Линклар

Венесуэла президенти соғлиги ёмонлашгани айтилмоқда


 Венесуэла Президенти Уго Чавес.

Венесуэла Президенти Уго Чавес.

Боливия Президенти Эво Моралес Венесуэла Президенти Уго Чавеснинг аҳволи “жуда хавотирли” бўлиб қолмоқда, дея маълум қилди. Моралес Чавеснинг ҳаққига дуо қилиш унинг ҳаётини сақлаб қолишига умид билдирди. Айни пайтда, Венесуэла мухолифати ҳукуматни Чавеснинг соғлиги ҳақида “ҳақиқат”ни ошкор қилишга чақирди.



Саратон касаллигига чалинган Уго Чавес 11 декабр куни Кубадаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганидан бери касалхонада қолмоқда.

Венесуэла раҳбари 2011 йил ўрталарида саратонга чалинганидан бери тўртинчи марта операция қилинди. 58 ёшдаги Чавес ўтган ой бошида операция қилинганидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.



Чоршанба куни Эво Моралес Венесуэла президентининг оила аъзолари билан сўзлашганини билдирди.

- Биродаримиз, президент Уго Чавеснинг аҳволи жуда хавотирли. Яқин фурсатда оёққа туриб бизга қўшилишига умид қиламиз. Аммо унинг аҳволи жуда хавотирли. Мен унинг оила аъзолари билан сўзлашдим. Мен вице-президент билан сўзлашдим. Мулоқот оғир бўлди. Биродаримиз, президент Уго Чавеснинг ҳаққига дуо қилиш унинг ҳаётини сақлаб қолишига умид қиламиз, деди Боливия президенти.

Ҳукумат вакиллари октябрда қайта президент этиб сайланган Уго Чавес 10 январга белгиланган инаугурация маросимигача мамлакатга қайта олмаслиги мумкинлигини тан олди.

Чоршанба куни пойтахт Каракасда мухолифатдаги Демократик Иттифоқ коалицияси мамлакат вице-президенти Николас Мадурони президентнинг соғлиги ҳақида жамоатчиликка маълумот бериш масъулиятини ўз зиммасига олишга чақирди.

Демократик Иттифоқ коалицияси раҳбари Рамон Авеледи ҳукумат шу пайтгача президент соғлиги ҳақида етарли маълумот бермаганини таъкидлади.

- Ҳукумат бериши шарт бўлган маълумотни бермаслиги кечирилмас хол. Вице-президент (Мадуро) вазият қандай бўлишидан қатъий назар ҳақиқатни айтишни ваъда қилган эди. У президент соғлиги ҳақида бор гапни айтиши керак, деди Венесуэла мухолифати лидери.

Охирги жарроҳлик операциясига кетаётган пайтда Уго Чавес венесуэлаликларга ишга лаёқатсиз бўлиб қолса, президент вазифасини Мадуро қабул қилишини баён қилган эди.

Агар Чавес оламдан ўтса ёки истеъфога чиқса, 30 кун ичида сайлов ўтказилиши керак.

Венесуэла конституциясига мувофиқ президентлик муддати 10 январ куни бошланиши шарт. Бироқ конституцияда агар сайланган президент ўша куни ўз вазифасини бажара олмаса, ҳокимият кимга ўтиши аниқ кўрсатилмаган. Уго Чавес 2012 йил октябр ойида қайта президент этиб сайланган эди.

Венесуэла армиясининг собиқ подполковниги Уго Чавес бошчилигидаги ҳукумат нефт экспортидан тушган даромаднининг бир қисмини соғлиқни сақлаш ва маориф соҳаларини ривожлантириш дастурларига сарфлагани учун аҳолининг камбағал қисми уни қўллаб-қувватлайди.

АҚШ сиёсатини тез-тез танқид қилиб келган Чевес Кубанинг собиқ раҳбари Фидел Кастрога яқин дўст сифатига кўрилади.

Чавес Ғарб давлатлари шубҳа билан қарайдиган ҳукуматлар, жумладан, Эрон ва Беларус билан итифоқ тузишга уринган.

Уго Чавес ҳукумати Венесуэла армияси учун Россиядан катта миқдорда қурол-аслаҳалар сотиб олган.

XS
SM
MD
LG