Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:09

Зуҳриддин Туркистоний: Ватанга боришдан маҳрум қилди


Ўттизинчи йиллардаги қатағон даврида, икки ёшлигида ота-онаси билан Ўзбекистондан Афғонистонга қочиб, кейин Саудия Арабистонида бошпана топган ва айни пайтда ушбу давлат фуқароси бўлган асли андижонлик 83 яшар Зуҳриддин Туркистонийни киндик қони тўкилган Ўзбекистонга киритишмаяпти.



83 ёшли Зуҳриддин Туркистоний беш йилдан буён Эр-Риёддаги Ўзбекистон элчихонасига виза беришларини сўраб, мурожаат қилишини, лекин шу пайтгача унга виза беришмаётганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Бешинчи йилга ўтаяпти, бу масала ҳал бўлмаяпти. Мен бу масалани чиройли ҳал бўлишини истар эдим, чунки биз Ўзбекистоннинг мустақил бўлишини чин-дилдан хоҳлаган инсонларданмиз,- дейди Туркистоний.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён Зуҳриддин ота ҳар йили уч-тўрт ой она ватанида бўлиб қайтиши, у ерда мол-мулки, уй-жойлари, ширкат-дўконлари қолганини айтади.

- Ҳар йили бориб келар эдим. Узоқ муддатли виза беришар эди. Қибрайда бир нечта уй-жой, ерлар сотиб олганман. Дарахтлар экканман. Тижоратни ҳам йўлга қўйгандим. 2007 йилда охирги марта борганимдан сўнг виза бермаяпти, сабабини ҳам айтмайди, рад ҳам қилмайди, яхши муомила қилади. Элчининг ўзлари ҳам ҳурмат қилади, лекин ”юқоридан бўлмаяпти” деган гапни айтишади,- дейди Зуҳриддин Туркистоний.

1931 йилда, Зуҳириддин Туркистоний икки ёшдалигида, уни ота-оналари қўлида чақалоғи билан коммунистлар режимидан қочиб Қашқарга, кейин Ҳиндистоннинг Кашмир ўлкасига, у ердан эса Қобулга ўтишган.

- Отам Мирзо Обиджон савдогар бўлган. Уни коммунистлар қулоқ қилишганидан сўнг, қочишга мажбур бўлган. Кобул, Пешавор шаҳарларида яшаб савдогарлик ишларини давом эттирди. Бир неча йил Афғонистонда яшаганимиздан сўнг Саудия Арабистонига кўчдик. 63 йилдан буён шу мамлакатда яшайман, етти фарзандим, набираларим бор. Бу ерда жуда яхши ишларим бор, фарзандларимни ҳаммасини Европа ва Американинг етакчи олийгоҳларида ўқитдим, ҳаммаси етишган. Биз бу ерда жуда тинчмиз. Лекин, у ёққа яъни Ўзбекистонга боғлиқлигимиз, ота-онамизнинг юрти бўлганлиги учун, киндик қонимиз тўкилган юрт бўлганлиги учун интиламиз,- дейди Зуҳриддин ота.

Зуҳриддин Туркистоний Германияда 1950-йилларда тузилган Миллий Туркистон Озодлиги ҳаракатининг фаолларидан бири бўлган.


Зуҳриддин Туркистоний қўрбоши Шермуҳаммадбекнинг ўғли Даврон билан
Зуҳриддин Туркистоний қўрбоши Шермуҳаммадбекнинг ўғли Даврон билан
- Ўша йиллари Вали Қаюмхон, доктор Боймирза Ҳайит, Эргаш акалар билан ишбирлиги қилиб, ишлаганман. Вали Қаюмхон билан 1957 йилда Саудия Арабистонида илк бор учрашганмиз. У киши бу ерга келган, Саудия подшоҳлари билан учраштирганмиз. Бу ҳаракатга бутун моддий ёрдамларни мен юбориб турар эдим. Мақсадимиз Туркистоннинг озодлиги эди. Она-ватанимиз озод бўлса, ўша ердаги халқлар зулмдан қутилади, деган мақсадда ишлаганмиз,- дейди Туркистоний.

Қарийб олтмиш йиллик айроликдан сўнг, Ўзбекистон мустақил бўлганида Зуҳриддин Туркистоний киндик қони тўкилган ватанига илк бор қадам босди.

- Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг 1991-1992 йиллар эди, Боймирза Ҳайит билан Ўзбекистонга бирга борганмиз Истанбулдан. Ўшанда Боймирза Ҳайитни чиқиб кетишларига буйруқ келди ва у чиқиб кетди. Мен қолдим у ерда. Менга бир нарса дейишмади,- дейди Туркистоний.

Энди Зуҳриддин отани ҳам Ўзбекистонга киритишмаяпти.

- Виза беришмаётганининг сабабларидан бириси, шу миллий ҳаракатлардаги фаолиятим бўлса керак. Иккинчиси, айтишадики, бу Саудия Арабистонидан келганлар исломчи, "бизга бу тўғри келмайди", дейдиган оқ соч одамлар бор ўша ерда. Мен Ўзбекистоннинг сиёсатига, давлатига қарши гапирган жойим йўқ. Қўлимдан келганча ёрдам қилган одамман мен. Шу ёшга кирибман мени ватанимга боришликдан маҳрум қилиб қўйишди,- дейди 83 яшар Зуҳриддин Туркистоний.

Озодлик Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонасига ҳам боғланди. Ўз исмини айтмаган элчихона расмийларидан бири Зуҳриддин ота масаласида изоҳ бера олмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG