Линклар

logo-print

Депардье солиқдан қочиб Россиядан фуқаролик олди


Россия Президенти Владимир Путин француз актёри Жерар Депрадье билан шахсан таниш.

Россия Президенти Владимир Путин француз актёри Жерар Депрадье билан шахсан таниш.

Россия президенти Владимир Путин таниқли француз актёри Жерар Депардьега Россия фуқаролигини берди. Жерар Депардье бадавлат французларга солиқлар оширилишига оид ҳукумат режасига норозилик ўлароқ, ўтган йилнинг декабр ойида Франция фуқаролигидан воз кечиши ҳақида баёнот берган эди.



3 январь куни Россия Президенти Владимир Путин Франциянинг машҳур кино юлдузи Жерар Депардьега Россия фуқаролигини бериш ҳақидаги фармонга имзо чекди:

“Россия Конституцияси 89-моддасининг “а” пунктига мувофиқ Францияда 1948 йилда туғилган Депардье Жерар Ксавиенинг Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилиш ҳақидаги аризаси қондирилсин”, дейилади Россия президентининг расмий Интернет сайтида эълон қилинган фармонда.

Янги йил арафасида Жерар Депардье бадавлат францияликларга солиқларни ошириш режаларини эълон қилган Франция ҳукумати, хусусан, Бош вазир Жан-Марк Эро билан жанжаллашиб қолган ва француз паспортини топшириб, Белгияга кўчиб кетажагини билдирган эди.



Францияда йилига 1,3 миллион евродан ортиқ даромад кўрадиган фуқароларга 75 фоизлик солиқни кўзда тутувчи ҳукумат режаси эълон қилинган. Франция Конституциявий кенгаши декабр охирида ҳукуматнинг солиққа оид режаларига вето қўйди. Лекин Депардье Францияга қайтиш нияти йўқлиги айтмоқда.

20 декабр куни Россия президенти ўтказган йиллик матбуот анжуманида, Путиндан “Депардье фуқаролик сўраса, берасизми?” деб сўрашганида у:

"Агар Жерар ҳақиқатдан ҳам Россияда яшаш учун рухсат ёки Россия паспортини олишни истаса, унда бу масала ҳал бўлди ва ижобий ҳал бўлди, деб ҳисоблашимиз мумкин", дея таъкидлаган эди.

21 декабр куни Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Жерар Депардьени Россияга таклиф қилди:

“Депардье келаверсин, ҳар ҳолда бизда 13 фоизлик даромад солиғи жорий қилинган ва биз уни йўқ қилмоқчи эмасмиз”, деди Дмитрий Медведев.

Жерар Депардье ўзини “дунё одами” деб билади.

Франция Бош вазири Депардьенинг қўшни Белгияга кўчиб ўтганини “нафратланишга лойиқ пасткаш” ҳаракат дея атаганидан сўнг Депардье фуқароликдан воз кечишини билдирган эди. Актёрнинг айтишича, сўнгги 45 йил давомида у мамлакат хазинаси учун жами 145 миллион евро миқдорида солиқ тўлаган ва ўз мажбуриятидан ҳеч қачон бўйин товламаган.

Франция ҳукумати социалист президент Франсуа Олланд ташаббуси билан 2013 йилда бадавлат фуқаролар йиллик даромаднинг 75 фоизини солиққа тортишга оид “солиқ бойлар учун” тартибини жорий қилиш режасини эълон қилган.

Жерар Депардье сўнгги ойларда солиқ сиёсати туфайли мамлакатдан қочган ягона бой эмас. Ундан аввал дунёнинг энг бой одамларидан бири Бернар Арно Белгияга, машҳур композитор Жан-Мишель Жарре эса Буюк Британияга кетган эди.

Жерар Депардье турли жанжал ва шов-шувларга аралашиб, тез-тез жамоатчилик диққат марказига тушади.

2012 йилнинг октябр ойида машҳур француз актёри Жерар Депардье Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова сценарийси асосида суратга олинажак филмда кичик роллардан бирини ижро этишга рози бўлган.

Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистонга сафари давомида Депардье Гулнора Каримованинг яна бир лойиҳасида иштирок этган ва Гулнора куйлаган "Небо молчит" қўшиғида президентнинг қизи ёзган шеърни ўқиган.

Франция маҳкамаси томонидан "диктатор" дея тан олинган президент қизи билан Жерар Депардьенинг ҳамкорлик қилиши халққаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қаттиқ танқидларга учради.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари француз кино юлдузи Жерар Депардьени шафқатсиз ўзбек диктаторининг қизи қаламига мансуб сценарий асосида олинажак филмда рол ўйнамасликка чақирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG