солиқ тўлови 2013 - Глобал манзара” ҳисоботи бўйича ҳам Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси расмийларидан муносабат олиш имкони бўлмади.

“Солиқ тўлови 2013” номли ҳисоботда Малдив ороллари, Қатар, Ҳонконг, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Ирландия, Саудия Арабистони, Уммон, Янги Зеландия ва Кирибати солиқ тўлови энг яхши йўлга қўйилган давлатлар деб тан олинган.

Ҳисоботда ўрта ва кичик ҳажмдаги ширкатларнинг умумий солиқ ставкалари ҳам ўрганиб чиқилган. Унга кўра, дунё бўйича ширкатлар ўз даромадининг ўртача 48,3 фоизини давлатга турли солиқ шаклида тўлайди.

Бу кўрсаткич Европа Иттифоқида ўртача 44,5 фоизни ташкил этади. АҚШда ширкатларга белгиланган умумий солиқ ставкаси 46,3 фоиздир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG