Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:22

Қамбарота-1: Баҳслар тугагани йўқ


Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасининг техникавий-иқтисодий асослантиришини ишлаб чиқиш юзасидан очиқ танлов эълон қилинди. Айни пайтда Қирғизистон парламенти депутатларининг бур гуруҳи ГЭСни қуриш юзасидан эришилган шартномалар қирғиз давлатчилиги манфаатларига зид эканини айтмоқда.

“Регнум” ахборот агентлигининг хабар беришича,техникавий-иқтисодий асослантиришини ишлаб чиқиш юзасидан танловда буюртмачи сифатида “Қамбарота-1 гидроэлектрстанцияси» ширкати, танлов ташкилотчиси сифатида эса Россиянинг «Интер РАО – Ҳаридларни бошқариш маркази» қатнашмоқда. Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши ҳам “Интер РАО”ширкати томонидан амалга оширилади.

Тендернинг асосий талабларидан бири – ГЭС қурилиши лойиҳасининг Ўзбекистон ва Қозоғистон табиатига трансчегаравий таъсирини баҳолаш, шунингдек, ушбу таъсир кўламини камайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.

Ўзбекистон Бош вазирининг муовини Рустам Азимов ўтган йилнинг декабр ойида Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш ҳақида Россия билан келишиб олинганини ва бу борада протокол имзоланганини билдирган эди. Бу мавзу Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссияси йиғини чоғида кўтарилган.

Айни пайтда Қамбарота-1 ГЭСИ қурилиши юзасидан имзоланган шартномаларни тасдиқлаш масаласини муҳокама қилаётган Қирғизистон парламенти депутатларининг бир гуруҳи мазкур гидроиншоот юзасидан Россия билан эришилган келишимлар қирғиз томони манфаатларига зид эканини айтишмоқда.

Парламент депутати Ўмурбек Абдраҳмоновга кўра, шартномага мувофиқ деярли 2 миллиард доллар сармоя эвазига барпо этиладиган Қамбарота-1 ГЭСи ўзини оқлагунига қадар Россия бошқарувига берилади. Бундан ташқари ГЭС акцияларининг 75 фоизига ҳам Россия эгалик қилади.

Ўмурбек Абдраҳмонов бу орқали Россия минтақадаги сув назоратини қўлга киритади ва Қирғизистон билан “катта ака” қатори муомила ўрнатади, деган фикрда.

-Келажакда сув сиёсатнинг дастаги бўлиб қолади. Яқиндагина Россия ҳукумати Ўзбекистон расмийлари билан Қамбарота-1 масаласини муҳокама қилди. Аммо бу учрашувга қирғиз томонидан бирор вакил чақирилмади, - деди Ўмурбек Абдраҳмонов.

Бундай фикрдаги депутатлар Қирғизистоннинг Россия билан ГЭС масаласида имзолаган шартномаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишни талаб қилмоқда. Аммо парламентдаги кўпчилик депутатлар бу таклифни қўллаб-қувватламади. Уларнинг айтишларича, Россия Қамбарота-1 ГЭСини ўз пулига қуради ва ундан сарфланган ҳаражатларини қайтариб олгунига қадар фойдаланади. Қирқ йилдан сўнг эса Қамбарота-1 ГЭСи Қирғизистон ихтиёрида қолади. Шунинг учун депутатлар бу лойиҳани Қирғизистон учун фойдали деб ҳисоблайдилар.

Бундай фикрга мустақил иқтисодий таҳлилчи Расул Умбеталиев ҳам қўшилади.
-Йигирма йилдан бери Қирғизистонга катта миқдордаги сармоя ётқизилган эмас. Кескинроқ қилиб айтадиган бўлсам, бу шартларга кўнишга мажбурмиз. Акс ҳолда Қирғизистоннинг ўзи бу иншоотни барпо эта олмайди, -деди Расул Умбеталиев.

Россия 2012 йилнинг сентябр ойида Қамбарота -1 ГЭСини Қирғизистон билан ҳамкорликда қуриш юзасидан шартномани имзолаган эди. Қамбарота -2 ГЭСининг 200 миллион долларга қурилган илк агрегати эса 2010 йилнинг 30 августида ишга туширилган.
XS
SM
MD
LG